Диққат! Ҳокимга гап қайтарсанг қамаласан

Таҳлил

Ҳақиқат аччиқ бўлади ва ҳеч кимга ёқмайди. Буни 3 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг собиқ директори вилоят ҳокими билан жанжаллашгани акс этган видеодан ҳам кўриш мумкин. Собиқ директор “ҳокимбува”га муаммоларни шартта-шартта айтаркан, вилоят “каттаси” муаммога эмас, унинг овоз тони, гап қайтариши, ҳамманинг олдида жанжал кўтарганига эътибор қаратди.

Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори ҳозирги Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов собиқ мактаб директорини ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаган.

Аёл вилоятни бутун дунёга шарманда қилганми, йўқми билмадикку, бу воқеа иш бошлаганига ҳали кўп бўлмаган Улуғбек Қосимовнинг карьерасида доғ бўлиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас.

“Менинг нима айбим борки, ишдан оляпсиз? Муҳитни буздинг, дейсиз нима муҳитни буздим мен? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, индамайсиз. Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, ҳаммасининг тили бир. Ўзи 20 февралда ишга келган бўлсам, нима қилибман мен?" деган мактаб директори.

Шундан сўнг вилоят ҳокими унинг эътирозларига қарши чиқиб, директорнинг бундай гапиришга “ҳаққи йўқлигини” уқтирган.

“Нима учун ҳаққим йўқ экан? Милтиқ бўлса, отиб ташланг мени. Аввал бориб кўринг, мактабнинг нима муаммоси борлигини билинг. Буларнинг ҳаммасини тили бир, мени судланган деяпти. Қачон судландим мен?

Жаноб вилоят ҳокими, милтиқни олингда, мени отиб ташланг. Сизга тўғри маълумот киритадиган одамнинг ўзи йўқ экан ёнингизда. Ҳақиқатни энди мен айтаман, шу ерда охиригача ўтираман ва ҳамма гапни эшитаман. Вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритиш керак эди” , дея ўз эътирозини билдиришда давом этган собиқ мактаб директори.

Видеони кўрган бўлсангиз аёлнинг мақсадини тушуниш қийин эмас. У мактабдаги муаммолар ҳақида гапиряпти. Қолаверса, муаммолар "ҳокимбува"га бошқача етказилгани учун эътироз қилмоқда. Балки бу ҳақиқатдир. Аммо ҳамманинг олдида ҳокимга қаттиқ гапириб бўладими? Албатта йўқ. Мажлиснинг ўзида ички ишлар ходимлари аёлни залдан чиқаришга уринди. Атрофдагилардан бирорта мард туриб, “кечирасиз жаноб ҳоким, аёл кишига бундай муомала қилолмайсиз, у сизга ҳақиқатни гапиряпти”, демади. Дея олмайди ҳам. Муаммо бўлса ҳам, ҳақиқатга кўз юмса ҳам, ноҳақликларга чидаса ҳам ишлашади. Муҳими ҳокимларнинг кўзига ёмон кўриниб қолмаса бўлгани.

Селектордаги жанжал шу билан тугамади. Жаноб ҳоким директорни ишдан олди ва аёл ҳибсга олинди. Шунингдек, унинг мактабга директорлик қилган даврини қайта текширувдан ўтказиш бошлангани ҳам айтилди.

Можаронинг сабаби нима?

Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Директор мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган. Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг директорга нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун "ҳайфсан" чораси қўлланган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 февраль куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган.

Ҳокимнинг ишдан бўшатиш ваколати борми?

Вилоят ҳокими директорни ишдан бўшатгани кескин норозиликларга сабаб бўлди. Хўш, вилоят “каттаси” исталган ўқитувчи, директор ёки бошқаларни ишдан бўшатиш ваколатига эгами?

Мактаб директорига иш берувчи – Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 170-моддасида “Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади”, деб ёзилади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, вилоят ҳокимининг мактаб директорини ишдан бўшатиш ваколати йўқ.

Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Ezgulik” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ҳолатга муносабат билдириб, “ҳоким мактаб директорини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи билан мансаб ваколатидан четга чиқиш ва уни суиистеъмол қилиш жиноятини содир этди”, деб ёзмоқда.

Аёлнинг озод қилинишида Ҳилола Умарованинг қўли борми?

Ҳолатга муносабат билдирган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова собиқ директорнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

“Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори билан боғлиқ вазиятни шахсан ўз назоратимга олдим. Мактаб директори айни дамда маъмурий қамоқ жазосидан озод этилди”, деган вазир.

Шунингдек, у таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс ўз муомала маданияти билан барчага ўрнак бўлиши лозимлигини ҳам эслатиб ўтган.

4 август куни вазир Умарова собиқ директор билан телефон орқали мулоқот қилгани акс этган видео тарқалди. Унда Умарованинг аёлдан ҳол-аҳвол сўрагани акс этган. Ҳилола Умарованинг чиқишларидан кейин тармоқларда собиқ директор вазир аралашувидан кейин қамоқдан чиқарилибди, деган гаплар болалади.

QALAMPIR.UZ'даги маълумотларга кўра аслида ундай эмас. Видеодаги ҳолат 26 июль куни содир бўлган. Шу куннинг ўзида аёл ҳоким буйруғи билан қўлга олиниб, 12-сонли умумий ўрта таълим мактабининг мажлислар залида мажлис иштирокчилари олдида, яъни жамоат жойида бақир-чақир қилиб, жамоат тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузиб майда безорилик қилиб, ички ишлар органлари ходимининг ушбу ҳуқуқбузарлик ҳаракатини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабини бажармасдан, ўзининг бу хатти-ҳаракати учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194- (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган. Собиқ директор ўринбосарига МЖтКнинг 183-моддаси билан 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси, базавий ҳисоблашнинг 5 (беш) баравари миқдорида, яъни 1 650 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Суднинг 26 июлдаги қарори устидан 27 июль куни аппеляция инстанциясига мурожаат қилинган. 28 июль куни суд мажлиси бўлиб апелляция шикояти рад этилган. 1 август куни Олий судга ишни кассация инстанциясида кўриб чиқиш учун топширилган ариза қаноатлантирилиб, 10 кунлик қамоқда сақлаш муддати 7 кунга қисқартирилган.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, аёл муддатидан олдин қамоқдан чиқиши вазирнинг буйруғи ёки кўрсатмаси билан эмас, кассация инстанциясининг биринчи инстанция суди қарорини ўзгартириши билан боғлиқ.

“Ҳокимбува” жазосиз қоладими?

Ҳолат юзасидан бир неча адвокатлар билан суҳбатлашдик. Профессионалларнинг айтишича, директор аёлнинг хатти-ҳаракатларида суд қарорида айтилган майда безорилик (МЖтКнинг 183-модда), ёки ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик (194- мадда) аломатлари мавжуд эмас.

Нима бўлганда ҳам аёлни айбдор қилишди ва у 7 кун қамоқда ўтирди. Энди савол туғилади “қонунлар ишлайди” дейилган Ўзбекистонда мансаб ваколатидан фойдаланиб, мактаб директорини ишдан бўшатган ҳоким нима бўлади, у жазосиз қоладими? Бу нафақат бизнинг, балки бугун бутун жамоатчилик бераётган савол десак тўғри бўлади.

Бир неча кундан бери такрорланаётган яна бир гап бор: “Ўқитувчининг ортида Президент турибди”.

Кечирасиз, ҳеч кимнинг ортида Президент туриши керак эмас. Ҳаммани, қонунлар ҳимоя қилиши лозим. Бу ҳолат мустақил деяётганимиз судни, прокуратура, ички ишлар ҳатто мактабларни ҳам ҳоким бошқаришини кўрсатди. У истаган одамни бўшатади, истаган одамни қаматади. Яшасин адолат.

Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мактаб директорини ишдан бўшатгани ва мактабда текширув бошлатганини юқори турувчи органлар текшириши ва қонуний баҳо бериши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб директори Сурхондарё вилояти Улуғбек Қосимов Ҳилола Умарова Сариосиё тумани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг