Саида Мирзиёева давлат идоралари раҳбарларини кескин танқид қилди (видео)
Жамият
−
29 Май 2019
37619Аввал хабар берганимиздек, айни вақтда Тошкентдаги “Hyatt ragency Tashkent” меҳмонхонасида “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Қуйида унинг конференциядаги нутқини тўлиқ шаклда ҳавола этамиз.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёеванинг “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги республика конференциясидаги нутқи
Ҳурматли конференция иштирокчилари,Дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хонимлар ва жаноблар!
Бугунги кунда мамлакатимизда кенг кўламли ўзгаришлар, халқнинг муносиб ҳаёт кечиришига қаратилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.
Бу ўзгаришлар мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка ва дунё ҳамжамиятига холис, ишончли, тезкор ва тўлақонли етказиб беришда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари, айниқса, давлат ахборот хизматларининг самарали фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, ахборот хизматлари давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни амалга оширишда ўзаро боғлаб турувчи “кўприк” вазифасини бажаради. Халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро мулоқот қанчалик яхши таъминланса, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончива ҳурмати шунчалик ортади.
Шу ўринда нима учун матбуот амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга, кўп омиллар қатори вазирлик ва идора раҳбарларининг матбуот котиби ёки ахборот хизматларига нисбатан эътиборсиз муносабатини асосий сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.
Бу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Агентлик зиммасига яна бир муҳим – давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш ва бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси ҳам юклатилган.
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
Ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада энг асосий муаммо – бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги концептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир.
Ҳозир ушбу ҳужжат тайёрланмоқда. Аммо уни амалга оширувчи ахборот хизматларининг фаолияти бугунги ислоҳотлар талабига жавоб берадими? Улар ишини янада фаоллаштириш ва такомиллаштириш учун нималар тўсиқ бўлмоқда? Бу саволлар долзарб бўлиб қолмоқда.
Афсуски, уларнинг иш юритиш тартиби, ахборот тарқатиш усул ва механизмлари замон талабларига мутлақо мос эмас, десак хато бўлмайди.
Яна бир энг асосий масалага эътиборингизни қаратишни истар эдим. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларида ахборот хизматлари фаолияти деярли олиб борилмаяпти. Иш ҳажмларининг кўплиги ва қўшимча топшириқлар билан бандлиги сабабли ахборот хизматлари фаолияти қониқарсиз аҳволда қолиб кетмоқда.
Бундан ташқари, 10 дан ортиқ республика даражасидаги давлат ташкилотларида ҳамда 200 га яқин туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизматлари фаолияти ташкил этилмаган. Умуман олганда, давлат ташкилотларида ахборот хизматларига етарлича штат бирликлари ажратилмагани сабабли ишлар ниҳоятда суст олиб борилмоқда, уларнинг мавқеи ҳануз пастлигича қолмоқда.
Кўпгина давлат органларининг раҳбарлари ушбу муҳим масалага жиддий эътибор қаратмаяпти, ахборот хизматларининг моддий-техник базаси яратилмаган, штатлар малакали мутахассислар билан тўлдирилмаган.
Кўплаб давлат органларининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мобиль мессенжерлар орқали тезкор ахборот тарқатиш ишлари оқсамоқда. Оқибатда давлат органларининг интернет тармоғидаги расмий манбаларидан фойдаланувчилар сони ниҳоятда камлигича қолмоқда.
Уларнинг веб-сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаларига мурожаат қилувчилар 150 минг, Telegram тармоғидаги аъзолари 300 минг нафардан ошмайди.
Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ортиқ эканини ҳисобга олсак, юқоридаги кўрсаткичлардан ўзингиз хулоса чиқариб олишингиз мумкин.
Бу эса ўз навбатида, юртдошларимизнинг ўзини қизиқтирган ахборотларни хорижий манбалардан излашига ёки муаммоли мурожаатларини чет эл оммавий ахборот воситалари орқали чоп эттириб, давлат идоралари эътиборини жалб қилишига олиб келмоқда.
Қолаверса, Президент ёки Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, долзарб ташаббуслар ва дастурларнинг асосий моҳияти ва тафсилотлари аҳолига тўлақонли етказиб берилмаяпти, хорижда ҳам таҳлилий жиҳатдан етарлича ёритилмаяпти.
Агар ҳар қайси давлат органлари раҳбарлари ўз иши самарадорлигини таъминламоқчи бўлса, албатта, биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан фаол мулоқот қилиши талаб этилади. Бунинг учун ахборот хизматлари ишини тубдан такомиллаштириш лозим.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга оид янги ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни даврнинг ўзи олдимизга қўймоқда. Бу борада ушбу кечиктириб бўлмас вазифаларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, давлат органларининг ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги Концепцияни қабул қилиш зарурияти тобора ошиб бормоқда.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот соҳасидаги фаолиятининг аниқ йўналиш, вазифа ва ваколатлари ҳамда мажбуриятларини белгилаб беради.
Иккинчидан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини қабул қилиш таклифи илгари сурилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги вақтда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унда илк бор ахборот хизматларининг асосий вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака ошириш имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий кафолатланмоқда.
Жумладан, Ахборот хизмати раҳбарининг мақомини ошириш, уни давлат органи раҳбарининг маслаҳатчисига айлантириш, иш ҳақи, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масаласи бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштириш таклиф этилмоқда.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг имижи ва нуфузини халқаро майдонда ошириш бўйича мутлақо янги механизм яратиш, яъни республикамизнинг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида мавжуд пресс-атташе лавозимларини ахборот иши бўйича маслаҳатчи лавозимига ўзгартириш ҳақида таклиф киритилмоқда.
Лойиҳада ахборот хизматининг вазифалари аниқлаштирилган. Яъни бунда веб-сайтни юритиш, оммавий ахборот воситалари учун тадбирлар ташкил этиш каби умумий вазифалар қаторига ташкилотлар имижини шакллантириш ва ривожлантириш, давлат органлари ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш киритилмоқда.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида эълон қилинган ҳамда аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган чиқишларга тезкор муносабат билдириш каби аниқ вазифа ва йўналишлар қўшилмоқда.
Тўртинчидан, Ахборот хизматлари давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида тўрт нафар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бўйсинувидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) ҳокимликларида камида икки нафар ходимдан иборат таркибда ташкил этилиши белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, кейинчалик давлат мукофотларига тавсия қилиш, бошқа шаклдаги тақдирлаш ва рағбатлантириш мақсадида ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларива рейтинг тизимиҳам ишлаб чиқилади.
Бешинчидан, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги факультет ҳамда матбуот котиби тайёрлаш бўйича магистратура йўналишини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари малакасини мунтазам ошириб бориш, уларга соҳага оид замонавий тенденциялар ва билимларни етказиб бериш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳар икки йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқувларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ишларнинг ижроси очиқ ва адолатли демократик жамиятда аҳолининг ахборот майдонидаги фаоллиги ва хулқини шакллантириш, сиёсий
ва ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳаза ваамалий таклифларингизнибилдиришингизни сўрар эдим.
Эътиборингиз учункатта раҳмат!
LiveБарчаси