Президент ҚҚС ставкасини камайтириш бўйича топшириқ берди
Жамият
−
11 Сентябрь 2019
6937Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур йиғилишда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертлари иштирокида тузилган Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш бўйича инспекция солиқ резервларини ўрганиш ва тушумларни кўпайтиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Ушбу ишларнинг самарасини ошириш учун йирик солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб фактураларига ўтказиш ва уларни бухгалтерияни компьютерда юритиш дастурларига боғлаш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, Молия вазирлигига қўшилган қиймат солиғи ставкасини камайтириш бўйича аниқ асосланган таклиф киритиш топширилди.
Бундан ташқари, бюджет тушумларининг 21 фоизини таъминлайдиган 20 та шаҳар ва туман билан бевосита ишлаш учун уларга мутасадди раҳбарлар бириктирилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги Солиқ кодексига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан барча турдаги маҳсулотлар учун 20 фоизлик қўшилган қиймат солиғи жорий қилинди. Фақатгина баъзи маҳсулотлар ҚҚСдан озод қилинди.