“1-горбольница”да жанжал чиқди. Шифохонага Ҳиндистондан коронавирус юқтириб келган бемор жойлаштирилдими?
Жамият
−
22 Март 2020
4372821 март куни кечки соатларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги “Ибн Сино” номли 1-сон клиник шифохонаси билан боғлиқ аудио ва видеолар тарқалди. Унда ушбу шифохонада карантинда қолаётган фуқаролар шифохонага Ҳиндистондан коронавирус инфекцияни юқтириб келган бемор жойлаштирилгани ва бу билан карантинда қолаётган 1200 кишининг ҳаёти хавф остига қўйилаётганини айтишган. Видеода эса карантинда қолаётганлар ва шифокорлар орасида жанжал чиққани тасвирланган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев ушбу ҳодисага изоҳ берди. У шундай дейди:
“Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги “Ибн Сино” номли 1-сон клиник шифохонаси билан боғлиқ аудиолар тарқалди. Унда коронавирусга чалингани тахмин қилинган бемор шифохонага жойлаштирилишига қаттиқ қаршилик кўрсатилгани, норозилик овозлари эшитилган. Мазкур воқеа бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
21 март куни соат 18:15да “Деҳли-Тошкент” йўналиши бўйича Ҳиндистондан учиб келган рейсда 254 нафар йўловчи орасида 9 ёшли бола ҳам бўлган. Сирдарёлик бу бола Ҳиндистонда бошидан операция ўтказган (кўпчилик одатда бу давлатга турли операциялар ўтказиб келиш учун боради – таҳр.) ва қайтган пайтида тана ҳарорати 39 даража бўлган.
Республикадаги вазият, шифо маскани яқинлиги ҳисобга олиниб, қолаверса “Ибн Сино” номли 1-сон клиник шифохонаси карантинга олингани ва энг муҳими – реанимация бўлимида жой борлиги учун бола шу шифохонага олиб борилган. Қолаверса, ҳар бир бемор, айниқса, болалар соғлиги учун шифокорлар жавобгардирлар.
Бу шифохонада сақланаётганлар ва уларнинг ташқарида турган яқинлари орасида “коронавирусга чалинган одам орамизга олиб келинди” деган гап тарқалиб, шифокорларнинг тушунтиришларига қарамай кескин норозиликлар билдирилган.
Кейинчалик бола бошқа ихтисослашган шифохонага жойлаштирилиб, реанимацион чора-тадбирлар амалга оширилди. Айни пайтда бола ўз кузатувчиси бўлган бобоси билан махсус жойда ва аҳволи ўртача оғирликда, коронавирусга оид лаборатор текширувлар амалга оширилмоқда. Бемор бу касалликка чалингани айни пайтда тасдиқланмаган.
Фурсатдан фойдаланиб, шундай синов даврида фуқароларимиздан осойишталикни сақлаб қолишни, ваҳимага берилмасликни, асоссиз маълумотлар таъсирига тушмасликни яна бир бор сўраб қоламиз. Унутманг, шифокорлар сизнинг соғлигингиз ва хавфсизлигингиз учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қайғурмоқдалар”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 43 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor