“Толибон” аёллари учун янги тақиқлар
Олам
−
20 Апрель 2023
3130Эркак шифокорга бормаслик, ўқиш ва ишлаш билан боғлиқ чекловлар билан чекланмаган Толибон ҳаракати энди аёлларга очиқ ҳаводаги ресторанларга бормаслик ва ҳайитда кўчага чиқишни ҳам чекламоқда.
Маълумотларга кўра, Афғонистондаги Муваққат ҳукумат – “Толибон” Ҳирот вилоятида оилалар ва аёлларга боғлари ёки яшил майдонлари бўлган ресторанларга киришни тақиқлади.
Тақиқ диний уламолар ва жамоатчилик вакилларининг бундай жойларда жинслар аралашиб кетгани ҳақидаги шикоятларидан сўнг жорий этилган. Очиқ ҳавода овқатланишни тақиқлаш фақат Ҳиротдаги эркаклар учун очиқ бўлган муассасаларга тегишли.
Ҳиротдаги Ёмонлик ва фазилат департаменти директори ўринбосари Баз Муҳаммад Назир ОАВда барча ресторанлар оилалар ва аёллар учун ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, уларни ташвиқот эканини айтган.
“Бу фақат яшил ҳудудлари бўлган ресторанларга тегишли, масалан, эркаклар ва аёллар учрашадиган парк. Олимлар ва оддий одамларнинг такрорий шикоятларидан сўнг биз чекловлар қўйдик ва бу ресторанларни ёпдик", дейди Муҳаммад Назир.
Шунингдек, Назир вилоятда хорижий филмлар, телекўрсатувлар ва мусиқаларнинг ДВД-дисклари сотилишини тақиқлангани ҳақидаги хабарларни рад этиб, бизнес эгаларига исломий қадриятларга зид бўлган материалларни сотмаслик тавсия қилинганини айтган.
Бундан ташқари, у маҳаллий ОАВнинг Ҳиротдаги интернет-кафе ёпилгани ҳақидаги хабарлари ёлғонлигини, бироқ номақбул контент туфайли ўйин автоматлари энди болалар учун тақиқланганини маълум қилган.
"Талабалар ўқийдиган ва ўқиш учун фойдаланадиган интернет-кафелар жуда муҳим ва биз уларга рухсат бердик", дейди Назир.
Шунингдек, “Толибон” муввақат ҳукумати мамлакатнинг Таҳор ва Бағлон вилоятларида Рамазон ҳайити вақтида аёлларни кўчага чиқишини тақиқлади. “Толибон”нинг мазкур вилоятлардаги Ҳимоя, Ҳаж ва Вақф раҳбарияти имом-хатиб ва воизларга мактуб йўллаб, ҳайитда ваъз қилишда ҳаракат етакчиси Ҳайбатуллоҳ Оҳундзода номидан фойдаланишни буюрган.
Мактубда “Толибон” етакчисининг табрикномаси ҳам ҳайит намози хутбасига қўшимча сифатида ўқилиши лозимлиги қайд этилган. Шунингдек, одамларга Рамазон ҳайити кунларида қайғуга сабаб бўладиган мотам учун марҳумларнинг уйларига боришдан ҳам тийилиши кераклигини айтган.
“Одамларга тухум уриш, товуқ уриш каби ноқонуний ўйинлардан воз кечиш тавсия қилинсин”, дея ёзилган мактубда.
Апрель ойи бошида “Толибон” афғон аёлларини БМТ идораларида ишлашини тақиқлади.
Аёлларнинг фаолиятига доир маълумотларга муносабат билдирган БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котибини сўзларига кўра, ушбу тақиқ тушунарсиз ва уни қабул қилиб бўлмайди. Шунингдек, тақиқ гуманитар ташкилотларнинг ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмак бериш қобилиятига путур етказиши мумкин.
Турли чекловларни кузатган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) агар ҳокимиятдаги “Толибон” вакилларини маҳаллий аёлларга ташкилотнинг маҳаллий идораларида ишлашга рухсат беришга кўндира олмаса, жорий йилнинг май ойида Афғонистондаги барча лойиҳаларини қисқартиришга ва чет эллик ходимларни Афғонистондан олиб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Ҳозир ташкилот вакиллари афғон ҳукумати билан қабул қилинган ушбу фармонни бекор қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Толибон” аёлларга соғлиқни сақлаш, таълим ва кичик бизнесда муайян шароитларда ишлашга рухсат бергани учун Афғонистон ҳукумати охир-оқибат таслим бўлишига умид қилмоқда.
БМТда ишлаётган 3300 нафар афғон – 2700 эркак ва 600 аёл 12 апрел куни уйда қолиб, ўз ишларини бажаришда ва маошларини олишда давом этган. БМТнинг 600 нафар хорижлик ходими, жумладан, 200 нафар аёл “Толибон” тақиқига кирмайди. Ташкилот Афғонистондаги барча вазифаларни маҳаллий аёллар иштирокисиз уддалай олмайди, деб тахмин қилинади.
“Менимча, бу ҳолатни юракни эзувчи дейишдан бошқа илож йўқ. Бугун БМТ оиласи Афғонистонда йўқлигини тасаввур қилсам, кўз олдимда ёш қизлар, ўғил болалар, оталар, ейдиган ҳеч нарсаси йўқ оналарнинг суратлари пайдо бўлади”, дейди Штайнер.
2022 йил сентябрь ойидан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссиясини Қирғизистоннинг собиқ Президенти Роза Отунбаева бошқариб келмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан кейин ва ундан кейинги иқтисодий инқироздан бери Афғонистон фуқароларига озиқ-овқат, таълим ва дори-дармон билан ёрдам бериб келади. Ҳеч бир давлат “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаган ва мамлакатнинг БМТдаги ўрнини собиқ президент Ашраф Ғани ҳукумати эгаллаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь