Қайта қуриш! Қирғизистонда кучлар қандай тақсимланяпти?
Таҳлил
−
10:54 3504 6 дақиқа
Сўнги кунларда Қирғизистонда сиёсий ҳаётидан муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, Президент Садир Жапаров ўзининг энг яқин амалдори ва дўсти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни истеъфога чиқарди. Бу эса мамлакат сиёсий доиралари ва жамоатчилиги ораси кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Лавозимидан айрилган биргина Ташиев эмас. Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фаолиятида қатор ўзгаришларга қўл урди.
Кимлар кетди?
Қамчибек Ташиев
Президент Фармони билан Қамчибек Ташиев бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлигидан озод қилинди. Ташиев 2020 йил 16 октябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимига таъйинланган. У Президент Сооронбай Жээнбековнинг раҳбарликдан четлатилиши билан якунланган октябрь воқеалари вақтида хавфсизлик хизмати раиси лавозимини эгаллаши Садир Жапаровнинг ҳокимият тепасига келишига сезиларли таъсир кўрсатади. Ўша пайтдан бери, Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фаолиятини тубдан ислоҳ қилиб, унинг таъсир доирасини кенгайтириётган эди. Хусусан, давлат қўмитаси бўлимлари учун янги бинолар қурилди ва замонавий ускуналар сотиб олинди. Шу билан бирга, “кустуризация” деб номланган, яъни амалдорлар томонидан илгари ўғирланган активларни қайтариб олиш бошланди. Жиноятчиликка қарши жиддий кураш олиб борилди. Қамчибек Ташиев олти йилик фаолияти давомида халқининг меҳрини қозонди. Шу билан бирга, адолатли чиқишлари ортидан кўплаб душманлар ҳам орттирди.
Қурбонбек Авазов
Қурбонбек Авазов Президент фармони билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинди.
Даниел Рисалиев
Фармонга кўра, Рисалиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари ва Киберхавфсизлик бўйича мувофиқлаштириш маркази директори лавозимидан четлатилди.
Нурланбек Турғунбек ўғли
Бугун, 12 февраль куни Қирғизистон Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ўз ваколатларини топширди. Бу ҳақда, у парламент мажлисида маълум қилган. Бироқ, Нурланбек Турғунбек ўғли Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутати бўлиб қолади. Бундай қарор Президент Садир Жапаров томонидан амалга оширилаётган кадрлар ўзгаришлари фонида қабул қилинган. У ушбу лавозимни 2022 йилдан буён эгаллаб келаётган эди.
Элизар Сманов
Сманов Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари ва Терроризмга қарши кураш маркази директори лавозимидан истеъфога чиқарилди.
Тайинловлар
Жумгалбек Шабданбеков
Жумгалбек Шабданбеков Ташиев ўрнига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 2020 йилдан бери 9-хизмат бошлиғи ва Давлат қўмитаси бошлиғининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шабданбеков 55 ёшда. 2022 йилда унга генерал-майор унвони берилган.
Рустам Мамасодиқов
Президент қарори билан Мамасодиқов Хавфсизлик Кенгаши котиби лавозимидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосарига айланди. Унга бу идорада бегона эмас. Рустам Мамасодиқов биринчи марта 2008 йилда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган. У 2010 йилги апрель инқилобидан кейин лавозимидан четлатилган. 2011 йилда Рустам Мамасадиқов хавфсизлик хизматига қайтиб, Терроризмга қарши кураш марказини бошқарган. 2018 йил апрель ойида яна Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини тарк этган. Кейинчалик бир муддат Давлат қўмитасида ишлаганидан сўнг Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланган.
Уранбек Шодибеков
Шодибеков Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари ва Давлат қўмитасининг Киберхавфсизлик маркази раҳбари этиб тайинланди.
Алишер Эрбаев
Алишер Эрбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари ҳамда Терроризмга қарши кураш маркази директори этиб тайинланди. Эрбаев 1997 йилда Россия Қуролли кучларининг Ҳаво мудофааси ҳарбий академиясини радиотехника мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2015 йилда эса Ўш давлат университетини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган. У 1997 йилдан 2013 йилгача миллий хавфсизлик идоралари ва Молия полициясида хизмат қилган. Бир муддат бизнес билан шуғулланганидан сўнг Қирғизистон Миллий электр тармоғида ишлаган. 2016 йилдан 2019 йилгача Давлат божхона хизмати Ички хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган. Алишер Эрбаев 2021 йилдан 2025 йилгача Жогорку Кенеш депутати бўлган.
Абдукарим Алимбаев
У Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилиниб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Ушбу хизмат Давлат қўмитаси тузилмасидан чиқарилди. Абдукарим Алимбаев 1973 йил 19 апрелда туғилган. У 1995 йилда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ҳарбий институтини ва 2006 йилда Россия Федерал хавфсизлик хизмати Ҳарбий академиясини тамомлаган. 1993 йилдан бошлаб Чегара хизматида иш бошлаган ва 2016 йили раҳбар лавозимига кўтарилган.
Марлен Маматалиев
Бугун, 12 февраль куни Марлен Маматалиев Қирғизистон Жогорку Кенеши спикери этиб сайланди. Унинг номзодини 77 депутат қўллаб-қувватлаган. Маматалиев спикерлик лавозимига ягона номзод эди. У 1981 йил 24 март куни Бишкек шаҳрида туғилган. И.Раззақов номидаги Қирғиз техник университетининг ахборот технологиялари факультетини, шунингдек Қирғиз иқтисодиёт университетининг “Молия ва кредит” мутахассислигини тамомлаган. Сингапурдаги Civil Service College’да давлат хизматида инсон ресурсларини бошқариш йўналишида таҳсил олган. Ж.Баласагин номидаги Қирғиз миллий университетини ҳам битириб, юрист мутахассислигини олган. Шунингдек, Россия Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясида давлат бошқаруви бўйича малака оширган. 2003–2006 йилларда Қирғиз Республикаси Ижтимоий фонди ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ишлаган. 2007–2008 йилларда молия вазири ҳамда иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ёрдамчиси бўлган. 2009 йилда у Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарининг маслаҳатчиси этиб тайинланган.
2010–2011 йилларда Жогорку Кенешдаги “Ор-Номус” фракцияси котибиятини бошқарган, 2011–2012 йилларда Иқтисодий тартибга солиш вазирлигида статс-котиб ва бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2012 йилда Қирғиз Республикаси ҳукумати аппаратининг реал сектор бўлимига раҳбарлик қилган. 2013–2018 йилларда хусусий секторда фаолият юритган, жумладан “Азия молл” савдо-кўнгилочар маркази бош директори бўлган. 2021 йилдан Жогорку Кенеш VII чақириқ депутати, “Интимақ” парламент фракцияси раҳбари, бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси раиси сифатида ишлаган. 2025 йилда Бишкек шаҳрининг Биринчи май тумани бўйича №22 якка мандатли сайлов округидан VIII чақириқ депутати этиб сайланган. VII чақириқ даври якунларига кўра, қабул қилинган қонунлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичга эга депутат сифатида қайд этилган.
Одил Ўрозбеков
Президент фармонига кўра, Одил Ўрозбеков Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланди. У 47 ёшда, Қирғизистон халқаро университетини “дипломатия ва халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича тамомлаган, кейинчалик Россия Федерал хавфсизлик хизмати академиясида таҳсил олган. 2001 йилдан 2017 йилгача миллий хавфсизлик органларида ишлаган, сўнгра 2019 йилгача ШҲТ Котибиятида турли лавозимларда меҳнат қилган. 2023-2024 йилларда Президент Администрацияси ситуацион маркази эксперти бўлган. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бери Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармасида ишлаб келаётган эди.
Структуравий ўзгаришлар
Чегара хизмати Давлат хавфсизлик қўмитаси таркибидан чиқарилди
Президент Садир Жапаров мамлакатда бўлаётган сиёсий ўзгаришлар фонида Чегара хизматини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таркибидан чиқариш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Бу орқали ушбу тузилма мустақил давлат идораси — Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизматига айлантирилди. Чегара хизматининг бўйсинуви йиллар давомида бир неча бор ўзгарган. 2012 йилда Чегара қўшинлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таркибидан чиқарилиб, мустақил давлат идорасига айлантирилган. 2020 йил ноябрь ойида яна Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ўтказилди.
Давлат қўриқлаш хизмати ташкил этилди
Қирғизистон раҳбари Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати асосида Президент Давлат қўриқлаш хизматини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Эндиликда ташкилот тўғридан тўғри давлат раҳбарига ҳисобот беради. Илгари алоҳида бўлинма бўлган. 2010 йилги инқилобдан кейин Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таркибига киритилган.
Миш-мишлар ва инкорлар
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида кадрлар ўзгариши билан бир қаторда турли миш-мишлар тарқала бошлади. Расмийлар уларни инкор қилишга ҳаракат қилмоқда. Қўмита матбуот хизмати Бишкекдаги бошқарма раҳбари Элдар Жакипбековнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг махсус кучлар полкининг Президент ихтиёрига ўтказилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди. Вазирлик махсус кучлар одатдагидек ишлашда давом этаётганини маълум қилган.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси