1 октябрдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
28 Сентябрь
11422Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 октябрдан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатини бир ерга жамлади.
Иш ҳақи, энг кам иш ҳақи ва БҲМ оширилади
Бюджет ташкилотларида ишлайдиган тиббиёт ходимлари, шунингдек мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, "Мурувват" интернат уйлари, Болалар уйлари ва "Меҳрибонлик" уйлари, болалар санаторияларида ишлайдиган педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори 15 фоизга оширилади.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори, тиббиёт ва педагог ходимлардан ташқари, 10 фоизга оширилади. Энг кам иш ҳақи миқдори – ойига 1 155 000 сўм, БҲМ – 375 000 сўм этиб белгиланмоқда.
Модулли меҳмонхоналарга субсидиялар
2026 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бир марталик субсидия ажратилади.
Субсидиялар 2024 йил октябрдан 2026 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификатига эга янги ташкил этилган модулли меҳмонхонага берилади. Тўловларни олиш учун меҳмонхонада камида 10 та модуль бўлиши керак.
Овчилик гувоҳномасини олиш учун янги қоидалар
- Овчилик гувоҳномасини олишга номзодлар махсус курсларда ўқитилади;
- Oвчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2 йил муддатга берилади;
- Гувоҳномани расмийлаштирганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида, нафақадаги ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун БҲМнинг бир баравари миқдорида белгиланади.
Туроператорлар ва меҳмонхоналарга ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади
Туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар ойнинг 25-санасига қадар тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи қайтарилади.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида тўланадиган қуйидаги солиқ турлари бўйича белгиланган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Заргарлик соҳасига имтиёзлар
2027 йил 1 октябргача:
- Заргарлик саноатида фойдаланиладиган лигатурани импорт қилишда махсус товарларни импорт қилиш учун лицензия олиш талаби бекор қилинади;
- Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ва заргарлик саноатида фойдаланиладиган лигатура божхона божи тўлашдан озод қилинади;
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва заргарлик соҳасида фойдаланиладиган, рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган ускуналар, қадоқлаш ва этикетка маҳсулотлари божхона божи тўлашдан озод қилинади;
- "Uzbek Jewellery Fair" халқаро кўргазма-савдоси доирасида Ўзбекистон норезидентлари томонидан республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ва кейинчалик қайтариб олиб чиқиладиган заргарлик буюмларига нисбатан божхона йиғимлари бекор қилинади.
Ногиронлиги бор шахслар учун шароитлар яхшиланади
Реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратиш бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизага юборилади.
Шаҳар йўловчи транспорти хизматлари I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларнинг бир нафар кузатувчисига бепул тақдим этилади.
Ихтисослаштирилган (руҳий, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялар (ТИЭК) томонидан ногиронликни белгилаш бекор қилинади. Бу функция туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларига ўтказилади.
Уй паррандаси гўштини олиб киришга имтиёзлар бекор қилинади
Янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божи бўйича имтиёз берилган эди.
Алкоголь маҳсулотлари устидан янги назорат чоралари ўрнатилади
Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўшимча лицензия талаблари жорий этилади.
Яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади.
Қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) белгиланган тартибда бекор қилинади.
Қурилиши тугалланган объектлар электрон платформа орқали қабул қилинади
Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг “Қурилишда давлат назорати” электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.
Спорт товарларини божлардан озод этиш муддати якунланади
Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича федерация (ассоциация)лар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт ашёлари 2024 йил 1 октябрга қадар божхона божидан озод этилган эди.
Аёллар муаммоларини ўрганиш учун янги модуль
“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилади.
Ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Жисмоний шахслар томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги махсус ахборот тизимига юборилган ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Вазирликнинг расмий веб-сайтида “Кон-геология хизматлари” модули жорий этилади ва унда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг рейтинги юритилади.