10-синф ўқувчиси Симонянга суиқасдда айбланиб қамалди
Олам
−
21 Июль 2023
7191“Russian Today” телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян ва журналист Ксения Собчакка режалаштирилган “суиқасд” иши бўйича саккизинчи айбланувчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда кеча, 20 июль куни Москванинг Басманний судидаги манбаларга таяниб, ТАСС хабар берди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 15 июль куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Маргарита Симонян ва Ксения Собчакка суиқасд уюштириш”нинг олдини олгани ҳақида хабар берган. Махсус хизмат маълумотларига кўра, қотилликни Симонян ва Собчакнинг иш ва яшаш манзилларида разведка олиб борган “Параграф-88” гуруҳининг “неонацистлари” тайёрлаган.
Шу куни Москва Басманний суди етти нафар гумонланувчини ҳибсга олинганини маълум қилган. Улардан тўрт нафари вояга етмаган шахслар бўлган. Шу билан бирга, хабарда ёшлар Симонян ва Собчакка “суиқасд уюштириш”га тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ҳолда қўлга олингани эслатилмаган. Тергов маълумотларига кўра, судланувчилар “миллий нафратдан келиб чиққан ҳолда безорилик ниятида, уюшган гуруҳ таркибида чет эл фуқароларига ўзига хос беадаблик билан ҳужум қилган”.
“Russian Today” телеканалида ўзини “Параграф-88” гуруҳи асосчиси деб атаган 18 ёшли Михаил Балашовнинг сўроққа тутилгани акс этган видеолавҳани эфирга узатган. Унда Балашов ва унинг дўстлари славян бўлмаган кўринишдаги шахсларга ҳужум қилгани, шундан сўнг у билан Украина махсус хизматлари боғлангани даъво қилинган.
“Аввалига бизга реле шкафларини ёқишни таклиф қилишди. Кейинроқ Маргарита Симонян ва Ксения Собчакни буюртма асосида ўлдириш таклиф этилди. Мен Маргарита Симоняннинг яшаш жойини кўздан кечирдим, бунинг учун пул олдим. Шундан сўнг куратор билан боғландим, у менга Калашников автомати ва пул қолдириши керак эди. Қурол жойлашган жойга келганимда махсус хизмат ходимлари томонидан ушландим”, дейди Балашов видеода.
Айтилишича, кеча, 20 июль куни гуруҳнинг аъзоси деб гумон қилинган яна бир вояга етмаган шахс қамалган. У 14 сентябргача ҳибсда қолиши белгиланган.
“Медиазона” нашри суд қарорига таяниб, ҳибсга олинган шахс Москва мактабларидан бирининг 10-синф ўқувчиси Артем Р. экани, у 17 июль куни қўлга олинганини ёзган. Манбада айтилишича, судда ҳимоячи ўқувчини тергов изоляторига жўнатмасликни сўраган, чунки у иккинчи гуруҳ ногирони бўлган бувисига қараган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган. Бироқ, суднинг фикрича, йигит озодликда “жиноятда номаълум шериклар билан алоқада бўлиши”, далилларни сохталаштириши ёки яшириниши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь