Сарсон таълим - ҳайрон муаллим!
Таҳлил
−
11 Январь 2023
43424Хабарингиз бор, Гидрометеорология хизмати марказининг Ўзбекистонга 10-15 январь кунлари аномал совуқ ҳаво кириб келаётгани, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати -27 гача пасайиши ҳақидаги огоҳлантириши ортидан юқори идораларда ўтирган мансабдорлар шошиб қолиб, барча мактаб, академик лицей, профессионал таълим муассасалари, университет ва институтларда қишки таътил 9 январдан 17 январгача узайтирилди. Мактабларда 2022/2023 ўқув йилининг III чораги биринчи ўқиш куни 18 январь этиб белгиланди. Аммо, бу – Ўзбекистон! Унда чиқарилган қарорлар эса исталган вақтда, исталган соатда ўзгариши мумкин. Бунга нафақат об-ҳаво, балки кайфият ҳам таъсир қилади.
Гап шундаки, кеча, 10 январь куни бирдан айрим вилоятлардаги мактабларда ўқиш бошланиши ҳақида узунқулоқ гаплар чиқа бошлади. Биринчилардан бўлиб Шуҳратбек Абдураҳмонов бошқариб келаётган Андижон вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғига зид равишда узайтирилган қишки таътил бекор қилиниб, барча мактаблар 11 январдан иш бошлаши айтилди. Кун қораймай рўйхат анча кенгайди. Қаторга Сурхондарё, Хоразм Бухоро қўшилди.
Лекин “таътил узайтирилиши борасидаги хабар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан қабул қилиниб, уни бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ҳам вазир хоним Ҳилола Умарованинг ўзи берса керак”, деган ўй бор эди кўпчиликда. Афсуски, бундай бўлмади. Ҳокимликлар ўз холича қарор қабул қилишда давом этди.
Куни билан миқ этмаган Вазирлик қош қорайганда, тўғрироғи, соат 20:23 да бутун масъулиятни бўйнидан соқит қилиб, қишки таътил даврини узайтириш ваколати ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий ҳокимликларга берилганини айтиб чиқди ва бунга қонуний асос келтирди. (!)
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим ташкилотларида қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати берилганлигини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунда Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таълим соҳасида айрим ваколатлар берилган”, дейилади вазирлик баёнотида.
Машмаша ана шундан кейин бошланди. Жамоатчилик Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва ҳокимликларни ўқитувчилар ва ўқувчиларни ўйинчоқ қилишда, куннинг исталган вақтида қарор олиш ва уни бекор қилишда, тутруқсизликда айблади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг ўқувчиларга эртадан дарслар бошланиши ҳақидаги эълонни кеч соатларда қандай етказиши ҳақида эътирозли постлар пайдо бўла бошлади.
Республика жамоатчилигининг нигоҳи эса – пойтахт Тошкентда! Хўш, бу вазиятда пойтахт қандай йўл тутади? Иш вақти тугагунича маълумот берилмаганига қараганда, пойтахт ҳокимлиги вилоятлардан фарқли ўлароқ 11 январдан мактабларда “дарсларни бошлаш челенжи”га қўшилмаслигига умид қилинди. Йўқ, чучварани хом санабмиз. Пойтахт ҳокимлиги кўпчилик уйқуга кетганда, соат 22:47 да “даҳшатли туш” янглиғ баёнот билан чиқди.
Унда айтилишича “11 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма- босқич ўқув жараёнлари бошланади. Бу борадаги қарор мактаблар раҳбарияти томонидан ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда қабул қилиниши тавсия этилади”.
“What?” дегинг келади айни вақтда бу баёнотни ўқиб. Орадан 3 дақиқа ўтиб, соат 22:50 да Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги худди Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнотини кутиб тургандек тумандаги мактаблар 11 январдан иш бошланиши айтиб чиқди. Қизиқ, ҳокимликдагиларнинг ўйлаш ва мушоҳада қилиш салоҳияти шу қадар кучлими? Нега бу саволни кўтаряпмиз: чунки Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнотида бу борадаги қарор мактаблар раҳбарияти томонидан ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда қабул қилиниши тавсия этилган. Мирзо Улуғбек ҳокимиятидагилар 3 дақиқа ичида ким билан маслаҳатлашди экан?
Бошқа туманларда эса бундан ҳам ачинарли аҳволни кузатиш мумкин. Масалан, айрим туманларда мактаблар ҳали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёноти берилмай туриб мактаб ўқувчиларининг ота-оналари Telegram гуруҳларига эртага, 11 январдан ўқиш бошланиши ҳақида хабарлар юборган. Хўш, бунинг номи маслаҳатлашувми ёки юқоридан олинган буйруқни маромига етказиб бажаришми? Икки ўртада ўқитувчилар сарсон. Аввалига мактаб директори ходимларга қўнғироқ қилиб, ўқувчиларга хабар беришни, эртага давоматни таъминлашни талаб қилади. Бироздан кейин “шошмай туринглар” деган сигнал келади. Ўқитувчи бечора ўқувчининг уйига бир неча марта қўнғироқ қилиб, охири ўзи дарс бераёттган муштдек ўқувчидан “устоз, нима деяпсиз, бир қарорга келиб олинглар, борайликми ё йўқми”, деган таънали жавоб олади. Ва эртага яна шу ўқитувчи синфга кириб, ўқувчиларга дарс ўтади. Дарсларнинг бундай ноқулай шароитда бошланганининг сабабини сўрашганда эса ўзи ҳам ишонмайдиган баҳоналарга ўқувчиларни ишонтиришга ҳаракат қилади. Мана, бугунги таълимдаги вазият, мана, ўқитувчини сарсон, субутсиз қилишнинг яққол намунаси.
Энг ёмони, чекка туманларидаги вазият билан боғлиқ. Ижтимоий тармоқларда айрим мактаб директорлари юқоридан келган буйруқни бажариш учун тунни мактабда ўтказиб, кечаси билан мактабни иситиш учун ўтин ёқиб чиққан. Ўтин ҳам бегона эмас, ўз уйидаги дарахтлар. Қаердан олдинг бу гапни деяётгандирсиз. Журналист ва блогер Азиза Қурбоновага шундай хабар етиб келган.
“Тармоқда “тонггача мактабни исит”, “эртадан мактаб, тепадан давомат текширилади” каби шарманда-ю шармисор топшириқ-ёзишмалар болалай бошлади. Бир қараганда ана хориж тажрибаси: мамлакат таълим менежментида марказлаштиришдан воз кечиб, ҳудудлар/таълим муассасаларининг ўзлари қачон иш бошлаш-бошламасликни ҳал қилганлари яхшидек туюлади. Лекин бизда доимгидек “энг яхшисини кутамиз ва… доимгидек бўлади”. Тун ярмига оғганда маҳаллий ҳокимиятларга берилган танлов ҳуқуқи “бажарамиз”кампаниявозлигига айланиб кетди. “Мактабинг тайёрми, ўзинг танла” деса “йўқ, 6 миллион болани олдида сизлар уялмасангиз, мен мактабимдаги мингта боланинг олдида бу тутуруқсизликдан уяламан” дейдиган мард топилармиди? Йўқ, албатта. Бажарамиз. Ҳаммаси таълимдан бошланади ва… таълимда тугайди”, дея изоҳ қолдирган у.
Собиқ депутат Расул Кушербоев қонунларга амал қилиш шартлигини билади. Шунинг учун фарзандини бугун, 11 январь куни мактабга жўнатган. Аммо...
“Бугун фарзандим синф бўйича дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлибди. Ўқитувчиси ва фарзандимдан бўлак бошқа ҳеч ким дарсга келмаган. Нега шундай бўлган экан-а? Тошкент, 84-мактаб”, дея изоҳ қолдирган у Telegram саҳифасида.
Troll.uz канали эса бир кунлик қор вазирликни шошириб қўйганини ёзган.
“Бир кун қор ёғди буларни мазаси қочди. 1 ой ёғса нима бўлади? 18 гача таътил дедингми, гапингда тур энди. Нима қиласан ўйинчоқ қилиб?
Шунча вазирликлар нима керак эди? Барибир у ерда калласи жойида бўлмаганлар ишлаётган бўлса.
Сўксанг хафа бўлади яна”, деган у.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам вазирликнинг бу қилиғини қоралаган.
“Ўқитувчиларнинг ёзишича, бугун айрим синфларда атиги 2 нафар ўқувчи ўтирибди, қолганлар дарсга келмаган. Биз нима қилайлик, деб ўқитувчилар ҳайрон. Қизиқ, нега кўпчилик дарсга келишмади, экан-а? Ахир ҳокимлар тунги соат 10-11 да уйма-уй юриб, ҳаммани уйғотиб, эртага дарс бўлишини айтиб чиқишмадими? Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан, мундоқ бир интернетга қараб туришса бўлмасмиди, ярим кечаси айтиладиган хабарларни ҳам ўқишга мажбур-ку”, дея кесатиқли пост ёзган у.
Блогер Отабек Ортиқов эса мактабларга ўқитувчи ва ўқувчилар печка олиб бораётгани акс этган бир нечта суратларни эълон қилди.
Суратлар тагида эса қуйидагича изоҳ:
“Бу мактаб ҳам очилган бошқа мактаблар қатори. Лекин ўқувчилар мана шундай печкадан бошқа нарса билан хона иситилмаслигини ҳис қилгани учун бирортаси дарсга келмаган. Чунки сенлар эплай олмаслигингни шу гўдаклар ҳам билади, лекин сенлар билмайсан. Ёшинг бобом тенггию ақлинг бешикдаги жиянимдан кичкина”.
Синфхоналарда атиги бир нечта ўқувчи ўтирган ёки умуман ҳеч ким йўқлигини эса юрист блогер Баҳодир Аҳмедов қуйидагича талқин қилган:
“Эртагалик совуқда ким жигаргўшасини совуққа чиқаради? Менимча, ҳеч ким. Вақтида тўхтатиш керак бу масхарабозликни!”
Юрист Саидали Мухторалиев эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таътил қачон тугашини айтишга, ўқишнинг қачон бошланишини белгилашга ҳокимларда ваколат борлиги ҳақидаги баёнотига кескин норозилик билдириб, буни қонунан тушунтириб берди. Юристнинг айтишича, таътилнинг қачон тугаб, қачон ўқиш бошланишини белгилашга маҳаллий ҳокимликларнинг ҳаққи йўқ!
“Қонуннинг 27-моддасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари сифатида қуйидагилар кўрсатилган:
- таълим соҳасидаги ваколати давлат бошқаруви органлари билан келишилган ҳолда давлат таълим муассасаларини ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади, бундан республика тасарруфидаги таълим муассасалари мустасно;
- ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудудда давлат таълим муассасалари учун молиялаштириш ҳажмини белгилайди;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан таълим ташкилотларини ривожлантириш масалалари юзасидан ҳамкорлик қилади;
- давлат умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни (микроучасткаларни) белгилайди;
- таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширишда таълим ташкилотларига кўмаклашади;
- таълим олувчилар учун сифатли таълимни, тарбияни таъминлаш, уларнинг истеъдодини шакллантириш ва намоён этиш мақсадида жойларда уларга зарур шароитлар яратиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади;
- ўз ваколатлари доирасида таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантиради ва нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтиришга кўмаклашади;
- умумий ўрта таълим ташкилотлари битирувчилари бандлигини таъминлашга кўмаклашади.
Ана энди савол, бу ваколатлар ичида таълим муассасаларидаги таътилни узайтириш ёки узайтирмаслик, умумийроқ қилиб айтганда, уларнинг фаолиятини бошқариш ёки мувофиқлаштириш ваколати борми? Йўқ, албатта”, деган у.
Ваколатлар орасидаги таълим олувчилар учун сифатли таълимни таъминлаш деган ваколат турибди-ку, шу тушмайдими” деган саволга эса ҳуқуқшунос “Йўқ тушмайди”, дея жавоб берган.
“Чунки жойлардаги таълим муассасаларида аномал совуқдан асраш учун ТЎЛАҚОНЛИ шароит яратилмаган бир вақтда таътилларни бекор қилиш, ёки узайтиришни сифатли таълимни таъминлаш деб бўлмайди, яъни бу бутунлай бошқа нарса.
Ҳозирги вазиятда сифатли таълим деганда, масалан, аномал совуқ шароитида ўқувчилар таълим муассасасига хавфсиз бориб келишлари учун қатнов шароитларини яратилишини ҳам тушунамиз, ҳатто. Тўғриси, вазирликнинг бугунги баёнотини ва ундаги позицияни умуман тушунмадим, бу масъулиятни ва жавобгарликни ўзидан соқит қилиш бўляптими?”, дея постини шубҳали савол билан тугатган юрист.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ қайси вилоятда дарслар қачон бошланиши ҳақидаги хабарларни доимий тарзда бериб келмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь