1 июлдан ДСҚ ходимларининг мол-мулки мажбурий декларация қилинади

Жамият

image

Давлат солиқ қўмитаси солиқ тизими ходимлари даромадлари ва активларини мажбурий декларациялашни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари – жисмоний шахслар даромадлари ва активларини декларациялаш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасида белгиланмоқда.

Лойиҳада давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари 2020 йилда олган даромадлари ва эгалигида бўлган активлари тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳамда келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелга қадар декларация тақдим этиши назарда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунига давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари зиммасига декларация топшириш талабини юклаш ва ушбу талабга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.

Эндиликда давлат солиқ хизмати органининг ҳар бир ходими кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади.

Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq uz веб-сайтига жойлаштириш таклиф этилмоқда. 

Масалан, кўчмас мулк бўйича объектнинг тури, умумий майдони ва объектнинг жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар мажбурий равишда кўрсатилиши шарт. Автомобиллар ҳақидаги маълумотларда автомашина русуми, модели ва ишлаб чиқарилган йили акс эттирилади. 

Қайд этилишича, бугунги кунда солиқ органлари тизимида жами 10,3 минг ходим фаолият юритмоқда, уларнинг аксарияти ёшлардан иборат. 


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ декларация

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг