“Кун келиб чиққан қуёш ботади”. Жасур Рафиқов ҳаётлигида нималар деганди?

Маданият-санъат 70523

Бугун, 14 ноябрь куни собиқ “Уммон” гуруҳи аъзоси Жасур Рафиқов вафот этди. Бетоблиги сабаб 2019 йилда “Уммон” гуруҳини тарк этган хонанда сўнги уч йилда оммавий ахборот воситаларида кўриниш бермади, Instagram’дан фойдаланишни тўхтатди, оммавий тадбир ва байрамларда қатнашмади, видеомурожаатлар қилмади, мухлисларига ҳам кўриниш бергани ёки сўнгги сўзларини айтгани йўқ. QALAMPIR.UZ Жасур Рафиқовнинг йиллар давомида журналистларга берган интервьюларида у томонидан айтилган фикрларни ягона материалга жамлади. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин. 

2012 декабрь (“Яшил олма”, НТТ)

Мен ёшлигимда устачилик қилганман, бироз улғайганимдан кейин қурилиш соҳасида ишлаганман. 

Жаҳон эстрадасини олдиндан кам эшитардим, асосий қизиқишим ўзбек эстрадасига бўлган. Биринчи эшитиб ҳавас қилган хонандам Эркин Худойқулов бўлган, уларнинг “Беш ўғил” деган қўшиқлари бўларди. Биз оилада ҳам бешта фарзандмиз, фақат тўрт ўғил ва битта қиз. 

“Уммон” гуруҳи сифатида ҳаваскорликдан профессионалликка қўйган қадамимиз “Қандай унутдинг?” таронамиз билан бўлди. Сабаби, шу қўшиқ учун биринчи маротаба клип суратга олдик. Клипларимиз сони кўпайиб бориши мухлисларимизнинг ёши ўсишига олиб келди ва қўшиқларимизни оммалашишига ҳам ҳисса қўшди. 

Биз сокин тароналар билан ижодни бошлаганмиз ва 4-5 та ижод намуналаримизни тайёрлаганимиздан кейин шўх қўшиқларга ўтганмиз.

2016 октябрь (“Сўғдиёна”, MY5)

Мактаб даврида устозлар “Бу даврни ҳали соғинасан, бу кунлар қайтиб келмайди, яхши ўқигин, билим олгин”, дейишганида бизга эриш туйилган. Бизга ўйин-кулги, шўхлик бўлса етарли эди. Мана, орадан йиллар ўтганидан сўнг, мактабда ўтган кунларимизни соғиниб, қўмсаймиз.

Ёшлар китобни кўпроқ ўқиши керак, инсон фикрлашини ва нутқини китоб равон қилади. Энг яхши дўст – бу китоб.

Мактабдаги фаоллар залида ҳеч қандай мусиқасиз жонли ижрода қўшиқлар айтиб юрардим. 9-синфни тамомлаётган пайтимизда олдимга Зоҳид келиб, менда мактаб тўғрисида қўшиқ бор, айтасанми, деб сўраган ва мен ана шу қўшиқни куйлаган эдим.

Мактабда севги мактублари ёзиб, ичига ўша пайт 50 сўмлик сақич солиб йўллардим.

2017 март (“MTV shou”, “Milliy TV”)

“Уммон” гуруҳини бирлаштирган нарса – бу ҳавас. Ҳар биримиз санъаткорларга ҳавас қилиб, меҳнат қилганмиз. 

Йигитлар биргаликда қўшиқ куйладик, шунда ҳам гуруҳ бўлиш ниятимиз бўлмаган. Қўшиғимиз оммабоп бўлиб, омад келганидан кейин маслаҳат қилиб, гуруҳ бўлиб ижод қилишни бошладик.

Охирги икки йилда эътибор шахсий ҳаётга кўпроқ қаратилди. Шунинг учун ижодни бироз сустлаштириб қўйдик.

Инсон уйланганидан кейин ҳаётга жиддийроқ қарашни бошлар экан, чунки масъулият бўйнига юкланади. Олдин фақат ўзи ва оиласи учун ҳаракат қилган инсон, турмуш ўртоғи учун ҳам қўшимча ҳаракат қила бошлайди.

Мана, шу бугунгача ёзилган 99% қўшиқларимизни сўзи ва мусиқасига Зоҳид муаллифлик қилган.

Қизиқчилар бизга ҳазил қилишса, кўнгилга яқин олмаймиз, сабаби бу ўз номи билан ҳазил. Биз аввало хурсанд бўламиз, яхшими-ёмонми, ана шу инсонларнинг эътибори ва тилидамиз. Демак, бизни эшитишяпти ва билишяпти.

Агар мен ҳам “Уммон” гуруҳининг аъзоси бўлмаганимда, ёқтирган қизим бирор йигит ҳақида гапирса мен ҳам уни ёмон кўрган бўлардим.

2018 август (“Юлдузлар ҳаёти”)

Биз бир-биримиздан хафа бўлмаймиз. Қандай камчилигимиз бўлса, бирор нарсани хато қилсак, юзимизга очиқ ойдин айтамиз. Бу бир-биримизни камчилигимизни йўқотиш ва камчилигимизни тўлдиришга катта ёрдам беради. Биз ортдан гапирмаймиз, балки нима муаммо бўлса, ўртага ташлаб ҳал қиламиз.

Мен Тошкент Маданият коллежининг маданий тадбирлар режиссураси факультетини тамомлаганман.

Йигит киши оилани ушлаши керак, масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Ўзимиздан яхши ном, яхши из қолдириш ниятимиз бор. Оила ва санъатни бир текисда олиб кетишга ҳаракат қиляпмиз, ўйлаймизки, ҳозирча уддасидан чиқмоқдамиз. Ҳамма нарса одамнинг қалбига боғлиқ экан, ниятни тоза қилиб пок йўл билан қадамни ташлайверсак, ниятларимизга етар эканмиз.

2018 йил, 11 ноябрь (“Хайрли оқшом”, “Sevimli TV” )

Зоҳид билан орамизга низо солмоқчи бўлган одамлар бўлди, бизга, унга ҳар хил гаплар етказишди. Кейин юзма-юз кўришиб, гаплашиб олдик. Очиғини айтганда, бир-биримиздан хафа бўлишни бошлаган эдик. Лекин ҳозир ҳаммаси яхши. Зоҳид “Уммон” гуруҳидан чиқиб кетишини айтганида ўзимиз ҳам ишонмадик. Балки бизга ҳазил қилаётгандир ҳам деб ўйладик. Очиғини айтсам, биз ўзимизга яқин санаган инсонларнинг бирортаси ҳам олдимизга келмади.

Ундай қилманглар, келинглар, ўтириб гаплашиб оламиз, дейишмади. Аксинча бўлди, “бос, зўр бўлади, мен ёрдам бераман”, деганлар бўлди ва “Уммон” парчаланди.

Шу ўн йил ичида бошимиздан кичик нарсани ўтказмадик. Меҳнатимиз, ижодимиз билан одамларни қалбидан, кўнглидан жой олишни ният қилганмиз ва бу ниятларга уч киши етдик. Нима бўлишидан қатъи назар Зоҳид учун эшигимиз очиқ, ҳар доим бирга давом этишга тайёрмиз. Зоҳиддан кейин “унинг ўрнига мени олинг”, дейдиганлар кўп бўлди. Лекин биз Зоҳидни ҳеч кимга алмашмаймиз, уни ўрнида бошқа инсонни тасаввур этолмаймиз.

2018 йил, 13 ноябрь (“Premyera”, “Zo’r TV”)

Шоҳруҳ одамни ҳаётида бўладиган қийин вазиятларда, яхши-ёмон кунларда ёнимда туроладиган, чин дўст, деб биламан. Зоҳид эса кўнгли тоза, кўнгли очиқ, хушчақчақ йигит. Зоҳид ҳақида ҳеч қандай негатив фикрлар менда йўқ. Биз ижодда 10 йилдан буён биргамиз, ҳаётда эса болаликдан бирга катта бўлдик. Зоҳид билан битта мактабда ўқиганмиз. Фақат Зоҳид мендан бир синф юқорида ўқиган. Ижодимизни бошлаган вақтимизда бизга ишончсизлик кўп бўлган. Бошимиздан ўтганини ўзимиз биламиз. 

Кун келиб чиққан қуёш кечга бориб ботади. Тан олишимиз керак “Уммон” гуруҳининг ижодида озгина пасайиш пайдо бўлаётган эди. Мана шу нарсани бирга енгиб ўтиш ўрнига биз бошқа йўлни танлаб қўйдик. Аниқроғи, мана шу йўлни танлашга мажбур қилишди. Ижодимизни бошлаётганимизда “Уммон” номини бекорга танламаганмиз, мухлисларимиз “Уммон” каби чексиз бўлсин, деган ниятимиз бўлган. Ижодимизни охиригача бирга бўлиб, учаламиз биргаликда, ҳамжиҳатликда тугатамиз, тарқаб кетмаймиз деб ният қилган эдик. Лекин ҳаёт ҳар доим ҳам биз ўйлаган ёки режа қилгандек бўлавермас экан. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 29 сентябрь куни “Уммон” гуруҳи солисти Зоҳид Рихсиев ўзининг бошқарувидаги BMW русумли транспорт воситасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида автоҳалокатга учраган эди. Оқибатда машинада бўлган яна уч кишидан бири, 1994 йилда туғилган Х.С. эса воқеа жойида вафот этган.

“Уммон” гуруҳи 2007 йилда Зоҳид Рихсиев, Жасур Рафиқов ва Шоҳруҳ Исамуҳаммедов томонидан ташкил этилган. 2018 йилда Зоҳид Рихсиев гуруҳни тарк этиб ўз яккахон ижодини бошлаган. 2019 йилда эса гуруҳ буткул парчаланган.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3330
Рейтинг: 3
t
×