Ёндирилган Қуръон, мусулмонларга ҳурмат кўрсатган Путин, вафотидан сўнг мукофотланган Шайхлар - Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
02 Июль 2023
16490Амалдор бўлиш ҳам қийин. Амалда бўлганингда ҳамма атрофингда парвона. Энг башанг дастурхонлар сен учун ёзилади, энг гўзал қўшиқлар сен учун куйланади. Йўлингдан чиққан тўсиқларни баъзан ошиб, баъзан айланиб ўтавересан, кетаверасан. Аммо курсингни йўқотганингда... Бунисини гапириб ўтирмайман. Курсисидан кетганлар ёки уларнинг яқинлари бошидан нималарни кечираётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Демак, навбатдаги ҳафта воқеалари таҳлили билан танишинг.
Татьяна Каримованинг “ўгай ўғли” билан суди бошқа муддатга қолдирилди
Гапни нега айнан юқоридаги мисоллардан бошлаганимга ҳайрон бўлаётгандирсиз. Сабабини айтай, тугаётган ҳафтада Марказий Осиёнинг уч республикаси собиқ раҳбарлари билан боғлиқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар содир бўлди. Ўзимизда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг мулки талаш бўлаётган бўлса, Қирғизистонда собиқ президентдан ҳатто “собиқ” деган рутба олиб ташланмоқчи. Қозоғистонда эса Назарбоевни обрўсизлантириш кампанияси тўхтамай давом этяпти. Ўзимиздагидан бошласам.
Тугаётган ҳафта боши – 26 июнга Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилиши белгиланган эди. Бироқ суд номаълум муддатга қолдирилди.
Бунга тегишли ҳужжатлар етишмаганлиги ва тўплаш ишлари амалга оширилаётгани сабаб қилиб кўрсатилган. Шунингдек, суд жавобгар тараф (Татьяна Каримова) ва даъвогар Пётр Каримовнинг расмий вакилининг аризасига кўра, ёпиқ кўрилиши қаноатлантирилган.
Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, ушбу фуқаролик ишида ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо даъво предмети бўлмоқда. Унда даъвогар Ислом Каримовнинг биринчи турмуши – Наталья Кучми билан фарзанди Пётр Каримов ҳисобланади.
Дарвоқе, жорий йилнинг май ойида Россиянинг Красногорск шаҳрида хотинини калтаклаганликда гумонланиб, ушланган Пётр Каримов мерос бўйича судда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келмоқчилиги айтилган эди.
Шуни алоҳида урғулаш ўринлики, 2016 йил – Президент Каримовнинг вафотига қадар унинг барча расмий биографияларида икки қизи борлиги айтиб келинган. Гарчи Биринчи Президентнинг ўғли борлиги ҳақида узунқулоқ гаплар бўлсада, булар расман тасдиғини топмаган. Фақатгина Президент Ислом Каримов вафотидан кейин унинг номи билан ташкил этилган илмий-маърифий мажмуа сайтига жойлаштирилган биографияда Ислом Каримовнинг уч фарзанди борлиги айтилган.
Айни вақтда Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бир қатор жиноятларда айбланиб, қамоқда сақланмоқда, кенжа қизи Лола Каримова эса Ўзбекистондаги барча лавозимларидан воз кечиб, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган.
Назарбоевнинг жиян келини қамалди
Бу ҳафта Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев оиласи ҳам роса тебранди. Биринчидан 29 июнь куни Сенат депутатлари ялпи мажлисида Назарбоев яна бир мақомидан маҳрум қилинди.
Мажлисда депутатлар президентни унинг номидаги мактаблар, университетлар ва жамғармалар Олий кенгаши раҳбари мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни иккинчи ўқишда маъқуллади.
Қонунга кўра, “Назарбоев университети”, “Назарбоев интеллектуал мактаблари” ва “Назарбоев жамғармаси” тўғрисидаги қонунга қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Сенат мажлисида, шунингдек, “Ноқонуний йўл билан орттирилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қайд этилишича, ушбу янги ҳужжат Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг атрофидагиларга ҳам тегишли бўлади.
Орадан бир кун ўтиб, 30 июнь куни Қизилўрда шаҳар суди йирик маблағларни ўзлаштиришда ўта катта ҳажмдаги иш бўйича республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалдини саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди.
Май ойи бошида Қозоғистон пойтахти суди Сатибалдини “ўзбошимчалик” ва “ўғирлаш” моддалари бўйича етти йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Қайд этилишича, Сатибалди иши бўйича Қизилўрдада етти киши устидан маҳкама бўлиб ўтган. Тергов маълумотларига кўра, улар 2018-2020 йилларда шаҳардаги Сирдарёнинг чап қирғоғини иситиш лойиҳаси бўйича ишларни якунламаган ва ўзларига ишониб топширилган мулкни ўта йирик ҳажмда ўғирлаган. Айбланувчиларнинг ҳаракатлари натижасида 441 миллион тенге (979 минг доллар) миқдорида зарар етказилган.
“Судланувчи Сатибалди жиноят содир этишда айбдор деб топилди. У саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Айбланувчининг 5 май куни Остонадаги аввалги ҳукми инобатга олиниб, охирги жазо сифатида енгилроқ жазони оғирроқ жазога қўшиб, саккиз йиллик қамоқ жазоси тайинланди”, дея изоҳлади суд.
Гулмира Сатибалди Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиулининг собиқ рафиқаси. 2022 йил 26 сентябрда Қозоғистон суди Сатибалдиулини давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилганди. Ўша йилнинг 13 март куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати уни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва “Казактелеком” пул маблағларини ўғирлашда гумон қилиб қўлга олди. 17 март куни унга ва собиқ рафиқаси Гулмирага нисбатан тадбиркорлик субъектини босқинчилик йўли билан олиб қўйиш факти бўйича тергов бошланди.
Жээнбековни “Ала-Арча”дан улоқтиришмоқчи
Қирғизистонда ҳам президентлар билан боғлиқ вазият ҳавас қилгулик эмас. Мамлакатнинг Садир Жапаровдан аввалги президенти Сооронбай Жээнбековни Қирғизистоннинг собиқ президенти мақомидан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда. Ушбу “илтифот” билан парламент депутати Оқилбек Тумонбоев чиқди.
Ташаббускорнинг сўзларига кўра, у аллақачон Сооронбай Жээнбековнинг “Ала-Арча” давлат қароргоҳида истиқомат қилиши, унинг ҳимояси ва бошқа имтиёзларини таъминлаш учун давлат бюджетидан тушадиган харажатларни ҳисоблаб чиқиш бўйича кўрсатма берган.
Шунингдек, Оқилбек Тумонбоев нафақат Сооронбай Жээнбековнинг ўзи, балки унинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам имтиёзлардан фойдаланишини қўшимча қилди. У бу масалани Жўқорғу Кенешда кўтаришга ва тегишли қонун лойиҳасини киритишга ваъда берди. Депутат ушбу масалада амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровга ҳам мурожаат қилмоқчи.
Қайд этиш керакки, Оқилбек Тумонбоев Садир Жапаровнинг қудаси ҳисобланади.
Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.
Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан қамоқдан чиқиб, Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.
Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 2021 йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.
Тожикистонлик эркак Кишинёвда отишма содир этди
Молдованинг Кишинёв аэропортида тожикистонлик эркак отишма содир этиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди.
Қайд этилишича, Кишинёвга келган 43 ёшли эркакнинг Молдовага кириши тақиқланган. Аэропорт ходимлари томонидан стерил зонага кузатиб қўйилаётган пайтда у ходимлардан бирининг тўппончасини тортиб олган ва ўқ узган. Оқибатда бир нафар чегара полицияси ходими ҳамда бир нафар аэрпорт қўриқчиси ҳалок бўлган, йўловчилардан бири эса жароҳат олган. Бу вақтда унинг ўзи ҳам жароҳат олиб, кейинчалик қўлга олинган.
Фавқулодда ҳодиса бартараф этилгунга қадар Кишинёв аэропортидаги йўловчилар эвакуация қилиниб, барча рейслар қолдирилган.
Маълум бўлишича, отишма содир этган шахс Кишинёвга Туркиядан учиб келган. Унинг нима сабабдан бу ишни қилгани ҳозирча аниқ эмас. Айбланувчига нисбатан теракт содир этганлик факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Отишмадан сўнг мамлакат Президенти Мая Санду ҳуқуқ-тартибот идораларини шай ҳолатга келтирди. Воқеага нисбатан Молдова Бош вазири Дорин Речан ҳам муносабат билдириб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор қилди.
Орадан кўп ўтмай, отишма содир этган эркакнинг шахси аниқланди. У Тожикистонда одам ўғирлашда айбланиб, терговдан яшириниб юрган Рустам Ашуров бўлиб чиқди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 июнь куни Душанбе шаҳрида “Ориёнбанк” раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоев ўғирлаб кетилган. Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-тергов гуруҳи тузилган. Тергов жараёнида уюшган жиноий гуруҳ иштирокчиларидан бири – тожикистонлик Рустам Ашуров ушбу жиноятни содир этиб, кейинчалик яшириниш мақсадида Туркия орқали Молдова Республикасига қочиб кетгани аниқланган.
Молдова Бош прокурори Ион Мунтянунинг маълум қилишича, Кишинёв аэропортида отишма содир этган шахс умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилади.
“Чегара назоратини ўтказиш ва Тожикистон фуқаросининг Молдовага ташрифи мақсадини аниқлаштириш вақтида у ўзини агрессив тутган. Полиция ва Кишинёв прокуратураси тергов олиб бормоқда, бу террорчилик ҳаракати. Тергов шунингдек, жиноятга алоқадорлик версиясини ҳам текширмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари отишма содир этган шахснинг ҳарбий ёки жиноий гуруҳ аъзоси экани ҳақида маълумотга эга эмас”, дейди Бош прокурор.
Швецияда Қуръоннинг ёқилишини дунёни оёққа турғазди
28 июнь куни бутун дунё мусулмонлари муборак Қурбон ҳайитини нишонлади. Аммо шу куни Швеция пойтахти Стокгольм марказида содир бўлган воқеа Ислом оламининг дилини хира қилди. Шу куни Стокгольмда яна Қуръони Карим таҳқирланди. Намойишда ироқлик 37 ёшли муҳожир Салван Момика муқаддас китобни ёқиб юборди.
У араб тилида нутқ қилиб, мусулмонларнинг муқаддас китобидан варақларни йиртиб, ўт қўйди. Акция содир бўлган жойда Швеция ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, 200 га яқин томошабин бўлган. Полиция ташкилотчига тош отмоқчи бўлган эркакни қўлга олди.
Акция полициянинг рухсати билан бўлиб ўтган, ҳисоботда улар мусулмонларнинг муқаддас китобини “ёқиш учун тўғридан-тўғри рухсат” бермагани, балки бу “Қуръон ҳақидаги намойиш” эканлиги айтилган. Хабарда, шунингдек, айни пайтда Пойтахт округида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво туфайли олов ёқиш тақиқлангани ва уни бузиш жаримага олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.
Ушбу ҳодисадан сўнг бутун дунё Ислом олами оёққа турди. Саудия Арабистонидан тортиб, Эронгача, Индонезиядан тортиб, Туркиягача Швециядан ҳисоб сўрашни бошлади. Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Стокгольмни бу ҳаракатнинг бадали оғир бўлишини айтиб чўчитса, Саудия Арабистони галдаги таҳқирлашни ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмаслигини билдирди. Кўплаб мамлакатлардаги Швеция элчилари Ташқи ишлар вазирликларига чақиртирилиб, уларга норозилик нотаси топширилди.
Ироқ пойтахти Бағдодда эса одамлар Қуръон ёқилишига қарши намойишга чиқиб, Швеция элчихонасигача бостириб кирди. Мамлакат расмийлари ва намойишчилар Ислом динининг муқаддас китобини таҳқирлаган ироқликни Швециядан экстрадиция қилишни талаб қилди. Бироқ, Швеция расмийлари бу талабларга жавоб бергани йўқ. Аксинча, мамлакат Бош вазири бутун дунёни хотиржамликка чақириб, Швеция элчихоналарига бостириб кириш ноқонуний эканини эслатди.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг фикрича, Қуръонни ёқиб юбориш Европада сўз эркинлигининг ифодаси ва сўнгги ҳодиса Швецияни НАТОга қабул қилиш бўйича Туркия билан музокараларга тўсиқ бўлмаслиги керак.
“Мен бу воқеа сабаб бўлган чуқур ҳис-туйғуларни тушунаман. Бироқ ҳақоратли ва танқид қилинадиган бу ҳаракатлар суверен ҳуқуқ тизимида ноқонуний бўлиши шарт эмас. Биз Швецияда Туркия ва НАТОга қарши норозиликларни ҳам кўрдик. Буларнинг барчаси мен ёқтирмайман, лекин мен одамларнинг рози бўлмаслик ҳуқуқини ҳимоя қиламан, бу сўз эркинлиги”, дейди у.
АҚШ эса Стокгольмда Қуръоннинг ёқиб юборилишини қоралади ва Швециядаги мусулмонлар ҳуқуқларидан хавотир билдирди.
“Айтишим керакки, биз буни ҳақиқатдан ҳам қоралаймиз. Бу ҳаракатдан қаттиқ хавотирдамиз. Бу мусулмонлар ва бошқа диний озчиликлар вакилларининг Швецияда ўз ибодат қилиш ҳуқуқидан эркин фойдаланиш қобилиятига таъсир қиладиган қўрқув муҳитини яратади”, дейди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер сўз очди.
Вашингтон маъмурияти айнан нимани қоралаётганига ойдинлик киритиш сўралганида, Миллер "Қуръоннинг ёқиб юборилиши", деб жавоб берган.
Айни вазиятда эса Россия Президенти Владимир Путин бутун дунё араб мамлакатлари ва Ислом дунёсини ўз атрофида бирлаштиришга уринди. У Қуръон ёқилган кунда Доғистонга борди ва бағрига Қуръони Каримни босган ҳолда Исломга нисбатан ҳурматини ифода этди.
Гап шундаки, 28 июнь куни Доғистоннинг Дербент шаҳридаги Жума масжидига ташрифи чоғида Владимир Путинга Қуръони Карим совға қилинди. Путиннинг урғулашича, Россия Қуръонни ва мусулмонларнинг диний туйғуларини чуқур ҳурмат қилади, Россия Федерациясида ушбу муқаддас китобга ҳурматсизлик жиноят ҳисобланади. Ушбу китоб нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари учун ҳам муқаддас эканини айтди.
Шунингдек, давлат раҳбари Қуръонга нисбатан ҳурматсизлик мамлакат Конституцияси ва Жиноят кодексининг 282-моддасига мувофиқ жиноят эканини эслатган.
Франция тебраняпти
27 июнь куни Франциянинг Парижга яқин Нантер шаҳрида 17 ёшли йигит йўл ҳаракати назорати вақтида полицияга бўйсунишдан бош тортгани учун отиб ўлдирилди. Ўсмир билан бир машинада бўлган йўловчи қўлга олинган, иккинчиси қочиб кетгани учун қидирувга берилган. Шунингдек, полиция ходими қасддан одам ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган.
Қотилликдан бир неча соат ўтиб шаҳар кўчаларида аҳоли тўплана бошлаган ва ҳолатдан норозилик фонида тартибсизликлар авж олган.
Автобус бекатлари бузиб ташланган ва чиқинди қутиларига ўт қўйилган. Аҳолининг бир қисми полициянинг ҳудудга киришига йўл қўймаслик учун баррикадалар қурган. Кун охирида 50 га яқин одам Нантер полиция идораси олдида полицияга қарши шиорлар айтиб намойиш ўтказган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари оломонни орқага қайтариш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларга кўра, Париж марказидаги кўплаб таниқли бутиклар талон-тарож қилинган, дўкон ва ресторанларнинг ойналари синдирилган. Намойишчилар банкоматларни ҳам талон-торож қилишга уринган.
Намойишларда мингга яқин киши ҳибсга олинган, аммо рақамлар соат сайин ўзгариб бормоқда.
Намойишлар сабаб Франция Президенти Эммануэль Макрон 30 июнь куни Брюсселдаги Европа Иттифоқи саммитини тарк этди ва ундан кейин режалаштирилган матбуот анжуманини бекор қилди.
Ҳукумат кетма-кет уч кеча давом этган кўча тартибсизликлари фонида барча оммавий тадбирларни бекор қилишга ва бутун мамлакат бўйлаб соат 21:00 дан бошлаб ер усти жамоат транспорти фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.
Жиззахда қарийб 60 киши заҳарланди
Тугаётган ҳафтада Жиззахда 57 киши овқатдан заҳарланди. 25-26 июнь кунлари 57 нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ич кетиш ва тана ҳарорати кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган.
Уларга бирламчи лаборатория текшируви хулосасига кўра, “ўткир диарея” овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилиб, тиббий муолажаларни амалга ошириш учун барчаси шифохонага ётқизилган.
Беморларнинг 11 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, 46 нафари қониқарли аҳволда экани маълум қилинган.
Жиззах шаҳар прокуратурасининг дастлабки терговга қадар текширувлари давомида беморлар Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида овқатлангани аниқланиб, ҳодиса жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотларининг намуналари ҳамда барча беморларга нисбатан тегишли экспертизалар тайинланиб, соҳа мутахассислари жалб этилган.
Ўзбекистонлик ёшлар Германияда сарсон қолиб кетди
“Turon World Cooperation Хусусий Бандлик Агентлиги” масъулияти чекланган жамияти орқали жорий йилнинг май-июнь ойларида Work and Travel дастури билан Германияга кетган 102 нафар ўзбекистонлик ёшлар мамлакатда сарсон қолиб кетди. Улар вокзалда оч-нахор, ишсиз ва пулсиз қолиб кетгани айтилмоқда. Қолаверса, ёшларнинг кўпчилиги ишга жойлашиш учун тил ҳам билмаган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу томонидан "Turon World Cooperation Хусусий Бандлик Агентлиги" МЧЖга берилган лицензиянинг амал қилиш муддати 2022 йил 10 июнда вақтинча тўхтатилган.
Ҳолат бўйича Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.
Айтилишича, Бош консулхонага “Work and Travel” дастури бўйича Германияга борган, иш билан боғлиқ муаммолар ва етарли молиявий ресурслар йўқлиги сабабли Мюнхендаги марказий вокзалда тунашга мажбур бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот келиб тушган.
Бош консулхона ходимлари “Ҳумо” ўзбек-немис маданий жамияти фаоллари билан биргаликда воқеа жойига етиб борган ва 35 нафар муҳтож Ўзбекистон фуқароларига ушбу ҳудудда вақтинча яшаши учун зарур ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси вазиятни назоратга олган ва ваколатли органлар билан ҳамкорликда мазкур муаммони бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Ўзбекистондаги “Turon World” консалтинг фирмаси маълумотларига кўра, ушбу ташкилот 98 нафар Ўзбекистон фуқаросини “Work and Travel” дастури бўйича Германияга мавсумий ишларга жўнатган.
Қалампир.узга етиб келган маълумотларга кўра, Германиядаги вокзалда қолиб кетган ўзбекистонликларга элчихона ва консулликдан аввал, биринчи навбатда Германияда қолаётган ўзбекистонликлар ва Ўзбекистонда ушбу ҳодисадан хабар топган сахий инсонлар ёрдам қўлини чўзган. Хусусан, Германия ҳаёти инстаграм канали маъмури Бехруз Бозоров орқали кўпчилик ёшлар иш топишга муваффақ бўлган. Шунингдек, Бозоров сахий кишилар бир қатор ёшларнинг Ўзбекистонга қайтиб кетиш учун самолёт чипталарини олиб беришга тайёрлигини ҳам билдирган. У ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб, ҳужжатларни аниқ текширмай, амин бўлмай, қолаверса, тил билмай Германияга келмаслик, бир кунимни кўриб кетаман деган хом хаёлга берилмасликка чақирди.
Мирзиёев марҳум икки Шайхни мукофотлади
Дунёнинг бир бурчагида Исломга нисбатан ҳурматсизлик қилинаётган бир пайтда Ўзбекистонда Ислом ва диний уламолар улуғланяпти. Тугаёттган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан икки нафар марҳум шайхлар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.
Президент фармонида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, ислом динининг улуғ инсоний ғояларини ўзбек халқига етказиш, машҳур уламоларнинг асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги хизматлари алоҳида қайд этилган.
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг эса ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакат ва минтақада ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини одамларга безавол етказишдаги хизматлари алоҳида таъкидланган.
Пригожин йўқ, Суровикин ҳам йўқолиб қолди
24 июнь куни Россияда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси бошлиғи Евгений Пригожин томонидан уюштирилган ҳарбий қўзғалон бу ҳафтада ҳам асосий мавзулигича қолди.
Москвагача етиб боришни мақсад қилган Пригожин манзилга 200 км қолганда ортга чекинганди. Чунки орага Лукашенко тушган ва “Вагнер” таркибидаги жангчилар хавфсизлигини кафолатлаган ҳолда уларнинг Беларусга ўтишига кўндирганди.
Бироқ Пригожин Россияни тарк этгач, Россия қўшинларининг Украинадаги қўшма гуруҳи қўмондони ўринбосари генерал Сергей Суровикин кўринмай қолди. Турли нашрлар Россия Мудофаа вазирлигига яқин манбаларга таяниб, унинг ҳибсга олинганини ёзди.
Гап шундаки, Суровикин Пригожиннинг исёни пайтида унинг тарафини олган бўлиши мумкин. Ғарб разведкаси ҳам Пригожин юқори мартабали россиялик зобитларга, жумладан, генерал Сергей Суровикинга ўз режалари ҳақида маълумот берганини айтмоқда.
Путиннинг воизи Дмитрий Песковдан Суровикиннинг ҳибсга олингани ҳақида сўралганда эса у бу борада ҳеч нарса билмаслигини ва бундай саволлар билан Мудофаа вазирлигига мурожаат қилиниши кераклигини айтган.
Тез-тез оммавий чиқиш қиладиган Евгений Пригожиннинг ўзини ҳам охирги марта Ростов Донни тарк этаётганда кўришган, холос. Шундан икки кун ўтиб, 26 июнда унинг Telegram каналига 11 дақиқалик аудиоёзуви жойланган.
Овозли хабарда Пригожин мамлакатда ҳукуматни ағдармоқчи эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, у рус аскарларининг қонини тўкмаслик учун орқага чекинишини қўшимча қилган.
Мана неча кун ўтдики, Пригожиндан янги садо чиққани йўқ. Песков эса у ҳақида ҳам ҳеч нимани билмаслигини айтмоқда.
Пригожиннинг исёнини бостиришда жонбозлик кўрсатган Лукашенко эса Беларусь фуқаролари “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси билан шартнома тузиши мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, у Путин Пригожинни ўлдириб юборишга қарор қилганини, бироқ уни тўхтатиб қолгани билдирди.
Унинг айтишича, 24 июнь куни Евгений Пригожин ҳарбий куч ишлатиш орқали Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штаб-квартирасини назорат остига олиб, мамлакатда кескинлик юзага келтирган вақтда Путин уни ўлдириб юборишни буюрган.
Лукашенко эса вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш, “Вагнер” раҳбари ўлдирилган тақдирда вазият издан чиқиб кетиши, жангчилар бетартиб равишда ҳужум бошлаши мумкинлигини айтиб, Пригожиннинг ҳаётини сақлаб қолган.
“Мен Путинга шошилмасликни таклиф қилдим. “Вагнер” раҳбари ва унинг командирлари билан гаплашишим, Пригожиннинг йўқ қилиниши жангчиларининг кенг кўламли қўзғолонига сабаб бўлиши мумкинлигини айтдим”, дейди Лукашенко.