Хитой Ҳиндистон ҳудудини эгаллаб олмоқчими?

Таҳлил

image

Замонавий геосиёсатда бир қарашда Ҳиндистон ва Хитой кўплаб умумий манфаатларга эгадек кўринади. Бироқ бу икки геосиёсий куч баъзи масалаларда ҳали ҳам келишолмайди. Масалан жорий йилнинг августь ойида Йоҳаннесбургда бўлиб ўтган BRICS саммити олдидан ҳам икки давлат раҳбарлари ўртасида “кичкинагина” низо келиб чиққан эди. Бунда даставвал Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ҳиндистон билан чегарадаги низо сабаб саммитга келишдан бош тортганди. Аммо унинг арази узоққа чўзилмаган, Цзиньпин саммитга барибир келганди.
Аслида Ғарбга қарши блок бўла олиши мумкин бўлган Хитой ва Ҳиндистон нега ўзаро жанжаллашаверади? Бу келишмовчилик ортида нима ётибди? Ушбу мақолада шу ҳақида сўз юритамиз.

Чегара баҳслари 

Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги тортишувларнинг асосий манбаларидан бири бу уларнинг баҳсли чегара ҳудудларидир. Ҳар икки давлат ўз чегараларини демаркация қилиш бўйича узоқ йиллик келишмовчиликларга эга. Бу ҳудудларда тез-тез тўқнашувлар ва қарама-қаршиликлар содир бўлиб турибди ва бу икки халқ ўртасидаги зиддиятнинг кучайишига ҳам олиб келмоқда.

Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги чегара бўйича келишмовчиликлар анча олдин, аниқроқ қилиб айтганда, 1962 йилдан бошланган. Ушбу муаммо содир бўлаётган ҳудудни икки қисмга бўлиш мумкин:

1)    Денгиз сатҳидан анча баландда бўлган ва Хитой Синьцзян-Уйғур вилоятининг бир қисми сифатида идора қиладиган Аксай Чин ўлкасидир. Ҳиндистон бу ҳудудни узоқ вақтдан бери Ладах вилоятининг бир қисми сифатида даъво қилиб келади. Ушбу ҳудудда кўп аҳоли истиқомат қилмайди ва асосан тоғликлардан иборат.

2)   Аруначал Прадеш ўлкаси эса Ҳиндистон ҳукумати томонидан идора қилиниб, 1914 йил Британия Ҳиндистони ва Тибет давлатлари ўртасида имзоланган Симла конвенциясига кўра, мазкур ҳудуд Британия Ҳиндистони ихтиёрига ўтган. Аммо ушбу конвенция Хитой иштирокисиз имзолангани учун Пекин уни тан олмайди.
1962 йилда бўлиб ўтган Хитой-Ҳинд уруши ҳам айнан мазкур ҳудудлар сабаб рўй берган. Ўшанда Хитой қўшинлари Ладахдаги Ҳиндистон чегара постларига ҳужум қилади ва шарқда Аруначал Прадеш ўлкасидаги Макмахон чизиғини кесиб ўтади. 1967 йилда ҳам ушбу минтақада қисқа муддатли чегара тўқнашуви бўлиб ўтган. 2020 йилда эса ушбу ҳудудлар аҳолиси ўртасида муштлашувлар рўй берган ва июнь ойида ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган.

Хитой Ҳиндистон ҳудудини эгаллаб олмоқчими?

Шу йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Ҳиндистонда ўтказилган G20 саммити олдидан ҳам бу икки давлат ҳукуматлари ўртасида яна келишмовчилик юзага келганди. Бу сафар ҳам низонинг келиб чиқишига чегаралар сабаб. 

Хитой табиий ресурслари вазирлигининг яқинда ишлаб чиқилган харитасига кўра, Аксай Чин ва Арунчал Прадеш ўлкалари Хитой ҳудудига киритилган ҳолда тасвирланган. Ҳиндистон дарҳол расмий муносабат билан чиқиб, Хитойнинг бу даъвосини рад этди.

“Бугун биз дипломатик каналлар орқали Хитой томонига Ҳиндистон ҳудудига даъвогарлик қилаётган Хитой 2023 йилги “стандарт харитаси” бўйича кескин норозилигимизни билдирдик. Биз бу даъволарни рад этамиз, чунки улар ҳеч қандай асосга эга эмас. Хитой томонининг бундай қадамлари чегара масаласини ҳал қилишни қийинлаштиради”, деди сешанба куни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ариндам Багчи.

Хитой “ўз қарамоғида” деб ҳисоблаётган Зангнан (Жанубий Тибет) минтақаси ва Аксай Чин минтақасини Ҳиндистон ўз ҳудуди деб даъво қилган ва қатъий норозилик билдирган. Шундан сўнг, 30 август куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги тегишли томонларни, айнан Ҳиндистонни объектив бўлишга ва Хитойнинг янги 2023 йилги “стандарт миллий харитаси”ни ортиқча талқин қилишдан тийилишга чақириб чиқди.

Ҳиндистон медиясига кўра, ташқи ишлар вазирлиги вакили Ҳиндистон Хитой томонининг даъволарини рад этишини ва “дипломатик каналлар орқали кескин норозилик” билдирганини айтган.

Бунга жавобан, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин 30 август куни бўлиб ўтган матбуот брифингида янги стандарт миллий харитани чиқариш “Хитойнинг қонунга мувофиқ суверенитетини амалга оширишдаги одатий амалиёти” эканлигини айтган.

“Умид қиламизки, тегишли томонлар объэктив ва хотиржам бўлиб, масалани ортиқча талқин қилишдан тийилади”, деган у.

Бу жанжал ХХР раиси Си Цзиньпин 23 август куни БРИКС саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашганидан сўнг юзага келди. Учрашув чоғида Си Цзиньпин икки томон ўзларининг умумий манфаатларини ҳисобга олиши кераклигини таъкидлаган. Хитой Ташқи ишлар вазирлигига кўра, чегарадош ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни биргаликда ҳимоя қилиш учун ўзаро муносабатлар ва чегара масаласини тўғри ҳал қилиш лозим.

“Хитой-Ҳиндистон муносабатларини яхшилаш икки мамлакат ва халқларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади, шунингдек, дунё ва минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва ривожланишига хизмат қилади”, деди Хитой раҳбари.

Аммо Хитой раҳбари Си Цзиньпин иштирок этиши керак бўлган Нью-Деҳлидаги “G20” саммити олдидан Ҳиндистон ҳукумати Филиппин, Малайзия ва Тайван қаторида норозилик билдирганди. Шундан сўнг геосиёсий стратеглардан бири Велина Чакарова Ҳиндистон ҳукумати томонидан 2030 йилгача тузилган харитани тақдим этди. Бу харитада эса энди Хитой ҳудудлари Ҳиндистонникига қўшиб юборилганди.
 

“Хитой Ҳиндистонни “холис ва хотиржам бўлишга” ва Хитойнинг янги харитаси масаласини “ортиқча талқин қилишдан” қочишга чақирганидан сўнг, Ҳиндистон энди ўз харитасини нашр этди. Ушбу харитани ким қилган бўлса, у географияни жуда яхши билмас экан”, дея ёзди у ўзининг Х ижтимоий тармоғида. 

Бироқ мазкур харита ҳақиқатдан ҳам Ҳиндистон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилганми, бу аниқ эмас эди. Чунки расмийлар янги стратегик харита ҳақида оғиз очмаганди. Шундай бўлса-да Ҳиндистоннинг 2030 йилги “янги харитаси” экани айтилаётган сурат кўплаб муҳокамаларга ва норозиликларга сабаб бўлди. Чунки бу сафар харитада Хитойнинг бутун бошли ҳудуди, қолаверса, Покистоннинг бир қисми ҳам қушиб юборилганди. Лекин мазкур харитасиз ҳам Покистон Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги доимий келишмовчиликнинг бир омили бўлиб келаётганди.

Тенг манфаатли Покистон

Бу икки мамлакатнинг ўзаро зиддиятга боришига Покистон ҳам сабаб. Хитойнинг ҳам, Ҳиндистоннинг ҳам тенг манфаатлари айнан Покистонга келиб тўқнашган.

Хитой Покистонга асосий қурол етказиб берувчи мамлакат ҳисобланади ва унинг иқтисодиётига, айниқса, Хитой-Покистон иқтисодий коридори (CPEC) орқали катта миқдорда сармоя киритган. Ўз ўрнида Ҳиндистон буни ўз хавфсизлигига таҳдид деб билади ва Хитойнинг Покистонни қўллаб-қувватлашини минтақада тинчликка тўсиқ деб ўйлайди. 

Аммо Покистон Хитой учун энг асосий иқтисодий ҳамкорлардан бири. 1960 йилдан бери Хитой Покистон иқтисодиётга миллиардлаб доллар сармоя киритиб келмоқда. Сўнгги 26 йил ичида Хитойнинг Покистонга экспорти 616 миллион доллардан 23,5 миллиард долларгача, яъни йиллик 15% га ошди. 2021 йилда Покистон эса Хитойга 3,25 миллиард доллар экспорт қилган. 

Шунингдек Хитойнинг Покистон билан қалин алоқалари ортида жуда катта стратегик манфаатлар ҳам ётибди. Хусусан, Хитой Покистонни Ҳиндистоннинг минтақавий таъсирига қарши курашда ҳал қилувчи шерик сифатида кўради. Хитой Покистонни қўллаб-қувватлаш орқали Ҳиндистоннинг минтақадаги кучини мувозанатлаш ва унинг ҳукмрон ўйинчига айланишига йўл қўймасликни мақсад қилган. Хитойнинг Кашмир масаласида Покистон позициясини қўллаб-қувватлаши ҳам Ҳиндистонни можарода ушлаб туриш, ресурслари ва эътиборини бошқа муаммога йўналтириш орқали ўз стратегик манфаатларини кўзламоқда. 

70-йиллардан бери Хитой Покистоннинг ядровий ва ракета дастурларида муҳим рол ўйнади. Хитой Покистонга юқори даражада бойитилган уран, уранни қайта ишлаш учун зарур бўлган ҳалқа магнитлари ва ядро муҳандислари учун таълим курсларини тақдим қилди. Қолаверса, Покистоннинг ядровий бомбаси ҳам Хитой режасига асосланган деб ишонилади. 1990 ва 1992 йилларда Хитой Покистонга 300 км масофага учадиган ядровий қувватга эга М-11 ракеталарини тақдим этган. Хабар қилинишича, Хитой Покистонни 580 км масофадаги нишонларга зарба бера оладиган ракета яратиш технологияси билан таъминлаган бўлиши мумкин.

Покистон Ҳиндистондан анча қашшоқроқ, ҳаво ва қуруқликдаги кучлари эса кичикроқ. Покистон Ҳиндистоннинг ядровий ва ракета қуроллари учун сарфлаган харажатларига тенг харажат қилиши эҳтимолдан анча йироқ. Чунки Ҳиндистон Покистонга нисбатан кучини оширишда давом этади. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон ва Покистон ядровий операцияларда тажрибасиз ҳамда ишлаб чиқилган ядровий доктринага эга эмас. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Покистонни ядровий қуроллантириш Ҳиндистонга ўз таъсирини минтақада ёйишда яхшигина тўсиқ бўлиши мумкин. 

Айнан Покистонни қуроллантириш Ҳиндистон учун минтақада яхшигина сигнал ва шу учун ҳам Нарендра Моди ҳукумати Хитойга потенциал ҳамкор сифатида қаролмаслиги мумкин. Ҳар икки мамлакатнинг умумий манфаатлари тўқнаш келадиган яна бир ҳудуд эса Тибетдир.

Тибет масаласи

Ҳиндистон ўзининг тарихий ва маданий таъсир доирасининг бир қисми деб ҳисоблаган Тибетнинг Хитой ихтиёрига ўтиб кетиши икки давлат ўртасида келишмовчиликни янада кучайтирган. Ҳиндистон сургундаги Тибет етакчиси Далай Ламани бошпана билан таъминлаган ва қувғиндаги Тибет ҳукуматига Дхарамшаладан фаолият юритишига рухсат берган. Шундан сўнг Хитой Ҳиндистонни айирмачилик фаолиятини қўллаб-қувватлашда айблади. Бунга жавобан Ҳиндистон эса тибетликларга фақат диний ва маданий ёрдам кўрсатишини таъкидлаб келади.

Тарихий жиҳатдан олиб қарасак, XVIII асрда Тибет Хитойдан де факто мустақилликни қўлга киритган ва Далай Лама раҳбарлик қиладиган теократик ҳукуматга эга. Бироқ 1950 йилда ХКП бу ердаги феодализмга барҳам бериш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсадида Тибет устидан ҳукмронлик ўрнатган. Даставвал Хитой Тибет халқининг турмуш даражасини яхшилаш учун инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига катта сармоя киритди. Кейин эса бутунлай Тибетни ўз ҳудудининг бир қисми сифатида эълон қилди.

Аммо жамоатчиликнинг фикрича, Хитой ерда инсон ҳуқуқларини бузмоқда. Айниқса Ғарб давлатлари ушбу ҳудудда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини халқаро йиғинларда таъкидлашмоқда. Ҳиндистон ҳам узоқ вақтдан бери Тибетни қўллаб-қувватлаб келади. Шундай бўлсада Ҳиндистон Тибетни Хитой таркибидаги автоном ҳудуд сифатида тан олади, бироқ Тибетдаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва маданий босимдан хавотирда. Деҳли, шунингдек, Хитойнинг Ҳиндистон ҳудудидаги бир қанча штатлар билан чегарадош Тибетдаги ҳарбий иштироки олиб келадиган стратегик оқибатларидан қўрқади.

Сўнгги йилларда Хитой Тибетдаги ижтимоий ва маданий назоратга ёндашуви учун танқидга учрамоқда. Ҳукумат диний эркинликлар ва маданий амалиётларни, хусусан, Тибет буддизми билан боғлиқ чеклаш сиёсатини амалга оширмоқда. Тибет диний етакчиларини танлашда ҳукуматнинг аралашуви, монастирларни бузиш ва тибет тилидаги таълимни тўхтатиш ҳақида бир нечта тасдиқланмаган хабарлар мавжуд. Шу билан бирга Хитой ушбу ҳудудда мандарин маданияти ва тилининг мавқейини оширишга ҳаракат қилмоқда.

Айнан мана шу ҳудуд ҳам Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги қалинлашиб кетиши кутилаётган муносабатларга тўсиқ бўлиб турибди. Этник ва маданий жиҳатдан Ҳиндистонга анча яқин бўлган тибетликларга бўлаётган босим сабаб Деҳли Пекин билан ҳеч келишолмаяпти.

Худди шундай келишмовчиликлар ортидан эса 9-10 сентябрь кунлари Ҳиндистонда бўлиб ўтган G20 саммитига ХХР раҳбари Си Цзиньпин ташриф ҳам буюрмади. Бу саммит муаммони қай даражада еча олишини вақт кўрсатади.

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Ҳиндистон Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг