Қотилликларга тўлган ҳафта

Таҳлил

Ички ишлар вазирлиги ходими ўлдирилиб, дарёга оқизиб юборилди. 29 яшар йигит ўз онасини пичоқлаб ўлдирди. Қайнота келинининг бошини олди ва унинг жонсиз танасини ахлатга ташлади. Нақадар ваҳшийлик шундайми? Аҳамиятлиси, бу воқеалар қўшни мамлакатларда ё биз доим “оммавий маданият” деб тамға босадиган Ғарбда эмас, ўзимизда, Ўзбекистонда, ён-атрофимизда, қўни-қўшнимиз, танишимиз, қариндошимизникида бўляпти. Нима бўляпти бизга? Қачон бу қадар ваҳшийлашиб кетдик? 

Бу ҳафта қотиллик ва жиноятлар шу қадар кўп бўлдики, улар ҳақидаги хабарлар дилингизни хира қилади. Давлатлар ўртасидаги уруш, бир кишининг хою-ҳаваси, ҳакалак отган чексиз ҳокимият нафси минглаб одамларнинг қирғинига сабаб бўлаётгани етмагандек, тинч мамлакатларда ҳам кунда, кун ора қотилликлар ҳақидаги хабарларни эшитасиз? Афсуски, бу ҳафта ҳисоботини ана шундай қотилликлар ҳақидаги хабарлар билан бошлашга мажбурмиз. 

Жасади дарёга оқизилган ИИВ ходими

Икки киши ўзаро келишмовчилик сабаб Ички ишлар вазирлиги бошқармаси тезкор ходими лавозимида ишлаган шахсни ўлдириб, жасадини Чирчиқ дарёсига ташлаб юборди. Воқеа 29 сентябрь куни содир бўлган эса-да унинг иси 3 октябрга келиб чиқди. 

Ўтказилган қидирув ҳаракатлари давомида жабрланувчининг мурдаси дарёдан топилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотларни ошкор қилмади. 

Йигит ўз онаси қотилига айланди

Бухорода 29 ёшли йигит ўзаро можаро сабаб 51 ёшли онасини ўлдириб қўйди. Ғиждувон туманида яшовчи йигит онаси билан яшаш уйига бегона эркакларни олиб келмаслик масаласида ўзаро тортишиб, жанжал қилган. У ошхона пичоғи билан онасининг чап елка юқори кисми, кўкрак қафаси ва қўлтиқ ости соҳасига бир мартадан, жами 3 маротоба уриб, қасддан ўлдирган.

Суд тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлимига чап ўпкасини тешиб ўтиб, юрак аорта томирини жароҳатланиши оқибатида келиб чиққан ўткир массив ички қон кетиши сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, йигит Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Келинининг бошини олган қайнота

Фарғонада ҳам даҳшатли жиноят содир этилди. Қўштепа туманида 64 ёшли эркак аввалига ўз келини билан жанжаллашиб қолиб, уни урган. Келиннинг ҳушидан кетганидан фойдаланиб, автомашинасида қўшни тумандаги адирликка олиб борган ва шу ерда ҳушсиз келинининг бошини тириклайин пичоқ билан танасидан ажратиб олган. 

Сўнг қайнота келинининг жонсиз танасини ўша ердаги ахлатхонага ташлаб юборади ва келинининг узиб олинган бошини ўзи яшайдиган тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг ҳудудига яширган.

Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган ва унга Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Боғчадаги оммавий қирғин

Тугаётган ҳафтада Таиландда содир бўлган ўта оғир жиноят бутун дунёни ларзага келтирди, десак муболаға бўлмайди. 34 яшар собиқ полиция ходими болалар боғчасига бостириб кириб, тарбияланувчилар ва тарбиячиларга қарата ўқ уза бошлаган ва пичоқ билан ҳужум қилган. Ушбу даҳшатли қўпорувчилик ҳаракатида 38 киши қурбон бўлди, уларнинг 20 дан ортиғи болалар. 

Қуролланган шахс муассасанинг камида тўрт нафар ходимини (шу жумладан, саккиз ойлик ҳомиладор бўлган ўқитувчини) отиб ўлдирган, сўнгра болалар ухлаб ётган қулфланган хонага кириб, уларга ҳужум қилган.

У жорий йилнинг июнь ойида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани учун полициядан бўшатилган. Жиноят содир этилишидан бир неча соат олдин у гиёҳвандлик иши бўйича суд мажлисида иштирок этган. 

Жиноятни содир этганидан сўнг эркак ўз уйига етиб борган ва у ерда хотини ва боласини ҳам отиб ўлдирган, кейин эса ўз жонига қасд қилган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) оммавий ахборот воситаларидан Таиландда кўплаб болаларнинг ҳаётига зомин бўлган отишма билан боғлиқ тасвирларни чоп этмасликни сўради.

Боғчада 4 яшар бола вафот этди

Болалар боғчада ўлдириб кетилмаса-да, норасидалар мактабгача таълим ташкилотларидаги бахтсиз ҳодиса сабаб ҳам қурбон бўлмоқда. Бундай воқеа шу ҳафта, 6 октябрь куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлди. 

Расмий идораларнинг маълум қилишича, 4 яшар тарбияланувчи боғча ҳудудидаги ўйин майдонидаги темир айланада ўйнаган ва эҳтиётсизлик оқибатида ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган. Ўлимнинг аниқ сабаби ва вақти аниқланмоқда.

Айни пайтда иш прокуратурага ўтказилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳодиса ортидан боғча мудираси лавозимидан озод этилиб, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими раҳбариятига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳужумлар остида қолаётган Запорожье

6 октябрь куни Россия қўшинлари Украина ҳукумати назорати остидаги Запорожье шаҳрига етти марта ракета ҳужуми уюштирди. Нишонлар инфратузилма объектлари бўлган, аммо ракеталар кўп қаватли турар-жой биноларига тушган. Уйлар жиддий шикастланган, шаҳарда ёнғинлар бошланган. 

Оқибатда 11 киши ҳалок бўлди. Яна 21 киши вайрон бўлган турар-жой бинолари остидан қутқариб олинди.

Шунингдек, шу ҳафтада Россия Президенти Владимир Путин Запорожье атом электр станцияси объектларини федерал мулкка олиш ҳақида кўрсатма берди.

“Россия Федерацияси ҳукумати Запорожье атом электр станциясининг атом иншоотлари ва унинг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа мулклар федерал мулкка қабул қилинишини таъминлаши керак”, дейилади Путин имзолаган ҳужжатда. 

Путин ўз фармони билан Запорожье АЭСнинг операцион ташкилоти мақомини ўрнатди.  

Россия раҳҳбари 2028 йилгача Запорожье АЭС билан ишлаш хусусиятларини аниқлашни топширди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш учун молиявий ва бошқа ресурслардан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятларини, лицензиялар беришни, давлат томонидан тартибга солиш жиҳатларини белгиласин ва бошқа масалаларни ҳал этади.

ЕИ ва Япониядан Россияга “сийлов”

Россиянинг Украинага босқини ва дунёни тебратаётган уруш мавзусидан чекинмаймиз. Яхши биласизки, сентябрь ойида Россия Украинанинг 4 вилоятида ноқонуний референдумлар ўтказилишига бошчилик қилди ва ой охирига келиб, ушбу тўрт ҳудудни катта тантана билан ўзига қўшиб олди. Тугаётган ҳафтада эса Россия парламентининг қуйи ва юқори палаталари Донецк ва Луганск, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия таркибига қабул қилиш бўйича тўртта халқаро шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунларни бир овоздан маъқуллади.

Бунинг ортидан эса Европа Иттифоқи Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини киритди. Рўйхатда 30 нафар россиялик жисмоний ва 7 та юридик шахслар, жумладан, хонандалар Юлия Чичерина, Николай Расторгуев ва Олег Газманов ҳам бор.

Пакет доирасида Россия нефтига ҳам нарх чегараси жорий этилди. Шунингдек, янги санкциялар Россия пўлат ва мудофаа саноатига чекловлар, Европа Иттифоқи фуқароларига Россия давлат компаниялари директорлар кенгашида лавозим эгаллашни тақиқлаш, “Президент [Владимир] Путинга ҳарбий ҳаракатларда ёрдам берганларга қарши янги шахсий санкцияларни ўз ичига олади.

ЕИ ортидан Япония ҳам санкциялар рўйхатини кенгайтирди. 

Янгиланган ҳужжат Россиядан 58 нафар жисмоний шахс ва тўққизта ташкилотни, шунингдек, Россия Федерацияси босиб олган ҳудудларга алоқадор яна 23 нафар шахсни ўз ичига олади. Уларга активларни музлатиш каби чекловчи чоралар қўлланилади. 

Санкциялар, шунингдек, Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг қариндошлари, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу, парламент юқори палатаси раиси Валентина Матвиенко, Бош вазир Михаил Мишустин, Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев, спортчи ва сиёсатчи Алина Кабаева (ОАВга кўра Путиннинг маъшуқаси – таҳр.)га тааллуқлидир.

Путин ядро қуролини ишга туширадими? 

Бу ҳафта бошида “Times” газетаси НАТО разведкасидаги манбаларига таяниб, “Россия Президенти Владимир Путин ядро қуролини синовдан ўтказиш орқали ундан фойдаланишга тайёрлигини намойиш қилмоқчи”, деб ёзди. 

Нашр суҳбатлашган халқаро экспертларнинг фикрича, Путин Қора денгизда ядро қуролини синовдан ўтказиши мумкин. Агар у жанг майдонида бундай қуроллардан фойдаланишни танласа, у жиддий хавф-хатарларга дуч келади.

Маълумотларга кўра, НАТО ўз иттифоқчиларига Россия ядро қуролини олиб юришга қодир бўлган “Посейдон” бошқарувчисиз сув ости машинасини синовдан ўтказиши мумкинлиги ҳақида разведка ҳисоботини юборган.

Бундай гаплар бежиз болалаётгани йўқ. Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Путин халқига сафарбарлик ҳақида қилган мурожаати давомида, у Россия хавфсизлигига таҳдид қилувчиларга ядровий қурол билан жавоб беришдан ҳам тап тортмаслигини айтган эди. АҚШ Президенти Жозеф Байденга кўра, бу шунчаки пўписа эмас. Путин ҳазиллашмаяпти. 

Унинг фикрича, дунёдаги вазият шу тахлит давом этса, Кариб денгизи инқирозидан кейин биринчи марта ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидига дуч келамиз. 

Оқ уй раҳбари Владимир Путинни яхши билишини айтди, шунинг учун у Путинни тактик ядро қуроллари, биологик ёки кимёвий қуроллардан потенциал фойдаланиш ҳақида гапирганда ҳазиллашмайди, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Байден тактик ядро қуролидан фойдаланиш кенг кўламли ядро урушига олиб келмаслигини тасаввур қилолмаслигини урғулади.   

Шуни ҳам эслаб ўтиш ўринлики, Путин ядро қуроли ҳақида гап очган биринчи кунларнинг ўзидаёқ Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель бу шунчаки гап эмаслигини, уни жиддий қабул қилиш кераклигини айтиб чиққанди. 

Шимолий Корея дунёга хавф туғдиряпти

Бутун дунё Россия ва Украина уруши билан овора бўлиб, ҳамма Путиннинг ядровий таҳдидини муҳокама қилаётган бир пайтда Шимолий Корея ими-жимида ҳафта давомида бир неча бор ракеталар учириб, теварагидаги мамлакатларга хавф туғдирди. 

4 октябрь куни Шимолий Корея навбатдаги баллистик ракета синовини амалга оширди. Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета 1 минг километргача баландликда учган ва 4,6 минг километр масофани босиб ўтган. Бу Пхеньяннинг ракета синовлари тарихидаги максимал масофа экани урғуланган. 

Шу муносабат билан Япониянинг шимолий ҳудудларида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш янграган ва одамлардан бошпаналарга тушиш талаб қилинган. Бироқ Шимолий Кореядан учирилган ракета Япония ҳудуди устидан учиб ўтиб, Тинч океанига тушган. 

Бу ракета синовнинг аҳамияти шундаки, Шимолий Корея ракетаси 2017 йил сентябридан бери биринчи марта Япония устидан учиб ўтди.

АҚШ ва Япония Шимолий Кореяга қарши биргаликда жавоб қайтарди. АҚШ денгиз пиёдалари корпуси ва Япония ҳаво мудофаа кучлари қирувчи самолётлари Япон денгизи устидан учиб ўтди.

5 октябрь куни эрталаб АҚШ ва Жанубий Корея Корея яриморолининг шарқий қирғоқлари яқинида тўртта ракета учирди.

Бу Ким Чен Ин раҳбарлигидаги Шимолий Кореянинг бир кун олдин қўшни Япония устидан огоҳлантиришсиз баллистик ракета учиришига жавобан амалга оширилган.

Оқ уйга кўра, бу синов АҚШ ва унинг иттифоқчилари “Шимолнинг провокацияларига жавоб бериш учун етарлича ҳарбий салоҳиятга эга эканлигини” кўрсатиш учун амалга оширилган.

Бунинг ортидан Шимолий Корея яна жўжахўрозлик қилиб, Япония денгизига иккита баллистик ракета учирди. Ракеталардан бири 80 километргача бўлган баландликда тахминан 350 километр, иккинчиси эса 60 километргача бўлган баландликда 800 километр учган. Иккала снаряд ҳам Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонаси ташқарисидаги денгизга тушган..

“Yonhap” таъкидлашича, жорий синов сўнгги икки ҳафта ичида олтинчиси бўлган. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, агар Шимолий Корея “танлаган йўлида” давом этса, “бу қоралаш, изоляция ва уларнинг ҳаракатларига жавобан кўрилаётган чоралар кучайишига олиб келади”.

Ҳафта охирларида Япония Шимолий Корея ядро синовини ўтказишга тайёрланаётганини эҳтимолдан холи эмас деб чиқди. 

Путиннинг туғилган кунида тўпланган Президентлар

Тугаётган ҳафтада Россия Федерациясини қарийб 20 йилдан бери бошқариб келаётган Владимир Путин яна бир ёшга қариди ва 70 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев уни “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотлади. 

7 октябрь куни Путинни юбилейи баҳонасида Санкт-Петербургда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Беларусдан Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. 

Топган гул топмаган бир боғ пиёз деганларидек, йиғилганларнинг кўпи Путинга ўз совғаси билан борган. Масалан, Лукашенко Путинга ўз мамлакатида ишлаб чиқарилаётган тракторни совға қилган. Тожикистонни 28 йилдан бери бошқариб келаётган 70 яшар Имомали Раҳмон эса ўзи билан бир дунё қовун-тарвуз ва мева-сабзавотлар кўтариб борган. 

Россия томонининг ўзи ҳам ушбу учрашувда конкрет қайси масалалар муҳокама қилиниб, қандай қарорлар олинганига аниқлик киритмаган. Бундан маълум бўляптики, ушбу саммит кўпроқ Владимир Путиннинг таваллуди шарафига ташкил этилган. 

Дарвоқе, ушбу саммитда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иштирок этмади. Шу ўринда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасига оид бошқа хабаримиз ҳам бор. Унга бироздан кейин тўхталамиз.

БМТдан Путиннинг юбилейига “совға”

Владимир Путиннинг 70 ёшни қаршилаши муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ажойиб совға тайёрлади. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 7 октябрь куни ўтган йиғилишида Россия Федерациясидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича маъруза тайёрлайдиган махсус маърузачи тайинлашга қарор қилинди. Тегишли резолюцияни 17 давлат ёқлаб овоз берди, олти давлат қарши, 24 давлат бетараф қолди. Қаршилар орасида Қозоғистон ва Хитой бор. 

Қарийб 25 Ғарб давлати ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияда Россияда сўз ва йиғилиш эркинлиги чекланиши, журналистлар, ҳуқуқшунослар ва мухолифат вакилларининг қўрқитилиши, ҳукумат танқидчиларининг судсиз ўлдирилиши, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ва адолатли суднинг йўқлигидан чуқур хавотир билдирилган. Ҳужжат Россияни инсоннинг асосий ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлигини кафолатлашга чақиради. 

Россия бўйича ҳали тайинланмаган махсус маърузачи бир йилдан сўнг Россия Федерациясидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўрганади ва БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига хулоса ва тавсиялар беради. 

Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафтада амалга оширган хорижий сафарларидан узоқлашмаймиз. Давлат раҳбари 3-4 октябрь кунлари Венгрияга ташриф буюрди. Унга рафиқаси – биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. 

Мирзиёев Венгрия Президенти Каталин Новак ва Бош вазир Виктор Орбан билан учрашиб музокаралар ўтказди. 

Хусусан Орбан билан музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Икки мамлакат етакчилари долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилди. Халқаро тузилмалар, шу жумладан БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталдилар.

Мулоқотлар сўнгида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 14 та ҳужжат имзоланди.

Озар-арман муаммоси ҳал бўладими?

6 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Чехия пойтахти Прагада Европа сиёсий ҳамжамиятининг биринчи саммити доирасида Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Европа кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди.

Учрашувда Европа Иттифоқи Озарбайжон билан чегарасини делимитация қилишда ёрдам бериш учун Арманистонга миссия юборишига келишилди.

“Миссия октябрь ойида бошланади ва максимал икки ой давом этади. Миссиянинг мақсади ишончни мустаҳкамлаш ва ўз ҳисоботлари билан чегарани делимитация қилиш комиссиялари фаолиятига ҳисса қўшишдан иборат”, дейилади учрашув сўнгида қабул қилинган баёнотда.

Шунингдек, учрашувдан кейин Арманистон октябрь ойи охирида Брюсселда Озарбайжон билан давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича комиссия йиғилиши ўтказилишини маълум қилди.

Одатда учрашувлар вақтида миқ этмайдиган Пашинян яна Алиев ва бошқаларнинг юзига айтолмаган гапларини твиттердан тўкиб солди. 

“Прагада мен барча минтақавий алоқаларни блокдан чиқариш ҳақидаги таклифимизни яна бир бор тасдиқладим. Озарбайжон яна ижобий жавоб бермади. Такрор айтаман, Арманистон суверенитетимиз ва қонунчилигимизни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда барча минтақавий коммуникацияларни блокдан чиқаришга тайёр”, дейди Пашинян.

Илҳом Алиевнинг айтишича, Баку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномаси шу йил охиригача имзоланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, келишув бўйича ташаббуслар осонлик билан олға силжаётгани йўқ, бироқ келишувга умид бор.

“Арманистон томони яхши ниятда бўлса, йил охиригача тинчлик шартномаси имзоланиши мумкин. Ўйлайманки, агар яқин орада қарор қабул қилинса, икки давлат ишчи гуруҳлари тинчлик шартномаси матни устида ишлашни бошлайди, йил охиригача келишувга эриша оламиз”, дейди Алиев.

Эрдўған Пашинян билан шартсиз ярашишга тайёр

Европа сиёсий ҳамжамиятининг биринчи саммитида иштирок этиш учун Прагага борган Эрдўған Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Аҳамиятлиси шундаки, икки мамлакат етакчилари 13 йил деганда стол атрофига ўтирди. 

Унда икки мамлакат ўртасида қуруқликдаги чегарани очиш ва тўғридан-тўғри ҳаво юкларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Туркия матбуотига кўра, томонлар ўртасида учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтган. 

Эрдўғаннинг ишонч билдиришича, Туркия ва Арманистон минтақада яхши қўшничилик тамойилига асосланган муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга эриша олади. 

“Туркия Арманистон билан муносабатларни нормаллаштириш учун ҳеч қандай олд шарт қўймайди. Арманистон Озарбайжон билан тинчлик шартномасини тузиши билан биз билан ҳеч қандай муаммога дуч келмайди”, дейди Эрдўған. 

Ўзбекистон ерлари Қирғизистонга ўтдими?

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги баҳсли ҳудудларнинг 99 фоизи Қирғизистонга ўтди. Бу ҳақда Президент Садир Жапаров Facebook’даги саҳифасида ёзди.

“Барча баҳсли ҳудудлар 99 фоиз бизга ўтказилди. Агар илгари Ўзбекистон Кампиробод сув омборини назорат қилган бўлса, энди тенг улушли қўшма корхона ташкил этилади ва биз биргаликда тўғонни бошқарамиз. Биз сув сатҳини пасайтирдик ва ўзимизга ўтказилаётган 1246 гектар ерни бўшатиб олдик”, деб ёзади Жапаров.

Давлат раҳбари қирғиз-ўзбек чегараси бўйича келишувга оид барча маълумотларни тақдим этганда, халқ раҳмат айтишини таъкидлади.

Садир Жапаров Кампиробод сув омборини сақлаб қолиш тарафдори бўлган фуқароларни Ўзган вилояти ҳокимлигига таклиф қилган ва исталган вақтда ҳужжатларни кўрсатишга, ҳамма нарсани тушунтиришга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон томони қўшни давлат билан чегара масаласида қандай келишувга эришилгани ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот бермаган. Ҳудудлар борасида қандай ўзгаришлар бўлаётгани фуқаролар учун ёпиқ мавзулигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга бориб, чегара борасида келишувни бошлаш тўғрисидаги баённомани имзолаганди.

Лукашенконинг ашаддий душмани Нобель мукофотини олди

Бу йилги Тинчлик учун Нобель мукофоти Россия, Беларусь ва Украина ҳуқуқ фаоллари – "Мемориал" Россия инсон ҳуқуқлари жамияти, Украина фуқаролик эркинликлари маркази жамоат ташкилоти ва "Весна" Беларусь инсон ҳуқуқлари маркази асосчиси Алесь Беляцкийга насиб этди. Мукофот бирданига уч номзодга топширилди. 

“Тинчлик мукофоти совриндорлари ўз мамлакатларидаги фуқаролик жамияти вакиллари бўлиб, йиллар давомида улар ҳокимиятни танқид қилиш ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини илгари сурди. Улар уруш жиноятлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларини ҳужжатлаштириш бўйича улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Улар биргаликда тинчлик ва демократия учун фуқаролик жамиятининг муҳимлигини намойиш этадилар", дейилади Нобель қўмитаси баёнотида.

Алесь Беляцкий 1980-йилларнинг ўрталарида Беларусда пайдо бўлган демократик ҳаракатнинг ташаббускорларидан бири эди. “У ўз ҳаётини ўз мамлакатида демократия ва тинч тараққиётни ривожлантиришга бағишлади”, деб ёзади Нобель қўмитаси. 1996 йилда Бяляцкий мунозарали конституциявий тузатишларга жавобан "Весна" ташкилотига асос солган, қўмитанинг таъкидлашича, "президентга диктаторлик ваколатлари берилган ва оммавий намойишларга сабаб бўлган". 

"Ҳокимият бир неча бор Алесь Беляцкийнинг овозини ўчиришга уринган. У 2011 йилдан 2014 йилгача қамоқда эди. 2020 йилда режимга қарши кенг кўламли намойишлардан сўнг у яна ҳибсга олинди. У судсиз ҳибсда қолмоқда. Катта шахсий қийинчиликларга қарамай, Беляцкий Беларусда инсон ҳуқуқлари ва демократия учун курашда бир дюйм ҳам ортга чекинмади", дейди қўмита. 


 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

65

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг