Тошкентда қонга беланган “бемор” Тез ёрдам шифокори ва ҳайдовчисини дўппослади
Таҳлил
−
17 Октябрь 2022
9203Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Миробод туманида Тез тиббий ёрдам ходимлари калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етиб борди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нейрохирургия бўлими мудири Дониёр Исроиловнинг айтишича, 16 октябрь куни иш вақтида тан жароҳати олган "Тез ёрдам" ҳайдовчиси шифохонага олиб келинган.
“1958 йилда туғилган бемор Ҳасан Ишмуҳаммедов 16 октябрь куни 21:25 да иш вақтида тан жароҳати олиши оқибатида шифохонага олиб келинган. Гап шундаки, бемор тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчиси бўлиб фаолият олиб боради. Тез ёрдам ходимлари чақирув буйича манзилга борган. “103” кўчма бригадаси беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганда, фуқаро, гиёҳванд моддаларга ружу қўйган шахс, шифокорларга куч ишлатиб, Тез ёрдам автомашинасига ҳам жиддий зарар етказган.
Бемор шифохонага олиб келиниб, тўлиқ текширувдан ўтказилди. У “Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозирги вақтда беморнинг аҳволи яхши ва умумий симптомлари камайган”, дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нейрохирургия бўлими мудири Дониёр Исроилов.
8 йилдан буён Тез ёрдам ҳайдовчиси бўлиб ишлаб келаётган Ҳасан Ишмуҳаммедовнинг айтишича, бу ҳолат биринчи марта бўлаётгани йўқ. Бундан бир неча йил аввал ҳам беморлар томонидан калтакланишига бир бахя қолиб, қочишга улгурган. Унга кўра, "103" ходимлари беморлар ёки уларнинг қариндошлари томонидан калтакланган тақдирда ҳам, ўзларини ҳимоя қилиб, уларни уришга ваколати йўқ.
“Тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинганидан 12-13 дақиқа ўтиб, етиб бордик. Борганимизда 20-22 ёшлар атрофидаги йигитни қонга беланган аҳволда кўрдик. Беморнинг аҳволини билиш учун унинг баданига керакли ускуналарни ўрнатиш керак. Шифокор биринчи бўлиб унинг қўлларини ювишни бошлади. Бемор ўзидан-ўзи “менга қарамайсанларми” деб бақириб, шифокор аёлни қорин соҳасига тепди ва шифокор ўтирган жойидан узоқроққа учиб тушди. Яна, “менга қарайсанларми", деб бақириб, тез тиббий ёрдам машинасининг эшигини очиб-ёпиб, машинани силкитишни бошлади. Ўша вақтда эшик узилиб кетди, мен ушлаб қолдим. Эшикни дарахтга суяб қўяман деганимда, тирсаги билан бошимга урди. Орқага ўгирилганимда ё калла қўйди, ё мушт туширди, хуллас аниқ англолмадим. Яна бош ва оғиз қисимларимга ҳам шикаст етказди.
Фельдшер йигитимиз "103" ва ички ишларга қўнғироқ қилди, икки гуруҳ ички ишлар ходимлари беморни ИИБга олиб кетишди. Биз ҳам бордик, ёзув-чизув қилгандан кейин шифохнага келдик”, дейди Ҳасан Ишмуҳаммедов
Охирги вақтларда тиббиёт ходимлари калтаклангани ҳақидаги хабарлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Кимнидир отаси, кимнидир бошқа бир яқинига ёрдам беришни истаган шифокорлар айрим муштумзўрлар қурбони бўляпти. Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров халққа мурожаат қилиб, “Тез ёрдам” ходимларига тажовуз қилмасликни илтимос қилди.
“Воқеа жойига бориб ёрдам бериш ниятида бўлган ходимларимиз тажовузга учради. Шифокоримиз аёл киши эди, у енгил тан жароҳати олди амбулатор ёрдам кўрсатилди ва ўз фаолиятига қайтди. Фельдшернинг ҳам аҳволи яхши. Афсуски, Тез ёрдам ҳайдовчиси оғирроқ жароҳат олгани сабабли шифохонада қолмоқда.
Тез тиббий ёрдам ходимлари чақирув бўйича борган вақтда тажовузга учрамоқда. Сўнги бир ҳафтада бу иккинчи ҳолат. Ходимларимиз чақирувларга боришда ўзининг ҳаёти ва соғлигидан хавфсираб қолишган. Мен халқимиздан қарата Тез ёрдам ходимлари борганда уларга тажовуз қилмаслиглари, ўзларини қўлга олишларини илтимос қиламан. Халқимиз тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда бизни чақиради. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ҳам борган жойларида ишларини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилишади. Мен Тез ёрдам ходимлари меҳнатининг қадрига етишларини илтимос қиламан”, дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15