Сайлов кимга ва нимага керак?
Таҳлил
−
07 Июль 2023
92829 июль. Бу Ўзбекистон тарихида муҳим сана бўлиб қолиши аниқ. Ҳали бу кун ҳақида кўп гапирилади, эсланади, таҳлил қилинади. Гарчи бугун Муниса Ризаеванинг турмушга чиқиши кўпроқ муҳокама қилинаётган бўлсада бизнинг одамларимиз ҳам сайловни кундалик ташвишларининг асосий бўғини деб қабул қиладиган кунлар келади. Энди биз сайловнинг қачонлиги ва унда кимлар қатнаётгани, одамлар уларни таниш ё танимаслиги ҳақида гапирмаймиз. Зотан, билиш ё билишга ҳаракат қилмаслик, сайлаш ва сайламаслик ҳам уларнинг ҳуқуқи. Бироқ бу санада ва кейинчалик ҳам бизни бирлаштирадиган умумий мажбурият ва масъулият борки, у ҳам бўлса сайловда қатнашиш, ўрнимизга бошқа бировнинг овоз бериб юборишига йўл қўймаслик. Ҳар қайси мамлакатда шундагина сайлов назорати бевосита одамлар қўлида бўлади.
Хўш, сайловда иштирок этмаслик қанчалик тўғри? Сайлов ўзи нима? У қачон пайдо бўлган? Қадимги сайловлар бугунгиларидан қандай фарқ қилган? Ҳечдан кўра кеч, деганларидек QALAMPIR.UZ мана шу масалаларга ҳам аниқлик киритиб қўймоқчи.
Сайлов ўзи нима?
Сайлов – вакилларни танлашнинг демократик усули. Сайлов сайловчиларга улар учун қонунлар ишлаб чиқадиган, ҳукуматни тузадиган ва муҳим қарорлар қабул қиладиган вакилларни танлашда ёрдам беради. Шундай қилиб, сайлов – бу одамлар ўз раҳбарларини мунтазам равишда танлаши ва агар хоҳласа, уларни алмаштириши мумкин бўлган механизмдир. Сайлов турли кўринишда бўлади. Унда аҳоли қатнашиши ёки уларнинг вакилларигина иштирок этиши мумкин. Сайлов очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Қайси орган сайланаётганига қараб парламентга ёки президентликка сайлаш, парламентнинг умумий ёки бир қисми учун сайлов ўтказилишига қараб ялпи ёки қисман сайлов бўлиши мумкин.
Сайловлар тарихи
Илк сайловлар милоддан аввалги VI асрда демократиянинг ватани бўлган Қадимги Юнонистонда, кейинчалик Рим Республикасида бўлиб ўтган. Афинада ҳам, Римда ҳам демократик жараёнда озод эркак фуқароларгина қатнаша олган, холос. Аёллар ва қулларда овоз бериш ҳуқуқи бўлмаган.
Тарихчиларнинг айтишича, Афинада сайловлар жуда кам бўлган, чунки қадимги афиналиклар сайловни мансабдор шахсларни танлашнинг энг демократик усули деб ўйламаган. Улар демократия фақат бойларга эмас, балки оддий одамларга ҳам ишларни бошқариш имконини бериши учун номзодларни тасодифий танлаш керак деб ҳисоблаган.
Эътиборли жиҳат шундаки, Афинада ўз лавозимига нолойиқ бўлган мансабдорлар ҳам сайлов орқали четлатилган. Агар бирор мансабдор шахс хато қилса, у махсус “остракизм” танлови орқали 10 йилга сургун қилинган. Остракизм сайловларида Ассамблеянинг ҳар бир аъзосига кичик бир бўлак сопол топширилган ва қувғинга лойиқ бўлган одамнинг исмини ёзиш кераклиги айтилган. Агар камида 6000 киши бир хил исмни ёзган бўлса, оша одам Афинадан қувилган.
Афинада ҳар бир шаҳар ўзига хос овоз бериш ва сайловлар шаклини қўллаган. Масалан, Спартада демократия бўлмаган, аммо баъзи демократик элементларга амал қилинган. Спартанинг энг юқори бошқарув органларидан бири Оқсоқоллар Кенгаши бўлиб, у икки спарталик қирол ва 60 ёшдан ошган 28 нафар сайланган амалдорлардан иборат бўлган ва улар лавозимни умрбодга эгаллаган.
Кенгашдаги бўш ўринларни тўлдириш учун спарталиклар ўзига хос овоз бериш услубини ўтказган. Ҳар бир номзод навбатма-навбат катта мажлислар хонасига кириб борган, одамлар эса бақириб, уни олқишлаган. Бошқа хонада, кўздан яширилган ҳолда, ҳакамлар ғолибларни танлаш учун ҳайқириқлар баландлигини солиштирган.
Рим Республикасига келадиган бўлсак, у ердаги сайловларнинг айрим жиҳатлари бугунги кунгача сақланиб қолган. Ассамблеяларда овоз бериш худди Афина модели каби бошланган, мажлиснинг ҳар бир аъзоси қўлини кўтариб, очиқ овоз берган. Аммо вақт ўтиши билан бадавлат “ҳомийлар” Рим ассамблеяси аъзоларига маълум бир тарзда босим ўтказаётгани аниқланган, шунинг учун овоз бериш яширин тарзда ўтказила бошлаган.
Милоддан аввалги 139 йилда Римда яширин овоз беришнинг янги тури жорий қилинган. Унда сайловчилар ташқи томони мум билан қопланган ёғочга ўзи маъқул деб топган номзоднинг номини ёзиб, уни сайлов қутисига ташлаб қўйган. Ҳа, худди ҳозирги даврдаги каби.
Ҳатто ўша давда ҳам номзодлар сайлов кампанияси даврида ўзларини реклама қилган. Археологлар Помпей деворларига ёзилган қадимий кампания рекламаларининг юзлаб мисолларини топган. Расмий сайловолди ташвиқотига келсак, кандидатлар (номзодлар шундай дейилган) бир ёки икки ҳафталик сайлов кампанияси мавсуми билан чекланган ҳамда уларнинг аксарияти жамоат жойларида бўлиб ўтган ва унда номзодлар шахсан ўзи қатнашган. Шунингдек, Римда кандидатлар базмлар уюштирган, турли совғалар бериб овоз берувчиларни ўз томонига оғдиришга уринган.
Сайловлар қадимги Афинада ва Римда қўлланилган бўлсада, замонавий дунёда сайловларнинг келиб чиқиши XVII асрда Европа ва Шимолий Америкада вакиллик ҳокимиятининг босқичма-босқич пайдо бўлиши билан боғлиқ. Вақт ўтиши билан инсон ҳуқуқлари соҳаси ривожланиши, қулчиликнинг бекор қилиниши ва аёлларга ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқлар берилиши ортидан сайлов жараёнларига ҳам ўзгаришлар киритилган. Эндиликда ирқи, дини, жинси, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар вояга етган барча фуқароларга овоз бериш ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистондаги сайловлар
Ўзбекистонда Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишлича уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Аммо бу йил Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича халқ референдуми бўлиб ўтди. Референдум натижаларига кўра, Конституцияга бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, хусусан, президентлик ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. 2021 йилда мамлакат президентлигига қайта сайланган Шавкат Мирзиёев ўз ташаббуси билан муддатидан илгари мандатидан воз кечди. Шундай қилиб, республикада навбатдаги сайлов жорий йилнинг 9 июлига бўлиб ўтиши белгиланди.
Партиялар ёки номзодлар ўртасидаги ғоявий қутбланиш, ўзаро рақобат даражаси, кучли таклифларнинг илгари сурилиши, бир номзоднинг иккинчи номзодни танқид қилиши, унинг тарафдорларини ўзига оғдиришга уриниши сайловнинг кун мавзусига айланишига, одамлар ўртасида кўпроқ муҳокама бўлишига, уларни сайловга қизиқишига сабаб бўлади ва сайловчиларни сайлов пунктларига етаклайди.
Шунингдек, сайловларнинг частотаси ҳам сайловчиларнинг иштироки билан боғлиқ, чунки сайловлар тез-тез ўтказиладиган мамлакатларда камроқ одам қатнашади.
Сайловда иштирок этишнинг нисбатан паст даражаси таълим, касбий мақом ва даромад даражасининг пастлиги билан ҳам боғлиқ. Ўзининг кундалик муаммолари билан ўралашиб қолган аҳоли вакиллари одатда сайлов билан ҳам, ундаги номзодлар билан ҳам қизиқмайди.
Ва энг муҳими, ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги, одамлар сайловнинг аҳамиятини ҳис қилмаслигига, сайлов натижасида турмушдаги қийинчиликларни енгиллаштириш мумкинлигини англаб етмаслигига сабаб бўлади.
Ўзи яшаётган кичик ҳудуд – туман, шаҳар, вилоят ҳокимларини ўзи сайламаган, бу ваколат депутатларга берилгани учун сайловнинг кичик афзалликларини ўз кўзи билан кўрмаган аҳоли вакилларида, йирик сайловга бўлган қизиқишнинг ошиши қийин бўлиши мумкин.
Лекин буларнинг бари бўлмамаган тақдирда ҳам, сайлов қизиқ, рақобатбардош тарзда ўтказилган тақдирда ҳам унда иштирок этувчилар сони барибир камлигича қолавериши мумкин. Бунинг сабаби эса шунчаки бефарқлик ва шунчаки ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги.
Сайловларда иштирок этувчилар сони камаяётгани фақат Ўзбекистонда эмас, кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам муаммо! Масалан, АҚШда сайлов ёшидаги аҳолининг қарийб ярми президентлик сайловларида қатнашади. Аксинча, кўплаб Европа мамлакатларида иштирок этиш даражаси 80 фоиздан ошади. Ҳатто Европада ҳам иштирок этиш сезиларли даражада фарқ қилади. Мисол учун, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Италияда ўртача 90 фоиз атрофидаги одамлар сайловда овоз берган бўлса, Швейцариядаги сайловларда сайловчиларнинг 40 фоиздан камроғи қатнашган.
Сайловлар ўзи нима учун керак?
Хўш, сайловлар ўзи нима учун керак? Сайловлар халқ ўз раҳбарлари юритаётган сиёсатини қўллаб, қувватлайдими ёки йўқми, қўллаганда ҳам қани қанчаси қўллайди, шуни аниқлашга ёрдам беради. Сайловларда иштирок этувчиларнинг кўплиги эса бошқарувчиларга халқ ҳали уйғоқлиги, ўз тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатади ва раҳбарларни сергаклантиради. Номзод халққа ваъдалар беради ва у президент бўлганидан кейин одамлар ундан ваъданинг устидан чиқишини талаб қилиш имкониятига эга. Сайловда овоз берувчиларнинг сони кўп дегани, бу ўйин иштирокчилари шунча кўп дегани ва унинг тақдири кўпчиликка боғлиқлигини англатади. Агар одамлар сайловга бормаса, бефарқ бўлса, ёки шунчаки рад этса, бу ўйин қоидалари озчилик томонидан ёзилишига ва озчилик манфаати йўлида хизмат қилишига сабаб бўлади.
Сайловлар демократия учун зарур, чунки у одамларга давлатга даҳлдорлигини эслатиб туради ва ҳукумат вакиллари унинг танловисиз юқорида ўтиролмаслигини англашга ёрдам беради.
Агар ғолиб номзод 70 фоиз овоз билан ютган тақдирда ҳам қачондир бир ўзи қолган пайтда ўзига ўзи нима учун қолган 30 фоиз иштирокчи менга овоз бермади, деган саволни беради ва фаолиятида ўзгариш қилишга, одамларни кўпроқ ўйлашга ҳаракат қилади. Ютқазган номзодда эса овоз берувчиларнинг сони нисбатан кўп бўлгани боис, кейинги сайловларда қатнашиш учун мотивация пайдо бўлади.
Хўш, энди сизга савол – сиз сайловга борасизми?