Гулнора соғми? Омбудсманнинг айтгани адвокатникига тўғри келмаяпти

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) жорий йилнинг июнь ойида Тошкент вилоятида Зангиота туманида жойлашган умумий режимдаги аёллар колониясида бўлиб, 2017 йилдан буён бу ерда сақланаётдан маҳукумалардан тушган 203 та мурожаатни ўрганган.

Омбудсман ташрифи давомида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова билан ҳам учрашган.  Бу ҳақда Омбудсманнинг расмий сайтида хабар берилмоқда. 

"Суҳбат чоғида у (Г.Каримова) эътибор ва ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам учун ташкилотнинг тиббиёт ходимларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ўрганишлар давомида муассаса томонидан Гулнора Каримованинг тиббий кўрикдан ўтказилиши учун кардиология, неврология, гастроэнтерология, эндокринология ва гинекология соҳасида етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилди. Шунингдек, алоҳида тиббий кўриклар ИИВ марказий госпиталида амалга оширилган. Гулнора Каримова шифокорлар тавсиясига кўра, тизимли асосда керакли тиббий препаратларни қабул қилмоқда. Бугунги кунда унинг саломатлигм умумий жиҳатдан қониқарли ва соғлом овқатланиш рациони ташкил этилган", дейилади хабарда. 

Мазкур хабар бугун, 23 июнь куни эълон қилинди. Ҳолбуки, бундан бир ҳафта аввал Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари - Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа Тошкентга келгани, Зангиотадаги колонияда бўлгани ва мижозининг аҳволи оғирлигини ёзганди.

“Зангиотадан қайтяпман. Мижозим ёмон аҳволда. Қон босими юқори. Оёғи тўла боғланган. Ҳеч қандай тиббий муолажа йўқ. Бир неча марта ҳушини йўқотди. Ҳукуматга асосий саволим: Зангиота, нега ва қачонгача?”, деган савол билан мурожаат қилганди Манжа. 

Манжа Ҳукуматнинг навбатдаги сукутидан кейин Зангиотадаги колонияга ташрифи давомида юзлаб маҳбус аёлларни кўргани, аммо бирор марта ҳам ҳимоячиларни учратмаганини айтиб чиқди.

“Зангиотага сўнгги 4 марта борган вақтимда юзлаб маҳбус аёлларни кўрдим. Аммо у ерда ўша аёлларни ҳимоя қиладиган, уларнинг қанча жазо муддати қолгани, қамоқдаги ҳуқуқлари ва муддатидан аввал шартли озод бўлиш имкониятлари ҳақида уларга ахборот берадиган адвокатларни бирор марта ҳам учратмадим”, деган Грегуар Манжа.

Эслатиб ўтамиз, бугун Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова онасининг сўнгги олти йил ичидаги илк мурожаатини эълон қилган эди. Унда Каримова қилган хатолари учун халқдан узр сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

175

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг