Зокиржон Алматов Қора қамишдаги жиноий тўдалар ҳақида гапирди

3-саҳифа

Кўпчиликка маълум 2023 йил сўнггида “Долзарб 40 кунлик” тадбири ўтказилиб, Республика кўплаб жиноятчилардан тозаланди. Ҳар холда Тошкент шаҳар ИИББ шундай маълумот берди. Уюшган гуруҳлар, унга бошчилик қилганлар, ўзини муаммони ҳал қилувчи одамдек тутганларнинг барчаси қамоққа олингани айтилди. 

Қўлга олинганлар орасида “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев, “Саидазиз Медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев, “Бузрук” лақабли Бузрук Акмалович Бузруков “Завхоз”, “Зики эски шаҳар”, халқ орасида “Салимбойвачча” дейиладиган Салим Абдувалиев ва бошқа кўплаб шахслар қўлга олинди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

26 январь куни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2023 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилишида сўзлаган собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов айнан “Долзарб 40 кунлик” тадбири ҳақида сўз очди.

“Яқинда Ўзбекистонда уюшган жиноятчиликка қарши бир неча ойлардан бери тайёргарлик кўрилган катта тадбир ўтказилди. Оғир жиноят содир қилганликда айбланган 230 дан ортиқ шахс ушланиб жиноий жавобгарликка тортиляпти. Кўп ёшларимиз жиноий тўдаларга кириб кетишган. Бу бизнинг ҳам айбимиз: одамлар қийналган, товламачилик қурбони бўлган. Бу масалаларга эътибор бермаганимиз энг катта камчилигимиз бўлса керак. Жиноят оламининг кўзга кўринган шахслари жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳозир қамоқда ўтирибди. Ўзининг хатти-ҳаракатларига жавоб бера олишмаяпти. Шу одамларга етарлича тарбия берилмагани, тушунтириш олиб борилмагани учун вазият шу даражага етди. “Қорақамиш зонаси”даги уюшган жиноятчиларнинг ичидан 40 тадан 50 тагача ёш спортсмен болалар тамагирлик билан шуғулланган, куч ишлатиб, товламачилик, босқинчилик қилган”, дейди Зокиржон Алматов.

ИИВ маслаҳатчисига кўра, 2022 йилга қараганда 2023 йилда айрим жиноятлар сони камайган. У жиноятчилик статистикасига тўхталар экан афсус билан номусга тегиш, оилавий зўравонлик жиноятлари ортиб бораётганини қўшимча қилди.

“Жами жиноятлар 1,2 фоизга қисқариб, 2000 дан ортиқ жиноятларни қисқартиришга муваффақ бўлдик. Энг оғир жиноятлардан бўлган қотилликлар камайди. Бироқ айни пайтда оғир тан жароҳати етказиш жинояти – 11,7 фоизга, номусга тегиш – 26 фоизга кўпайган. Энг оғир жиноятлардан бири ҳисобланган босқинчилик жинояти – 28,4 фоизга, талончилик – 11,8 фоизга, фирибгарлик – 15 фоизга, ўғрилик жинояти – 2,5 фоизга қисқаришига эришилди. Ўлим билан боғлиқ ЙТҲ – 6,6 фоизга камайди. Жиноят содир этган шахсларни сони ҳам 1,4 фоизга қисқарди. Аввал бу рақамлар 90 минг бўлган бўлса, ҳозирга келиб 88 мингга камайган. Бугунга келиб 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган жазога тортилганлар сони 3,6 фоизга қисқарди. Лекин 14-18 ёшлар орасидаги жиноятчилик 15,6 фоизга ошиб кетди”, дейди собиқ вазир. 

Алматовнинг айтишича, у кўплаб оммавий ахборот воситаларини мунтазам кузатиб боради. Жумладан, QALAMPIR.UZ’ни ҳам. Унинг айтишича, журналистлар кўпинча ички ишлар ходимлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ёзади. Ички ишлар вазири маслаҳатчисига кўра, ИИО ходимлари томонидан содир этилган ножўя ҳаракат, қийноққа солиш ҳолатлари ёки бошқалар таҳлил қилинади ва ходимларга қаттиқ жазо берилади.

Алматовнинг қийноқ деб қайси ҳолатларни келтирганини тушунгандирсиз. Ёдингизда бўлмаса эслатиб ўтамиз. Тошкент вилояти Бўка тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга жалб этилган фуқаро қийноқ оқибатида вафот этгани, бундан ташқари Андижон ва Қашқадарёда, Чилонзор туман ИИБда ёш йигит ўз жонига қасд қилгани, яқинда эса Чирчиқ шаҳар ИИБда ўзини осгани, аммо баданида жароҳатлари борлиги айтилган 22 ёшли боланинг ўлиги чиққани. Бу ҳолатларни кўпчилик эслайди. Собиқ вазирга кўра қийноқ қўллаганларнинг барчаси ўз жазосини олмоқда.

“Ички ишларнинг бир нечта ходимлари жиноятни очаман, деб фуқароларга қийноқ қўллагани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бизнинг асосий мақсадимиз, тизимда профессионалларнинг ишлаши. Тизимдаги айрим ходимларнинг қилғилиғи оқибатида вафот этганлар ҳам бўлди. Уларга жуда қаттиқ жазо берилди, жиноят иши қўзғатилди”, дейди Алматов.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Зокиржон Алматов ИИБ Долзарб 40 кунлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг