Нью-Йоркда теракт уюштирган ўзбек
Таҳлил
−
15 Март 2023
1245913 март куни АҚШнинг Нью-Йорк штати жанубий округи суди ҳакамлар ҳайъати 2017 йилда Нью-Йоркдаги портлашни амалга оширган асли ўзбекистонлик Сайфулло Соиповга ўлим жазоси берилиши бўйича келишувга эриша олмади ва шу боис у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу ҳақда Нью-Йорк жанубий округи прокуратураси эълон қилган баёнотда айтилган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 январь куни ҳакамлар ҳайъати Соиповни қотиллик, қотилликка уриниш ва хорижий террорчи ташкилотни қўллаб-қувватлаш каби 28 та моддада айбдор деб топган. Кейин ҳакамлар ҳайъати айбдор шахс ўлим жазосига лойиқми ёки йўқлигини кўриб чиққан. Улар бир овоздан бир қарорга кела олмагани учун, қонунга кўра, жазо сифатида ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Судья бундай ҳукмни мажбурий равишда чиқариши керак ва уни енгиллаштира олмайди. Ҳукмни эълон қилишнинг расмий тартиби кейинроқ амалга оширилади.
Айтиш жоизки, Нью-Йоркда ўлим жазоси 50 йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилмаган эди.
Соипов қандай жиноят содир этган?
2017 йилнинг 31 октябрь куни Соипов Пикап машинасини Гудзон дарёси қирғоғидаги Нью-Йорк кўчаларидан бири бўйлаб велосипедчилар учун ажратилган йўлакда катта тезликда ҳайдаб, йўлига тўсқинлик қилганларнинг барчасини босиб кетган. Оқибатда 8 киши ҳаётдан кўз юмган.
Пикап велойўлакка чиқиб кетгач, мактаб автобуси билан тўқнашган ва шундан кейингина тўхтаган. Полиция воқеани теракт деб баҳолаган.
Айрим манбаларда қайд этилишича, машина ичидан тушган киши “Аллоҳу Акбар!” дея бақирган ва ўқотар қурол билан таҳдид қилган. Аммо полициячилар унга ўқ узишган ва у қорнидан жароҳат олиб, қўлга олинган.
Нью-Йорк полицияси вакили пикап ҳайдовчиси 29 ёшли эркак эканлигини ва у пейнтбол ўйнашга мўлжалланган қурол билан қуролланганини маълум қилган. Жиноятни содир этган шахс ўзбекистонлик Сайфулло Соипов экани у 2010 йилдан қўшма штатларга боргани айтилган.
Ўша вақтда терактни содир этишда Ўзбекистон фуқароси гумонланганига Ўзбекистон томони жим турмади. Ташқи ишлар вазирлиги Сайфулло Соиповнинг Нью-Йоркда юз берган терактга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида маълумотларни текширишни бошлади.
Бу орада тармоқлар турли маълумотлар билан тўлди. NBC телеканали теракт содир этганликда гумон қилинаётган ўзбекистонлик 29 ёшли фуқаро Сайфулло Соипов ИШИД гуруҳи аъзоси бўлганини маьлум қилди.
Телеканалга кўра, Сайфулло Соипов ўзи ҳайдаган кичик юк машинаси ичига ўзи ёзган хатни ташлаб қўйган. Хатда у ушбу қўпорувчилик ҳаракатини ИШИД номидан содир этиши ҳақида ёзган. Суриштирувларда Сайфулло Соиповнинг 2 нафар кичик ёшдаги болалари борлиги маълум бўлган.
Орадан вақт ўтиб, “Жаҳон” ахборот агентлиги 8 кишининг ўлимига сабабчи бўлган терактни содир этишда гумон қилинган шахс ўзбекистонлик Сайфулло Соипов экани тасдиқланганини маълум қилган.
Сайфулло Соипов 1988 йил Тошкент шаҳрида туғилгани, 2005–2009 йилларда Тошкент молия институтида таҳсил олгани, кейинчалик иш фаолиятини “Саёҳат” меҳмонхонасида ҳисобчиликдан бошлагани айтилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Соипов 2010 йилда АҚШга “Грин-карт” лотереяси орқали виза олиб жўнаб кетгани айтилди. Жиноят содир этилгунга қадар террористик гуруҳ ёхуд оқимлар таъсирида бўлгани аниқланмаган, ўтган давр мобайнида у Ўзбекистонга келмаган ва яқин қариндошлари билан учрашмаган.
Терактга АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Дональд Трампнинг муносабат билдирар экан, 8 киши қурбон бўлган терактда гумон қилинган Сайфулло Соиповга ўлим жазосига лойиқлигини айтганди.
“Ҳужумдан сўнг бир неча соатлар ўтди, қидирув-суриштирув ишлари ҳамон давом этмоқда. Биз қайси бандлар бўйича жазо қўллашни кўриб чиқяпмиз. Улардан айримлари ўлим ёки умрбод қамоқ билан жазоланиши мумкин”, деган Оқ уй раҳбари ўзининг Twitter’даги саҳифасида.
Федерал қидирув бюросининг ўша вақтдаги маълумотларда Соиповнинг телефонидан аксари ИШИД билан боғлиқ, хусусан, унинг рамзи ва раҳбарлари тасвирланган 90 га яқин видео ва тахминан 3 минг 800 та фотоматериаллар топилган.
Ҳужжатларга кўра, Соипов омма устидан камида бир неча юз метр юришни режалаштирган, теракт учун АҚШда оммавий тарзда ўтказиладиган Хэллоуин байрамини танлаган.
Дастлабки суд мажлисларида ўз айбини тан олмаган Сайфулло Соипов кейинчалик ИШИД террорчилик гуруҳи мафкураси таъсирида ҳаракат қилганини тан олди.
Терактда 8 киши вафот этган 12 киши жароҳатланган ва орадан 6 йил вақт ўтиб, ўзбекистонлик Сайфулло Соипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.