15 кунлик ўйлар ёхуд оқ халат кийган “аскарлар”га муносабат қачон ўзгаради?
Таҳлил
−
30 Март 2020
9727Ҳаётда ҳеч қачон икки касб эгалари хато қилмасин, дейишади. Буларлан бири шифокор бўлса, иккинчиси ҳуқуқшунослардир. Иккиси ҳам бевосита инсон тақдирига таъсир ўтказади. Шифокор хато қилса, беморнинг ҳаёти, соғлиғи хавф остида қолади. Агар ҳуқуқшунос хато қилса, инсон номи қора бўлиши ёки мол-мулксиз қолиши каби нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Бу икки касб ичида ҳам шифокорлик нозикроғидир. Лекин биз бу касб эгаларини эъзозладикми?
Шифокор бўлиш машаққати: кўпроқ йил, қимматроқ контракт
Шифокорликдаги қийинчиликлар Гиппократ қасами ичилишдан олдин, бу касбни эгаллаш нияти пайдо бўлган ондан бошланади.
Ўқув йиллари
Билим йўлида бошқа касбларга нисбатан бўлғуси шифокорлар кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келади. Бу бошқаларга нисбатан кўпроқ умр, маблағ, сабр сарф этилиши лозим деганидир. Сиз шифокор бўлишни хоҳладингизми? Марҳамат, энг аввало юрист, инженер, педагог, агрономдан кўра 2-3 йил кўпроқ ўқишингиз керак.
Бир неча йил муқаддам бакалавр дипломини олиш учун аксарият олийгоҳларда 4 йил ўқишингиз талаб этиларди. Бироқ шифокорлик учун сиз 7 йил кўз нурингизни бағишлашингиз даркор. Бу бир қарашда оддий рақамлардек туюлар, лекин инсон умрининг энг қизғин ва ҳал қилувчи йилларидир. Олийгоҳдаги ўқиш муддатлари янги ҳукумат даврига келиб қисқартирилди. Лекин шунда ҳам тиббиёт институтларида ўқиш бошқалардан кўпроқ.
Қимматроқ контракт
Тиббиёт соҳаси талабалари аксарият йўналишларга нисбатан кўпроқ шартнома тўловини тўлайди. Тиббиёт олийгоҳларида 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 21 баробари билан тенг миқдорида контракт тўлови тўлаш белгиланди. Ваҳоланки, бу миқдор мамлакатдаги энг юқори контракт суммаси белгиланган касблар юриспруденция, жаҳон иқтисодиёти, жаҳон сиёсати (МҲТЭКМ 22 баробар) каби йўналишлардан бироз камроқ, холос.
Бу нотенглик, ҳатто, халқ орасида супер-контрактлар деб аталувчи тўловлар учун ҳам тааллуқлидир. Бу тўлов аксарият йўналишлар учун конракт миқдорининг 10 баробари этиб белгиланган. Мисол учун, сув хўжалиги ва мелиорация соҳаси бўйича:
• йиллик контракт тўлови –8,9 миллион сўм;
• супер-контракт – 89 миллиондан ортиқроқ (контрактнинг 10 баробари).
Тиббиёт соҳаси бўйича талаба бўлмоқчи бўлган абитуриент учун супер-контракт миқдори контракт суммасининг 20 баробари, яъни 223 миллион сўм ҳисобланади.
Ёш ўтиши
Кўпроқ умр сарф этилиши кўпчилик ёшларнинг касб танлашда энг муҳим омиллардан биридир. Ўртача олганда 20 ёшда олийгоҳга қабул қилинган талаба 26 ёшда бакалавр, 28 ёшда магистрлик даражасига эга бўлади. Айни кучга тўлган, ишлаб пул топиши, оиласига ёрдам қўлини чўзиши керак бўлган йигит ёки қиз қўлида папкасини кўтариб юришга маҳкум. Лекин бу касб шунга арзийдими? Ўзининг шифокорлик учун қобилиятим бор деб ҳисоблаётган ёшлар бунга ҳам кўнади.
“Диплом”дан кейинги машаққатлар
Узоқ йўллик машаққатдан сўнг, қўлингизда диплом турибди. Энди сиз шифокорсиз. Ўз йўналишингиз бўйича бир беморга ёрдам бера оласиз. “Шифокорман, шунча йиллик меҳнатим эвазига энди кўкрагимга шамол тегади” деб турган вақтингизда бакалавр дипломи билан УАШ лавозими сизга мунтазир.
УАШ бу – умумий амалиёт шифокори. Бу тиббиётда энг қуйи лавозимлардан бири бўлиб, ҳар бир врач бошидан ўтказади. Аҳоли учун умумий поликлиникада ҳар қандай енгил ишларни бажариб, чуқур текширувлар қила олмайди. Агар бакалаврдан сўнг, ординатура ёки магистратура даражасида малакага эга бўлмаса, УАШлик бутун умр давом этиши мумкин. Ҳозирги кунда ўртача битта УАШ 1 миллион сўм атрофида маош олиши мумкин. Эътибор қаратинг, бир йилга 10 миллион сўм атрофида контракт тўлаб 6 йил ўқийсиз, лекин битиргандан сўнг 1 миллион сўмдан ошиқроқ ойлик маош...
Ўтган 30 йил давомида кўплаб ижтимоий соҳалар қатори тиббиётга эътибор ҳам ҳаминқадар даражага тушиб кетди. Бу вақтда баъзи давлат шифохоналарида гипсни ҳам ўз ҳисобидан сотиб олаётган шифокорларни шахсан ўз кўзимиз билан кўрдик.
Биламизки, тиббиёт кун сайин эмас, соат сайин ривожланиб бормоқда. Шу нуқтаи-назардан, ҳар бир шифокор тез-тез ўз малакасини ошириб бориши лозим. Аммо, малака ошириш ҳам маълум харажатларни талаб қилади.
“Малака оширишга кетадиган харажатларни давлат шифохонасида ишлайдиганларга давлат ўзи тўлаб беради. Шунда ҳам Тошкентга боргандаги сарф-харажатга 2-3та ойлигинг кетиб қолади. Агар хусусий шифохонада ишласанг, малака оширишга пулни топиш мушкул”, дейди биз билан суҳбатлашган исми сир қолишини хоҳлаган шифокорлардан бири.
Жамиятдаги ақлсиз муштумзўрлар
Ўтган икки йилни сарҳисоб қилсак ҳам соғлиғимиз посбонлари кўплаб ҳужумларга, тажовузларга учради. Бир бемор онаси ҳамширани қувлаб урса, яна бири ёқиб юбормоқчи ҳам бўлди. Кўп шифохоналарга борсангиз, тиббиёт ходимларига нисбатан номақбул муносабатни кўришингиз мумкин. Қўлидан келган ишни қилаётган бўлса ҳам, ақлсиз инсонлар барча айбни шифокорга юклашди.
Юқоридаги ҳолатларни сарҳисоб қилинса, бир касб учун машаққатлар шунчалик бўлар. Балки сиз “шифокор бу – шарафли касб, халққа хизмат қилса, қилибди-да” деб айтаётгандирсиз. Шундай бўлса, бу йўлнинг не чоғли машаққатли эканини ўзингизда тасаввур қилиб кўринг.
Аввал 6 йил бакалавр, сўнгра 2 йил магистратурада умрини, сабрини қурбон қилган шифокорларимиз шундай муомалага муносибми? Дунёнинг кўплаб нуқталарида шифокорлар намойишлар ўтказмоқда. Европа Иттифоқининг лидерларидан саналмиш Франция давлатида 1200 га яқин давлат шифохоналарида ишловчи тиббиёт ходимлари ойлик ва таъминот масаласида норозилик билдирмоқда. Француз врачлари шундай синовли вақтда ҳукуматдан молиялаштириш масаласини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Ўзбек шифокорлари эса вазият жиддий экани, бу вақтда ўзбек халқи ва давлати ёнида туриш зарур эканини тўғри англамоқда.
14 кунлик навбатчиликдан чиққан олий тоифали шифокор, 41 йиллик вирусолог Каримберди Ризқиев QALAMPIR.UZга берган интервьюсида барча шифокорлар чақириқларга “лаббай” деб жавоб бераётганини айтиб ўтганди.
Ўзбекистонга кутилмаганда коронавируснинг кириб келиши одамларни саросимага солиб қўйди. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни қайд этилган бўлса, бугунга келиб беморлар сони 149 нафарни ташкил этмоқда. Ўтган 15 кун эса шифокорларимиз нақадар фидоий, меҳнаткаш, ўз касбига ва халқига садоқатли эканини кўрсатмоқда. Вирусология илмий текшириш институтида беморларни даволаётган шифокорлардан тортиб, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги шифохоналарда карантиндаги беморлар ғамхўрлик қилаётган ва тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорлар мана икки ҳафтадан ошди ҳамки оиласи ва фарзандларидан йироқда. Улар жанг майдонида касаллик билан беморлар қаторида курашмоқда. Хасталари учун тунларини бедор, кунларини ҳаловатсиз ўтказяпти. Бу воқеалар эса халқимизнинг шифокорларга нисбатан муносабатини ўзгартиради, кўзини очади, деб умид қиламиз.
Бу коронавирус балоси ҳам ўтиб кетар. Шифокорлар нафақат ҳозирги паллада, балки доим қадрланиши эса мақбул иш бўларди. Зеро, “коронавирус уруши” вақтида бизнинг аскарлар – айнан “оқ халат кийган” шифокорларимиздир.
LiveБарчаси