Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг аҳволи қандай?
Жамият
−
15 Март
12291Ҳар куни турли мавзулар муҳокама қилинади. Лекин журналистлар доим ҳам очиқланмайдиган, сир тутиладиган ҳужжатларни топиш, кириш қийин бўлган муассасалардан репортажлар тайёрлашни истайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб мамлакатларда хавфсизлик нуқтаи назаридан кириш мушкул бўлган ёпиқ муассасалар бор. Масалан, улардан бири жазони ижро этиш колониялари. Яъни қамоқхоналар. 2022 йилнинг ноябрь ойидаги маълумотларга кўра, Республикада 54 та жазони ижро этиш колонияси бор. Уларнинг 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналари ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 26 мингдан зиёд маҳкум сақланмоқда.
Жазони ижро этиш департаментида бўлган QALAMPIR.UZ журналистлари сизни маҳкумларнинг қандай тартиб ва шароитда сақланиши, жазавага тушганда қайси хонага олиб кирилиши, ички тартибни бузганлар сақланадиган изолятор хонаси билан таништиради. ЖИЭД бошлиғининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Жасурбек Тошматовнинг маълум қилишича, бугунги кунда 2 та колонияга тўлиқ кузатув камералари ўрнатилган.
“Бу камераларни кузатиш орқали реал вақт ичида маҳкумни назорат қила оламиз. Кузатув давомида нафақат маҳкумнинг тартибга бўйсуниши, балки ходимларнинг тўғри хизмат ўташини ҳам кўришимиз мумкин. Жазони ижро этиш тизимида 2021 йилгача 2000 та, 2021 йилдан кейин ҳозирги кунгача 6500 дан ортиқ камералар ўрнатилган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятидаги 5-сон тергов ҳибсхонаси ва Фарғона вилоятидаги 10-сон тергов ҳибсхонасидаги ҳужраларнинг ичигача камера қўйилган”, дейди ЖИЭД бошлиғининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Жасурбек Тошматов.
Тошматовнинг қўшимча қилишича, кузатув камералари орқали нафақат маҳкумнинг жазо ўташ тартиби балки, ходимнинг ишини қанчалик тўғри бажараётгани ҳам назорат қилинади. Шунингдек, камералардан нафақат колониянинг ичи, балки ташқи томонлари, минорадан атрофни кузатаётган аскарнинг ҳолатини кўриш, уларнинг уйғоқлик даражасини ҳам кузатиш мумкин.
“Камералар миноралар ва ундаги аскарнинг ҳолатини ҳам кўрсатади. Агар аскарларнинг ухлаб қолиш ҳолати кузатилса, камерада қизил чизиқ пайдо бўлади ва бундан аскар ҳаракатсиз ҳолга келганини билиш мумкин. Департаментдан кузатаётган назоратчилар “аскар ухлама” деб команда ҳам бера олади”, дейди ЖИЭД бошлиғи ўринбосари.
Шу вақтгача қамоқда жазо ўтаётган ва жазавага тушган маҳкумларга “тинчлантириш кўйлаги” (рубашка) қўлланилгани ҳақида билсангиз керак. ИИВ тинчлантиришнинг бу услубидан 2022 йилда воз кечди ва колонияларда алоҳида тинчлантирувчи махсус хоналар ташкил қилинди. Хўш, бу хона қандай кўринишда?
“Олдинлари наркотик модда истеъмол қилган, ичкиликка ружу қўйган шахслар қамалганда "ломкаси" келиб қолган вақтда тинчлантирувчи кийим кийдирилар эди. Ҳозир бу кийимдан воз кечилди ва юмшоқ қопламали хона қилинди. Маҳкумнинг жазаваси тутганда, у шу хонага олиб кирилади. Унга зарар етмайди. Бу хона ҳам тўлиқ кузатилади”, дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Кузатув камераларини Ўзбекистондаги барча қамоқхоналарга ўрнатилишини айтган департамент раҳбарининг ўринбосари колонияда сақланаётган маҳкумларнинг камераларни синдириш ҳолатлари ҳам кузатилганини яширмади.
“Албатта, бундай ҳолатларни истисно қилиш мумкин эмас. Маҳкумлар муассасага келганида уларнинг ҳар бири Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан таништирилади. Жазони ўташ тартиблари тушунтирилади. Камерани синдириб юборган маҳкумлар ҳам бор. Бу ҳолатларда камерани янгидан қўйиш харажатлари маҳкумнинг ота-онаси томонидан қопланади”, дейди Тошматов.
Тергов ҳибсхонаси ёки қамоқхона бўладими, аҳамиятсиз, барча ёпиқ турдаги муассасалар тўлиқ камералаштирилиши керак. Бу маҳкумнинг ҳам, ходимнинг ҳам хавфсизлиги учун жуда муҳим. Афсуски, бугунги кунда жазони ижро этиш колониялари тўлиқ камералаштирилмаган. Бунинг асосий сабаби эса маблағ.
“Камераларни ўрнатиш маблағга бориб тақалади. Ҳар бир камера ўртача 3 млн сўм туради. Бугунги кунда 9114 та камера керак бўларкан. Агар ўртача 3 млндан ҳисоблаганда, бизга 24 млрд сўм маблағ талаб этилади. 2023 йилнинг ўзида 2830 та камера ўрнатилди. Бугунги кунда 2 та тергов ҳибсхонаси тўлиқ камералаштирилган. Сабаби айнан шу ҳибсхоналардан мурожаатлар кўпроқ келиб тушди. Бугунги кунда 1728 та ҳужра бор. Бу шунча камера бор дегани. Барчаси камера назоратида бўлади. Умумий қилиб айтганда, жазони ижро этиш муассасасидаги инсон ҳаракатланиши мумкин бўлган барча ҳудудлар камера билан қамраб олинган.
“2030 стратегияси”нинг 84-мақсадига асосан ҳужраларнинг ичларини ҳам камералаштириш ишлари кетяпти. Юқорида айтилганидек, Қашқадарё ва Фарғонадаги биттадан ЖИЭКлар тўлиқ камералаштирилган.
Камера назорати нафақат ЖИЭД томонидан, балки ҳар бир колониядаги назоратчи, минтақадаги ходимлар томонидан ҳам кузатиб борилади. Бизнинг асосий мақсадимиз хизмат ўтаётган ходим хизматини йўриқномага, қонунга асосан тўғри ўташи. Унинг онгига мен доим кузатув остидаман, хизматни тўғри ўтай, деган сигнални юбориш”, дейди у.
Муҳими, жиноятчи қилган айбига яраша жазо олсин. Жазони ижро этиш муассасаларига кирганларнинг ўлиги чиқмасин, муҳими жиноятчи бўлса ҳам уларнинг белгиланган ҳуқуқлари бузилмасин. Камералар барча колонияларга ўрнатилсин ва ишласинки, кимдир тазйиқ бўлганини айтганда, камераларнинг кўзи кўр бўлиб, ишламай, бу ёзувлар қайд қилинмагани айтилмасин.
LiveБарчаси