АҚШ Украинадаги урушда Россияни қўллаганларга қарши янги санкциялар киритди
Олам
−
02 Май
5432АҚШ Россиянинг Украинага қарши агрессив уруши тарафдорларига қарши янги санкциялар пакетини жорий қилди. Бу ҳақда кеча, 1 май куни АҚШ Молия вазирлиги баёнот берди.
Билдирилишича, Москвага Украинага қарши уруш учун қурол ва ҳарбий техника олишда ёрдам беришда гумон қилинган Россия, Хитой ва бошқа мамлакатлардан 300 га яқин шахс ва компанияларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмоқда.
Ҳисоботда айтилишича, санкциялар нафақат Россия фирмаларига, балки бошқа мамлакатларнинг қарийб 60 компаниясига, жумладан, Россияга қурол ишлаб чиқариш ёки ҳарбий дастурларни амалга ошириш учун асосий компонентларни олишга ёрдам берган Хитой ва Хитойнинг Гонконг маъмурий ҳудудидаги 16 та корхонага ҳам қаратилган.
Ҳужжатда келтирилишича, ушбу компанияларнинг аксарияти Россияга қурол ишлаб чиқариш учун тақиқланган бутловчи қисмлар ёки материалларни олишга ёрдам берган.
Яна беш давлат – БАА, Туркия, Озарбайжон, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо Бельгия ва Словакия компанияларига ҳам санкция қўйилган.
Бундан ташқари, Россиянинг 200 дан ортиқ фирмаси, жумладан мудофаа, транспорт ёки юқори технологиялар соҳаларида иштирок этган юзга яқин фирма санкциялар рўйхатига киритилган.
АҚШ Давлат департаменти ҳам иштирок этган жазо чоралари орасида визани тақиқлаш, молиявий активларни музлатиш ва санкцияланган компаниялар билан бизнес юритишни тақиқлаш киради.
АҚШ Молия вазири Жанет Йелленнинг айтишича, янги санкциялар Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларини "ҳарбий-саноат базаси ва жазоларни четлаб ўтувчи тармоқларга қаратилган" чоралар орқали янада заифлаштиради.
Қайд этиш жоизки, янги санкциялар пакети АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 60 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим қилувчи қонунни имзолаганидан бир ҳафта ўтиб жорий этилди.
“Биргаликда Украинани қўллаб-қувватлашимиз ва Россия ҳарбий салоҳиятини тинимсиз нишонга олишимиз Украинага жанг майдонида муҳим устунликни беради”, дейди Йеллен.
LiveБарчаси