Путин Россияда туғилиш кўрсаткичи тушиб кетганини танқид қилди

Олам 3961
image

Бугун, 15 январь куни Россия Президенти Владимир Путин Федерал Мажлисда мурожаат йўллади. Ушбу йиғилишда Федерал Кенгаш аъзолари, Давлат думасининг депутатлари, ҳукумат аъзолари, Конституцион ва Юқори суд раҳбарлари, губернаторлик корпуси, жамоат арбоблари, мамлакатдаги йирик ОАВ раҳбарлари сингари 1300 га яқин киши иштирок этди. Анъанага кўра, давлат раҳбари келгуси йил учун мамлакатни ички ва ташқи сиёсатда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўзлади.

“Федерал Мажлисга мурожаат илк бор йил бошида эълон қилинмоқда. Биз мамлакат олдида турган кенг кўламли ижтимоий, иқтисодий ва технологик муаммоларни зудлик билан ҳал қилишимиз керак”, - деди Путин мурожаатига кириш қилар экан.   

Президент мамлакатдаги демография муаммосига тўхталиб ўтди. У “муносиб турмуш тарзи” ҳақида гапирар экан, Россияда айни дамда 147 миллион аҳоли истиқомат қилаётгани, аммо оғир демографик даврни бошдан ўтказаётганини таъкидлади.

“Туғилиш сони яна пасаймоқда. 2019 йилда туғилиш сонининг умумий даражаси 1,5 га тенг. Бу эса бизнинг мамлакатимиз учун етарли эмас. Келгуси ўн йилликнинг ўрталарига келиб, Россия демографиянинг барқарор ўсишига эришиш керак. 2024 йилга келиб, натижа 1,7 коэффициентни кўрсатиши лозим”, - деди Владимир Путин.  

Маълумот ўрнида: Президент йилига бир марта мамлакатдаги вазият, ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари тўғрисида Федерал Мажлисга мурожаат қилади. Мурожаат сиёсий, иқтисодий, мафкуравий ҳолат мавзуларини, шунингдек, парламентнинг ҳар иккала палатасига қонун ижодкорлиги бўйича таклифларни ўз ичига қамраб олади.

Сарвар Анвар ўғли

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 114
Рейтинг: 2.8
t
×