Янги қарор кучга кирди: якка тартибдаги ҳомийлик акцияларига тақиқ қўйилди
Жамият
−
01 Апрель 2020
18630Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатишга қаратилган қарорни қабул қилди.
Соҳа мутахассисларининг фикрлари, савобталаб ва саҳоватпеша инсонлардан келиб тушган мурожаатлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилгани инобатга олиниб, эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида кўмаклашиш учун бундай тадбирлар қуйидаги марказлашган тартибда амалга оширилади:
• Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
• Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
• жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қаътий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шаҳсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
• аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр) лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
• эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка ментазам етказиб борилади.
• Пул кўринишидаги маблағларни “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади.
• Ушбу тартибга катъий амал қилиниши талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар сони 173 нафарга етди. Уларнинг 12 нафари касалликдан фориғ бўлди, 2 киши вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor