Зўравонликка қарши курашганимиз билан, арзигулик ўзгариш бўлгани йўқ – Саида Мирзиёева (видео)

Жамият

image

Жамиятимизнинг аксарият қисми – анъаналарни қонунлардан устун қўяди. Бизнинг заиф томонимиз айнан шунда. Бу ҳақда бугун, 6 декабрь куни “Зўравонликка қарши курашиш” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференцияда, Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева айтиб ўтди.

У ўтган етти йилда энг кўп аёлларга нисбатан зўравонлик мавзуси муҳокама қилинганини айтаркан, ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, хорижий ҳамкорлар билан ишлар, ўрганишлар олиб борилмасин, бу борада ҳали бирон-бир арзигулик ўзгариш бўлмаганини ҳам яширмади.

“Агар мендан, сўнгги етти йил ичида жамоангиз билан қайси муаммони энг кўп муҳокама қилгансиз, деб сўралса, ҳеч иккиланмасдан, тенгсизлик ва зўравонлик масалалари, деган бўлар эдим. Муаммоларнинг сабабини ўрганяпмиз. Лекин барча ҳаракатларга қарамай, бу борада ҳали бирон-бир арзигулик ўзгариш бўлгани йўқ, назаримда.

Гендер тенглик ва ресурслардан баробар фойдаланиш ҳар қандай фаровон жамиятнинг асосидир. Афсуски, жамиятимизнинг аксарият қисми анъаналарни қонунлардан устун қўяди. Бизнинг заиф томонимиз айнан шундадир”, дейди Саида Мирзиёева.

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Президент Администрациясида иш бошлаган Мирзиёевага кўра, лавозимга киришганининг илк кунларидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни ўрганишни бошлаган. Унинг айтишича, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига фақат аёллар эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканига урғу бериш лозим. Шунингдек, Саида Мирзиёева вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

“Янги лавозимга келишим биланоқ, аввало, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни ўргана бошладим. Барча қонунларимиз тенгликка асосланган, лекин биз зўравонликка нисбатан жуда сабрлимиз. Менимча, эндиликда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига аёлларгина эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканига урғу беришимиз лозим.

Оиладаги зўравонлик фақат бир оиланинг ички иши эмас, бу муаммо, масъулият бутун жамиятга тегишлидир. Аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак.

Вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарур. Бу борада болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишнинг аниқ ва қатъий механизмларини ишлаб чиқиш лозим.

Оиладаги зўравонликни росмана “жиноят” деб баҳолаш вақти келди. Зўравонликка қарши курашнинг барча босқичларида тўлақонли ишлайдиган механизмни яратиш зарур. Бу эса ҳамма тегишли идора ва вазирликлар, шунингдек, нодавлат секторлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг биргаликдаги фаолиятини талаб этади”, дейди Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири.

Аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусини ёритиш масаласига тўхталган Мирзиёева Оммавий ахборот воситалари аёлларнинг жамиятдаги ўрни тўғрисида эскирган, одамлар онгини заҳарлайдиган дастурларини қайта-қайта тақдим этиши, аёлни зулм қурбони, бахтсиз, оми ёки эзилган шахс сифатида кўрсатиши ортидан яхши натижага эришиб бўлмаслигини қўшимча қилди.

“Оммавий ахборот воситалари аёлларнинг жамиятдаги ўрни тўғрисида  эскирган, одамлар онгини заҳарлайдиган дастурларни қайта-қайта тақдим қилаверар экан, аёллар ҳақида сўз кетганда, уларни доимий равишда зулм қурбони, бахтсиз, оми ва ҳаётда эзилган шахс сифатида кўрсатар экан, биз жамиятнинг ўзгаришига ҳам, ғояларимизни қўллаб-қувватланишига ҳам умид қила олмаймиз.

Аёллар ва болаларнинг манфаатлари эътибордан четда қолиб, улар вазиятнинг заиф ва ночор қурбони тарзида намоён қилинар экан, ривожланган, маданиятли ва соғлом жамиятни барпо этиш ҳақида орзу қилмасак ҳам бўлади.

Биз шу кунгача хотин-қизларнинг таълим олишига, аёлларни психологик ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширдик. Лекин бу узоқ ва мураккаб йўлдир. Ҳаммамиз ҳам ривожланган жамиятда яшашни хоҳлаймиз. Шундай экан, бу жараёнга ҳар бир юртдошимизни жалб этиш вақти келди. Ривожланган жамият ривожланган онг ва ўзаро тенгликдан бошланади. Айнан бизнинг авлод бу узундан-узоқ йўлнинг энг оғир қисмини босиб ўтишига тўғри келмоқда. Барчамиз кучларимизни бирлаштириш вақти етди!”, дея қўшимча қилди Мирзиёева.


Мақола муаллифи

Теглар

аёллар зўравонлик

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг