15 мартдан Ўзбекистонга келаётганлардан антиген экспресс тест талаб қилиш тўхтатилади
Жамият
−
14 Март 2021
7104Кеча, 13 март куни Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартибини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади.
Янги тартиб бўйича:
• ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали ташриф буюраётган шахслар Ўзбекистон Республикасига келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;
• автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахслар томонидан сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этилганда ёки ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.
Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши талаб этилади.
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.
Шу билан бирга мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи лабораториялар – яъни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш бўйича топшириқ берилди.
Масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди.
LiveБарчаси