108 минг доллар пора олган прокуратура органи мулозимлари ушланди (видео)
3-саҳифа
−
08 Октябрь 11939
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида прокуратура органи ходимлари 25 минг доллар пора билан қўлга тушди. Улар олдинроқ ҳам 108 минг доллар олгани аниқланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Гулистон туман бўлими бошлиғи ҳамда Бекобод шаҳар бўлими катта тезкор вакили фуқародан 25 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Маълум бўлишича, улар Зангиота туманида фаолият юритувчи 4 та МЧЖнинг норасмий раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан қўзғатилиб, ҳозирда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида кўрилаётган жиноят ишини уларнинг фойдасига ижобий ҳал қилишни ҳамда Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси томонидан 2 та МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текширувларини ноқонуний деб топиб беришни ваъда қилган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ИЖҚКД ходимлари жиноят иши доирасида солиқ текшируви ўтказиш орқали аниқланган зарар миқдорини камайтириш эвазига МЧЖларнинг норасмий раҳбаридан муқаддам 108 минг АҚШ доллари ҳам олган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида ҳоким ўринбосари 10 минг доллар, Навоий вилоятида эса ҳоким ёрдамчиси 40 млн сўм пора билан қўлга олинганди.
Live
Барчаси