Коронавирус атрофида: “қора ўлат”, пандемия назоратини куч ишлатар тизимларга бериш тўғрими?
Таҳлил
−
30 Март 2020
19057Ҳозирда бутун дунё диққат марказида коронавирус инфекцияси хавфи турибди. Барча давлатлар ўз эътиборини касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратмоқда. Яъни, уни изоляция қилиш (ажратиш) орқали тарқалиш тармоғини узиш чораларини кўряпти. Бу йўлда чегаралар ёпилди, кўчаларда ҳаракатлар тўхтатиляпти, ўзаро саломлашиш тартиби ўзгарди ва бошқа чоралар қўлланиляпти. Ҳукуматлар касалликни (COVID-19) пандемия даражасига кўтаришди.
Пандемия ўзи нима ва “қора ўлат” даҳшати ҳақида эшитганмисиз?
Пандемия сўзи лотинча “pan” – ҳамма, “demos” – одамлар, халқ сўзларидан олинган бўлиб, одатда бирор касалликнинг ёппасига турли миллатлар, давлатлар, қитъалар бўйлаб тарқалишида ишлатилади. Инсоният ўз тарихида саноқли пандемияларни бошдан кечирган. Улардан энг даҳшатлиси “қора ўлат” (вабо) номи билан Евроосиёда 1347-1351 йиллар оралиғида тарқалганди. Ўша вақти вабодан Евроосиё давлатларида жами 75-200 миллион оралиғида инсон қирилиб кетган.
Маълумотларга кўра, ўлат Ўрта Осиё ёки Шарқий Осиёда пайдо бўлган деб тахмин қилинади. Ўша вақти Буюк ипак йўлининг ғарбий қисми орқали Қримга кириб келган, у ердан тижорат кемаларидаги каламушлар касалликни Ўрта ер денгизи қирғоғидаги давлатларга тарқатган бўлиши мумкин ва шу билан касаллик Европа минтақасига кириб келган деб фараз қилинади. Вабо пандемияси натижасида Европа аҳолиси 30-60 фоизгача камайган, ўша вақти дунё аҳолиси таҳминан 475 миллионни ташкил қилган бўлса, 4 йил ичида кўрсаткич 350-375 миллионга камайган деб айтишади. Касалликдан сўнг Европа аҳолиси 200 йил давомида аввалги аҳоли сони миқдорига ета олмади.
Айни вақтда ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) касаллиги ҳам пандемия даражасидаги кассаллик ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (WTO) кўра, 2018 йилнинг ўзида бу касалликдан дунё бўйлаб 770 мингдан ортиқ одам вафот этди. Унинг давоси ҳозирча йўқ. Бироқ тарқалмаслигининг олдини олиш чоралари белгиланган. Касаллик жинсий алоқа ёки қон орқали ўтишини ҳисобга олсак, унинг тарқалиши олдини олиш мумкин.
Коронавирус ҳам юқоридаги касалликлар сингари кенг миқёсда тарқалгани сабабли пандемия даражасига кўтарилди. Ушбу вирус 15 март куни Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Шу куниёқ Бош вазир карантин ҳолати ҳақида хабар қилиб, Ҳукумат олдидаги вазифаларни белгилаб берди. Ўзи бунгача бундай ҳолатларни қайси қонунлар тартибга соларди?
Эпидемия (пандемия) назоратига куч ишлатар тизимлар ҳам жалб этилиши мумкинми?
2015 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. У ерда эпидемия вақтида (бу пандемия ҳолатига ҳам таалуқли) қайси давлат ташкилотлари қандай ваколатларга эга, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат, дезинфекция тадбирлари ким томонидан амалга оширилиши ва бошқалар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилган.
Вазирлар Маҳкамаси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда қуйидаги ваколатларини амалга оширади:
• ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
• аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
• давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради ва бошқа ваколатларни амалга оширади. Шунингдек, ҳокимликлар ҳам ўз ҳудуди доирасида мазкур қонунга мувофиқ ўз ваколатларини олиб боради.
Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари карантин ҳолатини назорат қилишга ДХХ, Миллий гвардия каби куч ишлатар тизим ходимларининг жалб қилинганига ўз эътирозларини билдирмоқда. Ваҳоланки, эътирозлар ўринсиз. Чунки, Қонуннинг 8-моддасида давлат санитария назоратини амалга оширувчи давлат ташкилотлари рўйхати келтирилган.
Улар:
• Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари;
• Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг тегишли таркибий бўлинмалари ҳисобланади.
Давлат санитария назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа вазирликлар ва идораларнинг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачини ким тайинлайди?
Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. У қуйидаги ваколатларни амалга оширади:
• санитария-эпидемиология хизматига раҳбарлик қилади, давлат санитария назоратининг асосий вазифаларини ва уни амалга оширишнинг устувор йўналишларини белгилайди;
• санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тасдиқлайди;
• атроф-муҳит омилларининг инсон организмига таъсирини аниқлашга доир норматив-техник ҳужжатларни тасдиқлайди;
• профилактик эмлашларнинг миллий тақвимини ва эпидемик кўрсаткичлар бўйича профилактик эмлашлар ўтказиш тартибини тасдиқлайди;
• одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган, аҳолининг яшаши ва хўжалик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланадиган ҳудудларни белгилайди;
• юқумли ва паразитар касалликларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишидан ҳудудларни санитария жиҳатидан муҳофаза қилишга доир тадбирларни мувофиқлаштириб боради;
• атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқаради;
• янги озиқ-овқат қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик фаол моддаларни, кимёвий моддаларни, биологик воситалар ва материалларни, полимер ва пластик массаларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолаш асосида уларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши ва ишлаб чиқарилиши учун рухсатномалар беради;
• республика ва маҳаллий эпидемия фондларидан ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар учун ажратиладиган моддий-техника ресурсларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;
• санитария-эпидемиология хизмати муассасаларининг қарорларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир шикоятларни кўриб чиқади;
• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат санитария врачларини тайинлайди.
Фуқароларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?
Фуқаролар давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлардан санитария-эпидемиологик вазият ва инсоннинг яшаш муҳити ҳолати тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Улар юқоридаги масъул ташкилотларга аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиши мумкин.
Шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари оқибатида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга ҳисобланади. Фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.
Дезинфекция ишларини ким ва қайси маблағга амалга оширади?
Аҳолининг ва алоҳида шахсларнинг соғлиғи ҳамда касалланиш ҳолатини махсус экспертиза қилишнинг санитария-гигиеник турлари ва бошқа турлари, шунингдек лойиҳа ҳужжатларининг, техник ҳужжатларнинг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг, ускуналарнинг, асбоблар ҳамда аппаратларнинг, кимёвий моддаларнинг, турли бирикмаларнинг, материаллар ва муҳитларнинг, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг, саноат буюмларининг, радиоактив материалларнинг, радиациявий техниканинг экспертизалари давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар, санитария-эпидемиология хизмати муассасалари, илмий-тадқиқот, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан буюртмачининг маблағлари ҳисобидан ўтказилади.
Махсус экспертизаларни ўтказиш тартиби, буюртмачиларнинг, эксперт муассасаларининг ҳамда экспертларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади. Юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш, уларнинг доирасини камайтириш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида, эпидемик кўрсаткичлар бўйича дезинфекция тадбирлари — давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлар томонидан, профилактик дезинфекция тадбирлари — юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида дезинфекция станциялари томонидан ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 март куни соат 16:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 4 тага ортиб, 149 нафарни ташкил этмоқда. Касалланганларнинг 7 нафари соғайди, икки киши вафот этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь