10 сутка қамоқ ва жарима. Стадионда жанжаллашган блогер ва санъаткорлар жазоланди (видео)

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги “Жар” стадионида ўтаётган LikeCup  турнирида санъаткорлар ва блогерлар ўртасида оммавий жанжал келиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, тегишли суд қарори чиқарилди.

Тўполонни бошлаган блогернинг айтишича, у бу ишни ҳар иккала жамоа аъзолари билан келишган ҳолда амалга оширган. Гўёки икки жамоа ўртасидаги жанжал саҳналаштирилган. Мақсад эса обуначиларни кўпайтириш бўлган.

Блогернинг сўзларига кўра, у ўз фаолиятини энди бошлаган ва бунинг орқасидан яхшигина обуначи йиғмоқчи бўлган.

Воқеа бўйича Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, турнир иштирокчилари билан профилактик суҳбат олиб борилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган ҳамда унда қоидабузарларга нисбатан суд қарори қабул қилинган. Жумладан, турнир ташкилотчиси бўлган актёр Алишер Узоқов, қизиқчи Абдураҳмон Мавлонов, блогерлар Миржалол Раҳмоналиев ҳамда Дилшодбек Ўрозбоев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-модданинг (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган ва уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (3 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Жанжални келтириб чиқарган Озодбек Ўрозбоев эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 194-модданинг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган ва 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қолаверса, Камолиддин Мамажонов ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 194-модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баробари (4 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ LikeCup лойиҳаси доирасида юз берган юқоридаги ҳолат жамоатчилик ўртасида кескин эътирозлар келтириб чиқаргани ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлгани учун лойиҳа вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Узоқов LikeCup Жар Абдураҳмон Мавлонов Дилшодбек Ўрозбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг