15 мамлакат Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини олмоқчи

Олам

image

Дунёнинг яна 15 мамлакати Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи бўлиш истагини билдирмоқда. Бу ҳақда Ташкилот Бош котиби Бағдод Амриевнинг Қозоғистоннинг “Exclusive” нашрига берган интервьюсида сўз боради. 

Амриевга кўра, халқаро ҳамжамият Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши (таҳр. – собиқ номи) фаолиятини синчковлик билан кузатиб борган ва фаол муносабат билдирган. Бу эса душманлик кайфиятида бўлмаган. Кўпчилик сиёсий таҳлилчилар Туркий кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилишини Евроосиё маконидаги “янги геосиёсий воқелик” сифатида баҳолаган. 

“Ташкилотимиз 12 йил аввал ташкил этилган. Бу даврда ташқи дунё билан боғлиқ муаммолар ва фаолиятимиз юзасидан шикоятлар бўлмади. Аксинча, ташкилотимизга қизиқиш катта – 15 давлат кузатувчи бўлиш ниятини билдирган”, дейди Бош котиб. 

Амриев сўзида давом этаркан, ташкилотга аъзо давлатларни нафақат муштарак тарих, балки бугунги даврга мос замонавий ҳамкорлик ҳам боғлаётганини урғулайди: 

“Ташкилотимизга аъзо давлатлар қардош халқлардир. Уларни нафақат умумий этник ўзига хослик, тил, маданият, маънавий қадриятлар ва анъаналар, балки тарих, география, иқтисод, ахборот майдони ҳам бирлаштиради. Бинобарин, туркий давлатларнинг умумий манфаатларини ифодаловчи универсал платформанинг яратилиши жуда мантиқий қадамдир”. 

Суҳбатда қайд этилишича, тинчлик ва барқарорликни сақлаш, глобал исиш, пандемия, терроризм ва экстремизм каби замонавий муаммолар олдида туркий мамлакатларни бирлаштириш бугунги давр талабидир.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига нисбатан қизиқишнинг ортиб бораётгани ташкилот тўғри йўлда эканлиги, яхши обрў қозонаётгани ва дунё билан конструктив муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлганидан далолат беради.

Амриев ташкилотга аъзо ва кузатувчи бўлиш истагидаги мамлакатлар хусусидаги фикрига шундай якун ясайди:

“Гарчи биз ҳаммани қабул қила олмасак ҳам бу бизни жуда хурсанд қилади. Туркий давлатлар ташкилоти жуда ижобий давлатлараро бирлашма”. 

Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2009 йилда Нахичеван битими билан Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Қирғизистон бошчилигида асос солинди. Ўзбекистон орадан 10 йил ўтиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида Кенгаш аъзолигига кирди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди ва Туркманистон кузатувчи давлат мақомини олди. Айни вақтда ташкилот байроғи Европада ҳам ҳилпирамоқда. Венгрия аллақачон ушбу ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

408

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг