1 июлдан божхона имтиёзлари фақат қонун билан берилади – Президент фармони
Жамият
−
09 Апрель 2022
10722Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Қуйида фармоннинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга эришиш орқали камбағалликни икки баробарга қисқартириш, иқтисодиётда рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига тенг шароитлар яратиш, бозор муносабатларига тўлақонли ўтишни жадаллаштириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий инвестициялар ҳажмини кескин ошириш ҳамда бизнес доираларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини ошириш, барча тармоқ ва соҳаларда хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
• хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш борасидаги институционал ва маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ҳамда бу борада қонун устуворлигини таъминлаш;
• қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини шаффоф тарзда хусусийлаштириш механизмларидан, энг аввало, хусусий инвесторларни жалб қилишнинг муҳим омили сифатида фойдаланиш ҳамда ерларни аукционга чиқаришда уларнинг жозибадорлигини ошириш учун инфратузилма ва бошқа зарурий шароитларни яратиб бериш;
• давлат иштироки сақланиб қолаётган товар ва хизматлар бозорини эркинлаштириш ҳамда ушбу соҳаларга хусусий секторнинг кириб келиши учун шароит яратиш, монополияга қарши органнинг институционал салоҳияти ва ваколатини кучайтириш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
• “тартибга солувчи гильотина” усулини манзилли қўллаш орқали имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқ ва устунликларни бекор қилиш;
• давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштиришни жадаллаштириш, иқтисодиётда самарасиз ишлаётган корхоналар улушини камайтириш ҳисобига сифат жиҳатидан янги, хусусан, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига асосланган инвестициялар ва ишлаб чиқариш унумдорлиги юқори бўлган технологияларнинг кўпайишини рағбатлантириш;
• пул ва капитал бозорларини янада эркинлаштириш ҳисобига молия бозоридаги турли сегментларнинг ривожланишига туртки бериш, шу орқали хусусийлаштирилган ва трансформация жараёнидаги корхоналарга ўз фаолиятини молиялаштиришнинг муқобил манбаларини шакллантиришга шароит яратиш;
• иқтисодиётнинг драйвер тармоқлари, хусусан, тоғ-кон, нефть-газ, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларни кафолатланган хомашё базаси билан таъминлаш учун геология-қидирув ишларига, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнига хорижий инвесторларни жалб қилишни жадаллаштириш, минерал хомашё базаси захираларини кўпайтиришни қўллаб-қувватлаш;
• энергия ресурслари, транспорт ва коммуникация бозорларини ривожлантириш ва соҳага хусусий инвестициялар кириб келиши учун шароитлар яратиш;
• ичимлик ва оқова сув таъминоти, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш, йўл қурилиши, авиация инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кескин кўпайтириш;
• барча соҳа ва тармоқларда коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш;
• давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, шу жумладан, “комплаенс” назорат тизимини кенг жорий этиш, харидлар тизими шаффофлигини таъминлаш орқали коррупциянинг олдини олиш.
2. Хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, инвестициявий муҳит жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат активларини (давлат акция пакетлари, улушлари, кўчмас мулк объектлари) сотиб олган инвесторларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
• қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотишда давлат активларини сотишда қўлланиладиган уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби татбиқ этилсин;
• бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бир йўла амалга оширган харидорларга мазкур давлат активлари ва ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилсин.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур банднинг учинчи хатбошиси билан жорий этилаётган давлат активлари ва ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқини бериш бўйича тартибни ишлаб чиқиб тасдиқласин.
3. 2022 йил 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (бундан ер участкаси мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилсин:
• Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
• бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.
Бунда, мазкур бандда назарда тутилган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон Фармонига 6-иловага мувофиқ хорижий мамлакатлар фуқароларига кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш учун талаб этиладиган кўчмас мулк қиймати миқдори Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 400 000 АҚШ долларидан 300 000 АҚШ доллари эквивалентигача камайтирилсин.
5. Иқтисодиётда рақобат муҳитини янада яхшилаш ва хусусий сектор олдидаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) охирги календарь йилида товарлар (хизматлар)ни сотишдан тушган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан ошмайдиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд шахслар гуруҳини (табиий монополия субъектлари, давлат харидлари ва биржа савдолари иштирокчилари, маҳсулотларининг нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган хўжалик юритувчи субъектлардан ташқари) товар ёки молия бозорларида устун мавқе эгаллаган деб эътироф этмаслик ҳамда уларга нисбатан монополияга қарши чораларни қўлламаслик;
б) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қуйидагилар учун молиявий жарималарни қўллаш:
• товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
• товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
• хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
• оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда молиявий жарималарнинг аниқ миқдорлари ва уларни қўллаш тартибини назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин. Бунда, ундирилган молиявий жарималар суммасини тўлиқ Давлат бюджетига йўналтириш ҳамда рақобатга қарши ҳаракатларнинг бошқа турлари учун ҳам жавобгарлик назарда тутилсин;
в) 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш:
• давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
• лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;
• монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритсин;
г) 1-иловада назарда тутилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш;
д) 2023 йил 1 январдан бошлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ахборот бериладиган Рақобат ривожланиши индексини жорий қилиш.
6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат хизматлари ва функцияларини бажаришга хусусий секторни кенг жалб этишни жадаллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.
7. Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ёки норезидентлари бўлган мижозлар учун уларнинг шахсий иштирокисиз қимматли қоғозлар учун депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш имкониятини яратсин.
8. Молия вазирлигининг 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан оладиган даромадлари (дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлардан ташқари) бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини 12 фоиз миқдорида белгилаш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
Молия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратиш, шунингдек, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни тақдим этишни тартибга солиш мақсадида:
а) 2022 йил 1 майдан бошлаб:
• тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни яратиш учун чекланган субъектларга татбиқ этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари 2-иловага мувофиқ тармоқлардаги барча субъектлар учун татбиқ этилсин;
• Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган ва Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинсин. Мазкур норма тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида янги тузиладиган битимлар (расмийлаштириш шакли ва усулидан қатъий назар) асосида олинадиган товарларга (хизматларга) татбиқ этилади;
б) айрим солиқлар ва божхона имтиёзлари 3-иловага мувофиқ босқичма-босқич бекор қилинсин;
в) Вазирлар Маҳкамаси хатлов натижасига кўра аниқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан тақдим этилган айрим солиқлар ва божхона имтиёзларининг амал қилишини давом эттириш заруриятини танқидий қайта кўриб чиқиб, 2022 йил 1 августга қадар уларни бекор қилиш юзасидан таклиф киритсин;
г) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
• божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан берилсин. Бунда, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши хулосаси олиниши мажбурий ҳисоблансин;
• тармоқ вазирлик ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари соҳани ва (ёки) ҳудудни ривожлантириш учун берилган алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларни йил якунлари бўйича ҳар йили 1 мартга қадар Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиб борсин.
10. Молия вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги, Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда:
а) 2022 йил 1 майга қадар тажрибали инвестиция банкини жалб этиб, 2022 йил якунига қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали камида 49 фоиз улушини, шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖдаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини хусусийлаштириш ишларини бошласин;
б) 2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро консалтинг компанияси хулосалари асосида "Ўзбекгидроэнерго" АЖни ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, янги кичик ва ўрта гидроэлектростанцияларни қуришда хусусий сектор иштирокидаги, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги лойиҳаларни амалга оширишга устуворлик берилсин;
в) 2022 йил 1 сентябрга қадар “Uzbekistan airways” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушининг савдога чиқарилишини, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) ишларини бошласин;
г) 2022 йил 1 августга қадар халқаро инвестиция банки ва консультантларни жалб этган ҳолда, “UzAuto Motors” АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисмини маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштирсин (IPO) ва бу корхонанинг қолган улушини ҳамда “UzAuto Motors Powertrain” АЖ, “Samarqand Avtomobil zavodi” МЧЖни стратегик инвесторларга сотиш стратегиясини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
• “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг магистрал тармоқларини тўлиқ давлат ихтиёрида сақлаб қолишни назарда тутган ҳолда, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2023 йил якунига қадар, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 2024 йил якунига қадар халқаро кредит рейтинги қўлга киритилиши, молиявий интизомга қатъий риоя этган ҳолда мустақил равишда халқаро банклар ва капитал бозоридан маблағ жалб этишга эришилишини;
• халқаро молия институтлари ва консультантлар хулосалари асосида 2022 йил 1 сентябрга қадар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, уларнинг операцион самарадорлигини ошириш, соҳага хусусий секторни жалб қилиш, бунда тажриба тариқасида, дастлаб ўн тўртта шаҳар ва туманда, аҳоли учун белгиланадиган тарифларни оширмаган ҳолда табиий газ ва электр энергиясини улгуржи харид қилиш ва сотиш функциясини хусусий операторга бериш бўйича қарор қабул қилинишини таъминласин.
12. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси:
а) икки ой муддатда “Uzbekistan Airports” АЖнинг Тошкент шаҳридаги ва ҳудудий халқаро аэропортларини модернизация қилиш ва операцион самарадорлигини ошириш учун хусусий секторга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, Фарғона водийсидаги аэропортларни мақбуллаштириш орқали улардан самарали фойдаланиш чоралари назарда тутилсин;
б) бир ой муддатда Жаҳон банкини жалб этиб, 2022 йил 1 июнга қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖни трансформация қилиш, ривожлантириш ва хусусийлаштириш стратегияси ишлаб чиқилишини таъминласин.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖни трансформация қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳ 4-иловага мувофиқ таркибда тасдиқлансин.
Ишчи гуруҳ (Ж.Қўчқоров) 2022 йил 1 августга қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖни трансформация қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини киритсин:
• ўзининг йўловчи ва юк вагонларига эга хусусий операторлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда темир йўл транспорти хизматлари бозорида рақобатни ривожлантиришга қаратилган шаффоф ва мослашувчан тариф тизимини яратиш йўли билан тариф сиёсатини такомиллаштириш;
• темир йўл транспорти корхоналарида операцион ва бизнес жараёнлар самарадорлигини ошириш, шу жумладан, хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни рақамли трансформация қилиш йўли билан интеграциялаш;
• темир йўл орқали ички ва халқаро юк ҳамда йўловчи ташувларини давлат-хусусий шериклик ёки франшиза асосида хусусий секторга бериш;
в) 2022 йил 1 августга қадар халқаро молия институтлари билан биргаликда Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида жамоат транспорти фаолиятига хусусий секторни, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.
Вазирлар Маҳкамаси 2022 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳри мисолида Нукус шаҳри ва барча вилоятлар марказларида жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб, жорий этишни бошласин.
13. Автомобиль йўллари қўмитасини ислоҳ қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳ 5-иловага мувофиқ таркибда тасдиқлансин.
Ишчи гуруҳ (Т.Ишметов) икки ой муддатда соҳада назорат ва хўжалик функцияларини аниқ чегаралаш, монополиядан чиқариш, хусусий сектор корхоналарини жалб қилиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидан пудрат ва ишлаб чиқариш корхоналарини чиқариш орқали уни ислоҳ қилиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва жалб қилинган профессионал консультантлар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар “Ўзбектелеком” АК ва “Ўзбекистон почтаси” АЖни ислоҳ қилиш стратегияси ишлаб чиқилиши ва тасдиқлаш учун кузатув кенгашига киритилишини таъминласин.
15. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) бошқарув органларининг фаолияти самарадорлигини, масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида белгилаб қўйилсинки:
• 2022 йил 1 апрелдан кейин ижро органи раҳбари сифатида тайинланган (қайта тайинланган) шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмас;
• 2022 йил 1 майдан бошлаб кузатув кенгаши аъзоларидан иборат Стратегия ва инвестициялар қўмитаси, Аудит қўмитаси, Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш ва этика қўмитаси ташкил этилади;
• кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича сайланган аъзолар фаолияти корхонада трансформация жараёнларини самарали ташкил этиш, корхонанинг ташқи қарзларини оптималлаштириш, замонавий харид тизимини жорий этиш, ушбу Фармонда назарда тутилган талабларни бажариш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга муқобил маблағларни жалб этиш каби мезонлар асосида баҳоланади.
16. Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2022 йил 1 июлдан бошлаб, давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантириш ва ижро органи аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ягона рағбатлантириш сиёсатини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. Бунда, ижро органи аъзоларига ойлик иш ҳақи ва йил якунлари бўйича бир йўла тўланадиган мукофот тўловлардан ташқари ҳар қандай қўшимча тўлов турлари бекор қилинсин.
17. Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 6-иловада кўрсатилган акциядорлик жамиятларида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини самарали ташкил этишга қаратилган махсус бошқарув тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин. Бунда:
• жамият кузатув кенгашининг Стратегия ва инвестициялар қўмитаси раиси унинг мустақил аъзолари орасидан тайинланади ва мазкур қўмитага корхонанинг трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини доимий бошқариш вазифалари юклатилади;
• жамият ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилади ва унга бўйсунадиган лойиҳа офиси ташкил этилади;
• жамият ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосарига ижро органининг барча раҳбар ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар трансформацияга тегишли масалалар бўйича ҳисобдор бўлади;
• жамият ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари ва лойиҳа офисининг харажатлар сметаси кузатув кенгаши томонидан алоҳида тасдиқланади;
• жамият кузатув кенгаши томонидан ижро органи раҳбарига хусусийлаштириш жараёнларини, шу жумладан, акцияларни оммавий жойлаштиришни (IPO) сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширганлиги учун алоҳида мукофот (мазкур Фармоннинг 16-бандида кўзда тутилган рағбатлантиришдан ташқари) ёки амалга оширмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади.
18. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги иштирокини чеклаш ва қисқартириш мақсадида, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларида назарда тутилмаган ҳолларда:
• асосий фаолиятига хос бўлмаган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки қуриш;
• рақобат ривожланган соҳада асосий фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланиш;
• асосий фаолиятига хос бўлмаган хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш ёки ундаги улушни сотиб олиш тақиқлансин.
Белгилансинки, давлат иштирокидаги корхоналар томонидан асосий фаолиятига хос бўлган янги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ёки қуриш ҳамда хўжалик жамиятлари устав капиталидаги улушни сотиб олиш, шунингдек, асосий фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланиш кузатув кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.
19. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
• давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган тижорат банклари томонидан мулкни бегоналаштириш, уни сотиш шакли ва механизми, давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг таркибидаги корхоналар устав капиталига учинчи шахслар томонидан инвестиция киритиш бўйича келишувлари (битим, шартнома, меморандум ва бошқалар) мажбурий тарзда ушбу корхоналар кузатув кенгаши билан келишилгандан кейин тузилади;
• давлат иштирокидаги корхоналарнинг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги керак ҳамда бу харажатлар улар бизнес-режасининг ўтган ҳисобот давридаги соф фойдага тааллуқли қисми кўрсаткичлари бажарилганда амалга оширилади (бундан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно).
20. Давлат солиқ хизмати органларига хўжалик жамиятларида давлат улуши бўйича дивидендлар миқдорини белгилашда молиявий натижанинг тўғри шакллантирилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилсин.
21. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2022-2024 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларнинг соҳалар кесимидаги “Йўл харитаси” 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
22. Молия вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва уни қисқартиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
23. Мазкур Фармонда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида:
Бош вазир А.Н.Арипов бошчилигида Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ тузилсин ва унинг таркиби 8-иловага мувофиқ;
Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
24. Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ (А.Н.Арипов):
• бир ой муддатда ижро муддатлари ва масъулларнинг вазифасини аниқ белгилаган ҳолда, ҳар бир корхона бўйича амалга ошириладиган ишларнинг тармоқ жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
• 6-иловада назарда тутилган корхоналарнинг кузатув кенгашлари раислари ва ижро органи раҳбарининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосарларининг ишини муҳокама қилиб, улар фаолиятини мувофиқлаштирсин ва назорат қилсин;
• ҳар бир корхона раҳбарининг мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз ва белгиланган муддатларда таъминлаш борасидаги ҳисоботини эшитиб борсин, зарур ҳолларда уларнинг ўз лавозимига лойиқлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин;
• давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ижро ҳолати бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсий ҳисоботини ҳар чоракда танқидий муҳокама қилиб борсин;
• зарур ҳолларда, давлат ташқи қарзи ҳисобига амалга оширилган алоҳида инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги ва натижадорлигини мустақил аудиторлик компаниясини жалб қилган ҳолда баҳолаш ташаббуси билан чиқсин;
• ҳар ой якуни билан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида муҳокама қилиб борсин.
25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 10-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
26. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 11-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
27. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2022 йил 8 апрель
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь