Туркиядаги зилзилалар уюштирилганми? Элчи жавоб берди

Жамият

Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида ҳозиргача вафот этганлар 8 574 нафарга етди. Жароҳатланганлар сони 50 000 минга яқинлашди. Ижтимоий тармоқлар зилзила оқибатида қулаётган бинолар, уларнинг остида қолган болалар акс этган видеолар ва суратлар билан тўлмоқда.

Россия Ҳарбий фанлар академияси катта илмий ходими, ҳарбий таҳлилчи Владимир Прохватилов Туркия ва Суриядаги ҳалокатли зилзилалар геофизик қуроллар ишлатилиши натижаси бўлиши мумкинлигини айтиб чиқди. Туркия томони ҳозирча бунга изоҳ бергани йўқ. QALAMPIR.UZ айнан шу савол билан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўлган Бекарга микрофон тутди.

“Албатта, бунақа гаплар чиқиб турибди, лекин биласизми, зилзила – бу табиий офат. Бунга ҳеч ким аралаша олмайди. Ҳодиса рўй берган жой эса сейсмик ҳудуд. Мутахассислар доим айтиб келишган, мана “Аданада яқинда зилзила бўлади”, деб айтишганида Истанбул ҳақида ҳам айтиб ўтишган, бироқ бу табиат ҳодисаси. Бу сафаргиси жуда ҳам қайғули ва масштабли бўлди. Ўйлайманки, тез орада нормал ҳаётга қайтамиз”, дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўлган Бекар.

Шунингдек, Нидерланд сейсмолог олими Франк Ҳогербитс Туркиянинг жануби-шарқи, унга қўшни Сурия, Иордания ва Ливан билан чегарадош ҳудудларида яқин кунларда 7,5 магнитудали кучли зилзила бўлишини воқеадан икки кун олдин прогноз қилингани ва бу огоҳлантиришларга беъэтибор бўлинганини айтганди. Ўлган Бекар бунга тўхталаркан, бу фаразларга жавоб беришнинг ўзи ҳам ўринли эмаслигини билдирди.

“Бунақа спекуляцияларга жавоб беришни ўринли деб ҳисобламайман, чунки ҳеч бир мутахассис зилзила ушбу ҳудудда бўлади деб айта олмайди, бу имконсиз. Туркиянинг барча идоралари ҳозир зилзила талафотларини бартараф қилиш билан шуғулланяпти”, дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўлган Бекар.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркиядагизилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг