“Буларнинг кўз ёшига ким жавоб беради?”: Вазирда сенаторнинг саволига жўяли жавоб топилмади
Жамият
−
01 Декабрь 2019
38660Кеча, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида хусусий бандлик агентликларига алданиб, миллионлаб пулларидан ажраб қолган қолган фуқаролар масаласи кўтарилди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан хусусий агентликларга лицензия беришда механизм нега мукаммал ишлаб чиқилмаганини сўради.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан тадбиркорлик субъектларига аҳолини иш билан таъминлаш хизматларини кўрсатиш имконияти яратилганини таъкидлади. Бунгача бу хизмат давлат идоралари томонидан амалга оширилган.
“Бугунги кунда 93 та хусусий бандлик агентликлари рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият юритяпти. Уларнинг 58 таси хорижда фуқароларни ишга жойлаштириш ҳуқуқига эга. Шулардан 4 та агентлик фаолиятида қонун бузилишига йўл қўйилган ва ҳозирда текширув ишлари олиб бориляпти. Булар бўйича жиноят иши очилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа вазирликлар билан биргаликда мавжуд қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузиш моддаси киритиляпти. Шунингдек, агентлик фуқаро билан тузилган шартнома шартларини бажармаслик ҳолатлари учун молиявий ҳамда биринчи ва иккинчи босқич жарима қўллаш механизмлари жорий қилиняпти”, деб жавоб қайтарди Нозим Ҳусанов.
Вазирнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси тасдиғидан ўтган. Бугунги кунда лойиҳани Сенатга киритиш учун тайёргарлик кўриляпти.
Савол берган сенатор Фаррух Дадахўжаев жавоб умуман қониқтирмаганини айтиб, вазирнинг жавобини олиб қочиш деб баҳолади. Сенатор қонун лойиҳаси тайёрланганда фуқароларни муҳофаза қилиш механизми ишлаб чиқилмаганига урғу берди.
Вазиятга Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов аралашиб, сенаторнинг саволи юзасидан тушунтириш берди. У бу масала ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётгани, жабрланувчилар томонидан Вазирлар Маҳкамасига, бошқа идораларга, жумладан, Сенат аъзоларига мурожаатлар тушаётганини маълум қилди.
“Ҳақиқатдан ҳам қонун қабул қилингандан кейин, тегишли вазирлик томонидан фуқаролар манфаатини ҳимоялаш тизими ишлаб чиқлмаган. Мана ҳозир бир қанча механизмлар ишлаб чиқдик деб айтишди. Очиқ айтганда, бу аввалдан кўплаб муаммолар йиғилган жуда оғир соҳа. Ёшларимизнинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали чет элга кетишида ҳам кўплаб коррупция ҳолатлари учраган. Бир неча раҳбарлари ҳозир жиноий жавобгарликка тортилганидан барчамизнинг хабаримиз бор. Соҳага хусусий секторни жалб қилиб, у орқали самарали тизим яратиш мақсадида қабул қилган қонунимиз ҳам гувоҳ бўляпмизки, ўз самарасини бермаяпти. Негаки, унинг ижроси юзасидан тегишли чоралар кўрилмаган.
Эндиликда биринчи бўлиб, жабрланган фуқароларнинг ҳимоясини ўйлашимиз керак. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ўз жамғармалари бор. Шу жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқароларнинг манфаатини тиклаб, кейин вазирлик қонун бузган шахслар билан судлашиб, маблағларни ундириши масаласини кўриб чиқиш керак.
Аслида, бу соҳанинг хусусий секторга берилиши қанчалик тўғрилигини қайта кўриб чиқиш керак. Уларга рухсат берилдими, демак соҳада мутахассислар ишлаши керак”, деди Азиз Абдуҳакимов.
Бош вазир ўринбосари ҳозир тергов ҳаракати давом этаётганини ва бунга аралашиб бўлмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳуқуқ тартибот органлари вазирлик ва агентликларнинг мутасаддиларига, жумладан, фирмаларнинг ҳозирда четга чиқиб олган улушдорлари ҳамда таъсисчиларини жиноий жавобгарликка тортишини маълум қилди. Абдуҳакимов сўзи якунида масала барибир очиқ қолагинини қайд этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь