Оқибатини била туриб, яхши гап билан буни яшираётган шифокорга ўхшагим келмаяпти – Алламжонов

Жамият

Янги турдаги коронавирус COVID-19 ортидан кузатиладиган иқтисодий инқироз кўплаб соҳалар қаторида оммавий ахборот воситаларини ҳам четлаб ўтмайди. Бугун Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ газета-журналлари, телеканалар ва радиолар, интернет нашрлар фаолият юритмоқда. Хўш, уларнинг тақдири қандай кечади? Инқироз ОАВга қандай таъсир қилади. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов ва QALAMPIR.UZ ўртасида ўтган онлайн-мулоқотда ушбу саволлар кўтарилди. 

“Бизнинг таҳлилларимиз шуки, пандемия жуда кўплаб кутилмаган даражадаги иқтисодий  инқирозларни бошлаб берса, бунинг ОАВга ҳам таъсири катта бўлади. Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва оғир даврга кириб келмоқда. Газета нашрларига келадиган бўлсак, қўпол қилиб айтгим келмаяпти, аммо мен уларнинг келажагини кўрмаяпман. Бу инқирозлар бошланмаган тақдирда ҳам газеталар аллақачон ўтмишга айланганди.

Бир вақтлар CD-дискларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш билан қизиққан эдим. Шунда бир одам “Ўзбекистонда CD-дискларни ишлаб чиқарувчи заводни очиш керак эмас, чунки энди флешкалар пайдо бўлди, "вақти келиб CD-дисклар йўқ бўлиб кетади”, деган эди. Худди шу нуқтаи назардан интернет майдони кенгайгани сари босма оммавий ахборот воситаларининг келажаги ҳам камайиб бормоқда. Албатта, бу гапларим ушбу нашрларда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизга оғир ботиши, дилини оғритиши мумкин. Бу учун мен узр сўрайман. Лекин, ҳозир ҳолатни тўғри прогноз қилиб, тўғри мослаша олиш жуда муҳим. Ҳозир мен касаллик эртага нимага олиб келишини била туриб, яхши гап билан буни яшираётган шифокорга ўхшагим келмаяпти. Ташхисни аниқ қўяйлик. Газетанинг умри қисқа”, дейди Алламжонов.

У сўзида давом этаркан, газета ўқимаслигини, охирги марта қачон газета ўқиганини эслолмаслигини айтади. Алламжонов, ҳатто, телевизор ҳам кўрмайди.

Комилжон Аллламжоновни ўзбек журналистикасининг дарғалари, матбуот соҳасида кўп йиллик тажрибага эга устоз журналистлар газеталар ҳақида билдирган фикри учун айблашлари мумкин. Хўш, бунга Алламжонов қандай қарайди? 

“Айблашадими, дод-вой қилишадими, бошларини деворга уришадими, нима дейишса ҳам ҳақиқат шу. Ундан юз ўгира олмаймиз. Мана, оддий статистика. Ҳатто, газета чоп этадиган машиналарни ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳам аллақачон газета машиналарини ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳаракатига ўтишган. Германияда “Heidelberg” компаниясига бордик. Уларнинг тахмини шу: газета келажакда йўқ бўлиб кетади. Бўлса ҳам жуда тор доирадаги аудитория учун бўлиши мумкин. Газетанинг қоғоз кўриниши бўлмайди. 

Улар ҳозир оғир аҳволда, қандай ёрдам бериш мумкин деган саволлар кўп кўтарилади. Одамларимизда ахборотни олишнинг икки хил йўли бор. Интернет орқали ёки матбуот шохобчасига бориб, газета олиш. Пандемия шу даражада сабоқ бўляптики, рақамлаштириш масаласи кун тартибига чиқди. Мана ҳозир газеталарни қандай қилиб олиб келасиз? Ҳаммамиз карантиндамиз, газета олиб бориш ҳам, матбуот дўконига чиқиш ҳам мумкинмас. Карантин қанча давом этиши эса номаълум. Лекин веб-сайтлар, блогерлар ишлаяпти. Газеталаримизнинг аҳволи яхши эмас, жуда ланж аҳволда. Улар тезда интернетга мослашмаса, бу кетишда қийин бўлади”. 


Мақола муаллифи

Теглар

Комилжон Алламжонов

Баҳолаганлар

283

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг