Молия вазирлиги Президент қарорини бажармайдими ёки гап Маданият вазирлигидами?
Таҳлил
−
03 Февраль 2023
16238Тез-тез Президентнинг янги қарори, фармони эълон қилинади ва бу ҳужжатлар қайсидир тизимни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини таъминлаш, маош оширилиши-ю қўшимча маблағлар жалб этилиши ҳақида бўлади.
Янгилик бўлгани ва соҳалар ривожлангани яхши. Лекин бу қарор ва қонунларнинг ижроси таъминланмаслиги жуда ачинарли.
Гап шундаки, QALAMPIR.UZ’га Бухоро вилояти маданият бошқармаси ходимлари Президентнинг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорининг 11-банди ижроси таъминланмаганини айтиб, мурожаат қилди.
Қарорнинг 11-бандида Давлат хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилгунга қадар, Маданият вазирлиги ходимлари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш белгиланган.
Қарорга кўра, Маданият вазирлиги марказий аппарати ходимларига, шунингдек, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимларига кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш кераклиги ёзилган.
Қарор билан:
• 2022 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Маданият вазирлиги марказий аппарати ходимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти – 1,4 бараварга;
• ҳудудий маданият бошқармаларида – 1,2 бараварга оширилган миқдорда қўлланилиши белгиланган.
QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилган Бухоро вилояти маданият бошқармаси ходимларининг айтишича, Президент қарори эълон қилинганидан сўнг, Маданият вазирлиги Бухоро вилояти маданият бошқармасида қанча ходим фаолият олиб бориши ҳақидаги маълумотлар билан қизиққан ва ҳужжатлар сўралган.
“Маданият ходимларининг маоши жуда кам эди. Буни ҳамма билади. 2018-2019 йилда Маданият ходимларининг иш ҳақи кўтарилиши, Президент бизни соҳамизга эътибор қаратиши айтилганди. 2020 йил 26 майда Президентнинг “Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ходимлар бу ҳақда хабар топганидан кейин пул сўрашни бошлашади. Аслида бу маблағлар маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тўланиши керак эди. Минг афсуски қарорда ёзилган иш ҳаққига тенглаштирилган тўловлар ходимларга берилмади. Пул берилиши кераклиги ҳақида молия бошқармасига мурожаат қилганимизда улар пулни маданият вазирлиги тўлаб беришини айтганди. Қарорда пулларни Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тўланиши белгиланган. Лекин пуллар давлат бюджетидан ажратилиши керак. Қарор билан белгиланган маблағ тўланмаганидан сўнг, ходимлар билан судга даво аризаси киритдик”, дейди Бухоро вилояти маданият бошқармаси юристи Улуғбек Жумаев.
Биргина Бухоро вилояти маданият бошқармасининг ўзидан 14 та ходим фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига ариза билан мурожаат қилган. 2022 йилнинг 12 август куни ҳал қилув қарори эълон қилинди –Бухоро вилоят маданият бошқармасига нисбатан устама ундириш ҳақидаги даъво талаби қисман қаноатлантирилган ҳолда.
Ҳал қилув қарори билан Бухоро вилояти маданият бошқармасидан даъвогарлар фойдасига қуйидаги маблағлар ундирилиши белгиланган:
- Шамшод Ўринов – 26 558 920 сўм;
- Хайриддин Самиев – 19 971 002 сўм;
- Фаррух Шарапов – 31 319 637 сўм;
- Феруза Қодирова – 20 999 630 сўм;
- Улуғбек Жумаев – 39 158 723 сўм;
- Санжар Эргашев – 7 000 000 сўм;
- Наргиза Нашванова – 18 295 716 сўм;
- Насрилло Бозоров – 19 971 000 сўм;
- Заҳро Ҳусанова – 17 458 073 сўм;
- Дилноза Раҳмонова – 33 093 017 сўм;
- Вазирбек Ҳайитов – 13 416 068 сўм;
- Воҳид Ниёзов – 29 679 60 сўм;
- Бобур Усмонов – 2 724 00 сўм;
- Аъзам Бобожонов – 19 033 990 сўм.
“Бухоро вилояти маданият бошқармасини молиялаштириш Бухоро вилояти Молия бошқармаси томонидан амалга оширилади. Афсуски, қарорнинг 11-бандидаги иш ҳақига қўшиб тўланадиган маблағ ходимларга на Молия бошқармаси на Маданият вазирлиги томонидан тўлаб берилмади. Бошқармадан пул сўраганимизда маблағни Маданият вазирлиги тўлаб беришини айтди.
Қонунда ходимларга тўланадиган маблағлар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан молиялаштирилиши белгиланган. Лекин барча пуллар Республика бюджетидан ажратилиши керак эди. Бу пуллар ажратилганми йўқми буни билмайман”, дейди Бухоро вилояти Маданият бошқармаси юристи Улуғбек Жумаев.
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси Шомуродов Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига Бухоро вилояти маданият бошқармаси ходимларига устама ундириш юзасидан мурожаат қилади.
“Суд қарорни бизнинг фойдамизга чиқарганидан сўнг судьянинг ўзи маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ҳолат юзасидан сўров юборган. Жамғарма директори эса бу қарор ижросини таъминлаш учун 13 млрд сўм сўм маблағ ажратилгани, бу пуллар маданият вазирлигига ўтказиб берилганини маълум қилган.
Шунингдек, Маданият бошқармасининг директори Маданият вазирлигига мурожаат қилган ва “янги смета тасдиқланса, кейин маблағ ажратилади” деган жавобни олган. Қарор билан белгиланган эски смета ва ажратилган пуллар нима бўлади деган савол бизни қийнамоқда”, дейди Маданият бошқармасининг собиқ ходими Шамшод Ўринов.
“Суднинг ходимлар фойдасига чиқарган қарори ижросини таъминлаш, пулларни ундириш Бухоро вилояти маданият бошқармасига қаратилади. Юқорида айтганимдек бизнинг барча харажатларимиз ёки, вазирлик ёки молия бошқармаси берган пулдан қопланади. Молия бошқармаси бу пулларни беролмаслигини айтди. Маданият вазирлиги эса бу маблағлар бюджетдан ажратилган тақдирда тўлаб берамиз деган жавобни берди”, дейди Бухоро вилояти Маданият бошқармаси юристи Улуғбек Жумаев.
Суд молия бошқармасини жавобгар сифатида жалб қилгани сабабли Молия бошқармаси суднинг қарори эълон қилингач, Аппеляция судига мурожаат қилади. Аппеляция инстанцияси Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2022 йил 12 августдаги мазкур иши бўйича чиқарган ҳал қилув қарорининг хулосаси қисмидаги “кўп йиллик иш стажи учун” деган жумласини чиқариш йўли билан суднинг дастлабки қарори ўзгаришсиз, келтирилган шикоят эса қаноатлантирилмасдан қолдирилади.
Ишингиз судга бориши, ҳал қилув қарори ҳам сизнинг фойдангизга чиқарилиши мумкин. Аммо, лекин, бироқ... унинг ижроси масаласи энг катта ечилиши қийин бўлган муаммолигича қолади.
Мурожаатчиларга кўра, суд қарорининг ижроси таъминланмагач, иш юритуви Мажбурий ижро бюросига ўтказилган. МИБ ҳам ҳозиргача пулни ундирганича йўқ. Ишлаган ҳақини ололмаган ходимлар ҳафсаласи пир бўлиб, Бош прокуратура ва МИБга мурожаат қилишади ва шундай жавоб олишади:
“Суд қарори чиқарилгани билан пуллар тўлаб берилмади. МИБ ишни мажбурий ундирувга қаратди. Мажбурий ижро бюроси ундирувни Маданият бошқармасининг моддий техник базасига қаратди. Бошқарманинг Isuzu автобуси, давлат рақамли Lacetti автомобили бор эди. МИБ бизга берган жавоб хатида ундирув айнан шу автомобилга қаратилганини ёзган. Мибнинг айтишича, автомобиль қидирувга берилган. Бир савол борда. Қандай қилиб давлатни машинасини қидириш ва тополмаслик мумкин. Агар у фуқарони шахсий автомобили бўлганида эди беркитиб қўйиш мумкин бўларди. Давлатни машинасини қидирув органи тополмаслиги мумкинми? Тўғриси, бу ҳолатни қандай изоҳлашга ҳам ҳайронман. Бизнинг манфаатларимиз Маданият вазирлиги томонидан таъминланмаяпти. Суд – олий орган, лекин унинг чиқарган қарори ижроси ҳам таъминланмайди. Қайси органга мурожаат қилманг, бир хил жавоб оласиз “ижрога қаратилган”, дейди пулини ололмаётган маданият ходими.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовга мурожаат қилдик.
Тошпўлатовнинг маълум қилишича, олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочисининг 2022 йил 15 сентябрдаги қарори билан қарздор Бухоро вилоят Маданият бошқармасининг банкдаги барча ҳисоб рақамларининг чиқим қисмига банд солинган.
“Қарздорнинг балансида бўлган 2 та автотранспорт воситаси ва 38 та кадастр объектларига тақиқ қўйилган.
Давлат ижрочисининг 2022 йил 22 декабрдаги қарори билан бошқарма бошлиғи Неъматовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддаси билан 3 000 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг балансида бўлган 80 110 DAV давлат рақам белгили Lacetti русумли автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинган. Жорий йилнинг 7 январь куни қарздорнинг балансида бўлган 80 378 SBA давлат рақам белгили “SAZ NP 26” русумли йўловчи ташувчи автобус хатланиб, 2023 йилнинг 9 январь куни баҳолашга тақдим этилган.
Келгусида автотранспорт воситаси баҳолаб берилганидан сўнг, электрон онлайн аукцион орқали савдога чиқарилади ва маблағлар Маданият бошқармаси ходимларига бериш чоралари кўрилади”, дейилади МИБнинг QALAMPIR.UZ’га берган маълумотида.
Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси стратегик ривожланиш ва Коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Элмурод Нажимов билан ҳам боғландик. Унинг маълум қилишича, Молия вазирлиги жамғарма сўраган пулларни тўлиқ бермаган.
“Ҳар бир давлат ташкилотида смета белгиланади. 2021 йил ҳам Молия вазирлиги Маданият вазирлигига умумий миқдорда 13 млрд сўм сўм маблағ ажратиб берган. Бу пулларни тийин-тийинигача вазирликка ўтказиб берганмиз. Бу маблағнинг ходимларга бўлиб берилиши Маданият вазирлиги зиммасида эди”, дейди жамғарма расмийси.
Биздаги маълумотларга кўра, нафақат Маданият бошқармаси, балки Маданият вазирлигининг ходимларига тўланиши керак бўлган рағбатлантириш маблағлари ҳам берилмаган. Бунинг асосий сабаби эса Молия вазирлиги етарли маблағ ажратмаган.
“Асосий масала фондда эмас, иш Молия вазирлигига бориб тақалади. Молия вазирлиги пул ўтказса, у маблағлар, албатта, ходимларга етиб боради”, дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси стратегик ривожланиш ва коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Элмурод Нажимов.
Президент қабул қилган ҳужжатда қайсидир соҳага пул ажратилиши керак бўлса, масъул вазирлик ва ташкилотлар, албатта, молия вазирлигига расмий хат ва ходимлар маълумоти билан чиқади ва керакли маблағни сўрайди. Вазирлик ҳисоб-китоб қилиб, бу пулларни ўтказиб беради. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси расмийсига кўра, улар Президент қарори ижросини таъминлаш учун Молия вазирлигидан 60 млрд сўм маблағ сўраган.
Афсуски, Молия вазирлиги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамига 13 млрд сўм пул ўтказган. Юқорида айтганимиздек, ҳозиргача нафақат Бухоро вилояти маданият бошқармаси ходимлари балки маданият вазирлигининг 40 дан ортиқ ходими ҳам Президент айтган рағбатлантириш маблағларини олмаган.
Молия вазирлиги 60 млрд сўм сўралганда, нима учун бор йўғи 13 млрд сўм берганидан хабаримиз йўқ. Лекин Президент қарорининг ижроси орадан икки йилдан ошиқ вақт ўтса ҳам бажарилмаяпти.
LiveБарчаси