Самарқанддаги пранк машмашаси, суди давом этаётган Аҳмадбой, Безоснинг млрдларга тушган ажрими ва бошқа хабарлар
Жамият
−
06 Июль 2019
58746 июль куни ҳам ниҳоясига етиб қолди. Қуйида сиз билан куннинг муҳим хабарларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
Видео: Самарқанддаги шов-шувли воқеа ҳазил бўлиб чиқди
Кеча, 5 июль куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида ниқоб таққан йигит трамвайга чиқиб, номаълум суюқликни сепиши оқибатида бир неча киши ҳушидан кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларга видео ҳам илова қилинганди. Видеодаги воқеа пранк (тармоқ ҳазили) экани маълум бўлди. Видео катта шов-шувга сабаб бўлгач, уни уюштирганларнинг ўзи ҳаммаси ҳазил эканини маълум қилиб, кечирим сўради.
Фарғона вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салим Қодиров ўз ихтиёрига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳар бош имом-хатиби ва “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Фарғона вилояти бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Судочье кўлида содир бўлган ёнғин сабаблари маълум бўлди
Қорақалпоғистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Судочье кўлида ёнғин юз беришига табиий офат сабаб бўлган. Судочье кўлига эгалик қилувчи “Муйнак аква саноат” ДУК расмийларининг хабар қилишича, ёнғин кўлнинг суви йўқ ёки саёз жойлардаги қамишзорларда содир бўлган. Ёнғин 4 июль кунги чақмоқ уришидан кейин бошланган ва келгуси куни ҳам кечгача давом этган. Олов шамол кучи билан вақти-вақти кучайиб, кўлами кенгайиб борган.
Арипов Москвада Медведев билан учрашади. У “Ўзбекистон” павильонини очиб беради
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Москвага боради. У жорий йилнинг 10 июль куни Россия Федерацияси Бош вазири Дмитрий Медведев билан музокаралар ўтказaди. Ўзбекистон Бош вазири ва Россия Бош вазири ўринбосари Ольга Голодец Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) ҳудудида “Ўзбекистон” павильонини очиб беради.
Ўзбекистон иқтисодининг кучли ва кучсиз томонлари
“S&P Global Ratings” агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги қайта баҳоланганини маълум қилди. Унга кўра, мамлакат суверен кредит рейтинги “ВВ-” (“Барқарор” прогнози) даражасида қайд этилди. Агентлик Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли ва кучсиз томонларини айтиб ўтди.
ТИВ Россиядаги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига консуллик хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 2019-йилнинг 1-июл санасидан Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси Консуллик бўлими негизида етти каналли “Cаll-center” ишга туширилди.
Биз ишлаб чиқараётган автомобилларнинг сифати Lada’никидан яхшироқ – UzAuto Motors раҳбари
Асакада жойлашган UzAuto Motors’га уюштирилган медиа-тур давомида ташкиллаштирилган Матбуот анжуманида UzAuto Motors заводи бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов заводда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ва Lada автомобиллари сифати даражаси ҳақида фикр билдириб ўтди.
Мирзиёев 2 йил олдин ёпиб юбориш керак деган завод ўтган йили 1 трлн 375 млрд даромад қилган
QALAMPIR.UZ мухбирининг маълум қилишича, UzAuto Motors заводи 2019 йилда 1 трлн 375 млрд сўм соф фойда кўрган. Бу ҳақда Асакада жойлашган UzAuto Motors’га уюштирилган медиа-тур давомида ташкиллаштирилган Матбуот анжуманида завод бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистларга маълум қилди.
Журналистлар томонидан завод раҳбарига, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида Асака шаҳрида ҳам бўлиб, завод фаолиятини кескин танқид остига олагни эслатилди ва Рустам Ражабовдан президентнинг “Заводни ёпиб юбориш керак”, дея билдирган кескин танқидига изоҳ сўралди.
Видео: Аҳмадбойдан жабрланганларга пуллари қайтариб берилади
Айни пайтда жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд бўлиб ўтмоқда.
Ушбу суд жараёнини кўриб чиқаётган судянинг маълум қилишича, Аҳмадбойдан жабр кўрганларга пуллари қайтарилади.
Видео: “Ипподром” ва “Ўрикзор” бозорлари яқинидаги йўлларга кузатув камералари ўрнатилди
“Чилонзор” буюм бозори ва “Ўрикзор” савдо мажмуаси жойлашган йўлларда кузатув камералари ўрнатилди. Бу ҳақда “Давр” информацион дастури лавҳасида маълум қилинди.
Камералар бозор атрофида, тақиқланган жойда автомобилини қолдириб кетаётган ҳайдовчиларни жаримага тортишга мўлжалланган.
Дунёнинг энг бой одами рафиқаси билан ажрашди
Amazon компанияси раҳбари Жефф Безос хотини Маккензи билан ажрашганини расмийлаштирди. Маълумотларга кўра, никоҳнинг бекор қилиниши ҳақидаги расмий ҳужжатга Вашингтон штати Кинг округи судьяси имзолаган. Эндиликда Amazon компаниясининг 38,3 млрд долларга тенг 19,7 млн акциясини Безоснинг собиқ хотинига ўтказиш жараёнини бошлаш мумкин. Бу Маккензини дунёнинг энг бой аёлларидан бирига айлантиради. Маккензи хоним бойлигининг ярмини хайрия ишларига сарфлашини маълум қилган.
Бутун жаҳон талабалари Универсиадасида иккинчи медаль қўлга киритилди
Италиянинг Неаполь шаҳрида Бутунжаҳон талабалари ўртасида ўтказилаётган Универсиада ўйинларининг иккинчи кун беллашувлари ўз поёнига етди. Эътиборлиси, ушбу кун доирасида баҳсларга киришган Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари яна бир медални делегация ҳисобига қўшиб қўйишди.
“Барселона” илк трансфери тақдимотини ўтказди
Каталониянинг “Барселона” клуби янги мавсум аввалидаги илк трансферини омма олдида таништирди. Каталонияликлар қишдаёқ “Аякс” ярим ҳимоячиси Френки де Йонгни ўз сафига қўшиб олганди. Лекин шартномага кўра футболчи жорий йилнинг ёзида клуб ихтиёрига келиб қўшилиши керак эди.
ПСЖ Неймарни “Барселона”га эмас, “Реал”га сотмоқчи
Франциянинг ПСЖ клуби Бразилия терма жамоаси футболчиси Неймарни “Барселона”га сотишни хоҳламаяпти. Бунга сабаб сифатида каталонияликлар ПСЖни огоҳлантирмай туриб Неймар билан келишиб олганлиги айтилмоқда.
Нурмуҳамедов навбатдаги жанг олдидан ваъда берди
Бугун, 6 июль куни Россиялик аралаш кураш жангчиси (ММА) Ҳабиб Нурмуҳамедов матбуот анжумани вақтида америкалик спортчи Дастин Порье билан ўтадиган жанг ҳақида гапирди.
“Ўтган жангда нима қилганим ёдингиздами? Унвонни ҳимоя қилдим. Абу-Дабида ҳам ҳудди шундай қиламан. Бироқ бу сафар октагондан сакрашсиз бўлади. Рақибимга келсак, Порье жуда яхши жангчи. Унинг боксчилик кўникмалари яхши ривожланган ва ҳаракати ҳам тез”, деган россиялик спортчи.
“Арсенал” “Барселона” ва “Реал” футболчилари билан музокара ўтказмоқда
Лондоннинг “Арсенал” клуби жорий ёзда ўз сафига бир қатор кучли футболчиларни қўшиб олиш учун музокаралар ўтказмоқда.
Айни пайтда “кононирлар” Каталониянинг “Барселона” клубидан бразилиялик форвард Малкомни харид қилиш учун музокаралар ўтказмоқда. “Кўк-анорранглилар” раҳбарияти футболчини сотиб юборишга қарши эмас. Аммо трансфердан 40 млн евро ишлаб олишни мақсад қилмоқда. Лондонликлар эса футболчи учун 30 млн таклиф қилмоқда.
LiveБарчаси