Собиқ мулозим Бурхонов Сенатда ИИВга адвокатми?
Таҳлил
−
19 Январь
11427Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилингани ва бу муҳокамаларга сабаб бўлгани ёдингизда бўлса керак. Бу лойиҳага Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам эътироз билдирганди. Аммо мажлисларда гапирадиган, одамларнинг фойдасини ўйлайдиган депутатлар сони камлиги сабабли бу қонун лойиҳаси маъқулланиб, Сенатга юборилган.
15 январь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида асосли эътирозга сабаб бўлаётган ушбу қонун лойиҳаси яна муҳокама қилинди. Эътибор беринг, қонун лойиҳаси муҳокама қилиндию, эътирозларга сабаб бўлган 195-2- моддаси ҳақида дастлаб лом-мим дейилмади. Унинг ўрнига мамлакатда рўй берган ЙТҲлар бўйича баъзи статистик маълумотлар ўқиб эшиттирилди.
Токи Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев ушбу масалани эслатмагунга қадар. У амалдаги қонунларда, жумладан Жиноят кодексида ҳам, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам ушбу қоидабузарликлар учун аллақачон жазолар белгиланганини эслатиб, бу модда яна нима учун қўшилаётганини сўради.
Ички ишлар ходимлари билан содир бўлаётган бирон бир ҳолат фуқаро томонидан видео тасвирга олинса, дейлик у вазият ярим соат ёки 45 дақиқа давом этса, фуқаро шу ҳолатни тўлиғича тасвирга олиши керакми? Нима учун фуқароларнинг видеотасвирга олиб тарқатгани статистикада айтиляпти-ю, лекин уларнинг қанчасида чиндан Ички ишлар органлари ходимлари қонунни бузгани исботлангани айтилмаяпти? Нима учун масалага фақатгина Ички ишлар органлари томонидан қараляпти? Балки, мана шу видеолар судда, тергов жараёнида яхши бир исбот вазифасини бажарар.
Мажлисда сенаторлар, Қўмита ҳузурида ташкил этилган Эксперт гуруҳи аъзолари, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, Ички ишлар, Адлия ва Рақамли технологиялар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари иштирок этди. Аммо Боқиев мажлисда ушбу моддага кичик бўлса-да, ўз эътирозларини билдира олган ягона одам бўлди. Шундан сўнг, яна бир гуруҳ қатнашчилар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини урғулади.
Мезбон, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов эса Боқиевнинг саволидан сўнг, “Яна кимда сўз бор, савол эмас сўз” деб аудиторияга савол бермаслик талабини "моҳирона" тушунтирди.
Шундан сўнг, сўзга чиққан Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров ушбу модда фақатгина Йўл ҳаракати ходимлари эмас, балки барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини назарда тутишини айтиб ўтди. Ваҳоланки, бундан бироз аввал Бурхонов ушбу моддадан мақсад жавобгарликка тортиш эмас, ЙТҲларининг олдини олиш эканлигини билдирганди. Шунингдек, мажлис ҳам ЙТҲлари ҳақидаги статистикалар билан бошланганди.
“Биз бу ерда бир нарсани тўғри талқин қилишимиз керак. Бунда фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назарда тутилмоқда”, дейди у.
Мажлисда ушбу моддага кўра, жазо фуқарога фақатгина материални йўл ҳаракати ходимини обрўсизлантириш мақсадида тарқатган тақдирдагина қўлланиши бот-бот такрорланди. Аммо бу ҳолатда “обрўсизлантириш” қандай меъёрлар асосида амалга оширилиши ҳақида журналистнинг берган саволига шундай жавоб қайтарилди:
“Прокуратура органларининг буларга чора кўриш бўйича 100 фоиз ваколати бор. Прокуратура органлари бунга қонуний баҳо беради”, дейди Бурхонов.
Бироқ ҳеч қандай аниқ ўлчов мезонлари, “обрўсизлантириш” сўзига мавҳумликдан ташқари бирор таъриф берилмади.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, бу модда барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун амал қилиши, унинг назорати эса Бош прокуратура томонидан амалга оширилиши айтилди. Аммо Прокуратура ҳам Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган эканлигини ҳисобга олсак, ўзи ҳақидаги модданинг қонунийлигини шу органнинг ўзи таъминлаши қанчалик мантиқий ва адолатли деган савол туғилади.
Сўзга чиққан Ички ишлар вазирлиги Академияси Жиноят ҳуқуқи кафедраси доценти Акбаржон Расулов эса, қонунни ҳимоя қилар экан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга халқ ишонмаса, улар ўз вазифасини қандай бажара олади, деган саволни ўртага ташлади. Аммо ушбу модданинг киритилиши Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзи халққа ишонаётганини шубҳа остига қўяди.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, у мажлисда онлайн иштирок этган. Унга Сенатдаги йиғилиш мазмуни кўпроқ қонунни ҳимоя қилиш, унинг тўғрилигини таъкидлаш ва журналист, блогерларга дакки бериш учун ташкил қилингандай туюлди.
“Савол берган журналист ва блогер борки, деярли барчаси Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисидан дакки эшитиб олди. Саволларга ҳам аниқ далиллар ва фактлар билан батафсил жавоб қайтарилмади, узуқ-юлуқ гаплар айтиш билан чекланилди. Айрим саволлар бутунлай жавобсиз қолди. “Сиз тушунмайсиз, сиз билмайсиз, сиз нималар деяпсиз ўзи, сиз унақа деманг, сиз бунақа деманг, бунақа дейишга ҳаққингиз йўқ” деган гаплар айтилди”, дейди ҳуқуқшунос.
Хусусан, журналистлардан бири “электрошокер” билан боғлиқ вазиятни мисол сифатида келтирди. Гап шундаки, аввалроқ Ички ишлар ходимининг фуқарога нисбатан “электрашокер” ишлатгани акс этган видео тарқалганди. Кейинроқ эса ходим ушбу воситани шахс қочишга урингани учун қонуний ишлатгани маълум бўлган. Мажлисда ушбу вазият қасддан қилинган, деб ҳисобланадими, ёки йўқлигига ойдинлик киритишни сўраган журналист қуйидагича жавоб олди:
“Биз бу ерда экспертиза қилмаяпмиз. Сиз бугунги мавзуга оид саволингизни беринг. Бунинг устида ишлаб, шуғулланган мутахассис бўлса бошқа гап. Мисолингизни ҳам далил билан, алоқадор бўлса беринг. Биз ҳозир қонунни муҳокама қиляпмиз. Сиз ҳозир Сенат тўғрисида ҳам анча гапларни гапириб юбордингиз. Мен индамадим. Лекин сал ўйлаб, ақл билан савол беринг. Сиз журналистмисиз, блогермисиз? Демак, биласиз. Бугунги муҳокама қилинаётган қонун бўйича савол беринг. Сиз нима учун саволга тутяпсиз? Сиз саволингизни беринг. Унда рози эмасман, деб фикр билдиринг. Бу ерга сизни тортишгани чақирганимиз йўқ “спор” қилиб тортишадиган жой эмас”, деди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.
Шундан сўнг, қаҳрамонларча минбарга чиққан юридик фанлари доктори Бахтиёр Муродов қонунга норозилик билдираётганларни унинг матни билан танишиб ҳам чиқмаганликда айблади. Аввал ўқиб, кейин фикр билдиришга чақирди.
Аммо Хушнудбек Худойбердиев ушбу фикрларга кескин қарши чиқди ва на қонун лойиҳаси, на унинг Сенатга тақдим этилган матни оммага эълон қилинмаганини эслатди.
“Кечирасизларку, қонун лойиҳаси ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, Қонунчилик палатаси қабул қилган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, Сенат кўриб чиқаётган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, осмондан олиб фикр билдирамизми? Қонуннинг матни қаерда тўлиқ эълон қилиндики, кейин биз уни кўриб, лекин ўқимадик? Қаерда эълон қилинди? Бу қонун ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ-ку! Биз фақатгина Қонунчилик палатаси, Сенатнинг хабарларида кетган саноқли гапларни ўқиб, ўзимизнинг муносабатимизни билдиряпмиз”, дейди у.
Шундан сўнг, ҳуқуқшунос ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида ҳам лавозимини суиистеъмол қиладиган ходимлар йўқ эмаслигини айтиб, видео ёки фотога олган одамларнинг бу модда ортидан ноҳақ жазоланмаслигига ким кафолат беришини сўради. Унинг саволига эса шундай жавоб қайтарилди:
“Ҳеч ким ҳеч кимни сўкаётгани йўқ. Биринчи ҳақорат сўзи ўзингиздан чиқди. “Аҳмоқона қонун” деб баҳо бердингиз. Сўкиш учун чақирибсизлар дедингиз. Ҳеч ким сўкиш учун чақиргани йўқ. Ҳурмат қилиб таклиф қилганмиз. Хоҳласангиз келишингиз, хоҳласангиз келмаслигингиз мумкин. Бу сизнинг шахсий фикрингиз”, дейди Бурхонов.
Шунингдек, мажлисда қатнашган яна бир журналист ҳам берган саволига чиройли жавоб ололмади. Унга жавоб сифатида қонун қабул қилинса, шарҳлар берилиши айтилди. Ваҳоланки, қонун лойиҳаси аҳоли томонидан маъқулланиши керак. Бунинг учун эса аввал тушунмовчиликлар юзага келган ва саволларни келтириб чиқарган қисмларга тушунтириш берилиши зарур. Бу тушунтиришлар қонун қабул қилингандан сўнг берилиши қай бир ақлга тўғри келади?..
Ушбу норозиликдан сўнг, қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилгани, аммо еттитагина одам кириб кўргани айтилди. Аммо қачон? қайси манзилга? Қандай ном билан жойланди? Айтилмади. Бундан ташқари, одатда янги қонун лойиҳаси тармоққа жойланганида камида бир неча юз одам томонидан кўрилади. Аммо шунча муҳокамаларга сабаб бўлган бу қонун атиги етти марта кўрилгани иддао қилинди.
Бир фуқаро жиноят содир этса, унга жавобгарлик бор. Агар ички ишлар ходимларининг қонуний талабини бажармасак, унга ҳам жавоб берамиз. Умуман, қонунга ички ишлар ходимларини видео ва фотога олмаслик, уларни обрўсизлантирмаслик кераклиги нима учун киритилмоқда? Бир қарашда қонун лойиҳасидаги айнан шу моддани қўллаб-қувватлаётганларнинг каттаси собиқ ички ишлар ходими ҳисобланади. ИИВдан чиққан бошқарма бошлиғи Қутбиддин Бурхонов, ҳозирда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ва ушбу мажлиснинг мезбони.
Хуллас, журналистлар ва қонунни ҳимоя қилиб чиқаётган мажлис иштирокчилари ўртасидаги сезиларли конфликт билан ўтган тадбир асосий қарор Ялпи мажлисда қабул қилишини ҳақидаги сўз билан якунланди. Кўтарилган асосий масалалардан бири – материалнинг обрўсизлантириш мақсадида қасддан тарқатилгани ёки йўқлиги қандай аниқланиши ҳақидаги саволга эса тайинли жавоб берилмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь