15 ёшли жиянини 20 млн сўмга сотаётган аёл қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
13 Июнь
12668Жорий йилнинг 11 июнь куни Самарқанд вилоятида 15 ёшли жиянини 20 млн сўмга сотаётган аёл қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Каттақўрғон туманида яшовчи 2 нафар аёл вояга етмаган 15 ёшли болани 50 млн сўмга сотмоқчи бўлиб, пул талаб қилаётганини баён қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрган ва мазкур аёллар билан ўртада бўлиб ўтган аудио ёзувни тақдим этган.
Ушбу ариза асосида 11 июнь куни Самарқанд тумани ИИБ тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бўлинмаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аёллардан бири SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмаси Самарқанд филиалида тарбияланаётган жияни учун 20 млн сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ўз боласини 62 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинганди. Суд уни Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.