100 мингга яқин мигрант Россиядан қувилди – ИИВ
Олам
−
15:06 634 2 дақиқа
Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) маълумотларига кўра, турли қонунбузарликларга йўл қўйган 100 мингга яқин мигрант бир ярим йил давомида мамлакатдан чиқариб юборилган, яна 200 мингга яқин хорижликнинг мамлакатга кириши чекланган. Бу ҳақда кеча, 10 сентябрь куни Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, ИИВ Фуқаролик ва хорижий фуқароларни рўйхатга олиш хизмати бошлиғи Андрей Кикоть маълум қилди.
“Мамлакатдан чиқариб юбориш ҳолатлари 2,6 бараварга ортди. Бунинг натижасида 100 мингга яқин кишини чиқариб юбордик, шундан 75 минги мажбурий тартибда амалга оширилди”, дейди Кикоть Россия Президенти Владимир Путин билан ИИВ тизими Миграция масалалари бўйича бўлинмалари куни арафасида кечган учрашувда.
Унинг айтишича, ИИВ Миграция хизмати бўлинмалари томонидан олиб борилган профилактик ишлар якунларига кўра, Россияда қонунни бузган 197 минг хорижликнинг мамлакатга кириши чеклаб қўйилган.
“Шунингдек, мақомни расмийлаштиришда топшириладиган ҳужжатларни текшириш сифати бўйича ишлар кучайтирилди. Олдиндан била туриб сохта маълумотлар тақдим этилган 10 баравар кўпроқ қалбаки ҳужжатлар аниқланди”, дейди Кикоть.
Унинг қўшимча қилишича, ИИВ мигрантлар орасида “сохта никоҳ-оилавий муносабатларни аниқлаш борасида” ҳам ишларни йўлга қўйган.
“Бу ерда аниқлаш кўрсаткичи 20 фоизга, олдиндан била туриб ёлғон маълумот бериш ҳолатлари эса 10 бараварга ортди”, дейди Кикоть.
Бунинг натижасида вақтинча яшаш учун рухсатномалар бекор қилинган 20 мингта ҳолат қайд этилган.
Унинг маълумотларига кўра, бир ярим йил ичида жами 800 минг нафар хорижлик Россия миграция қонунчилигини бузган.
“Биз уларни ҳисобга оламиз, назорат қилинувчи шахслар реестрига киритамиз ва уларга нисбатан қидирув тадбирлари олиб борилмоқда”, дейди Кикоть.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги 149-сонли мактаб ўқувчиларининг қарийб 98 фоизини Марказий Осиё давлатларидан бўлган мигрантларнинг фарзандлари ташкил қилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси