ТИВ Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди
Жамият
−
04 Июнь 2020
8031Россия-Қозоғистон чегараси “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида 300 га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўпланган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Россия ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари берган маълумотга кўра, хабар берди.
Мазкур масала Ўзбекистоннинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Билдирилишича, ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди. Махсус комиссия қарори тўғрисида алоҳида маълумот берилади.
“Фақат 25 майдан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 8 та чартер рейси ташкиллаштирилганини эслатиб ўтамиз. Ҳозирги пайтда Махсус комиссия томонидан Россиянинг турли ҳудудларидан ҳамюртларимизни олиб келиш учун қўшимча чартер рейсларини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз. Россиянинг турли ҳудудларидаги шаҳарларига чартер рейслари ташкил қилиш устида ишлар давом этади”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш учун 1-7 июнь кунлари 9 та чартер рейс амалга ошириш белгиланганди. 26 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилиш вақтида кейинги 10 кунда хориждаги 10,5 минг ўзбекистонлик ортга қайтиши кутилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь