Даҳшат, фашизм, кўз ёшлар ва жасорат. Россия Украинага бостириб кирганига 6 ой тўлди

Таҳлил

image

Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро бошланганига олти ой тўлди. Февраль ойи охиридан бери Украинада минглаб одамлар жанговар ҳаракатлар қурбони бўлди, ўн минглаб одамлар жароҳат олди, миллионлаб одамлар қочқинга айланди.

2022 йил 24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин телемурожаатида Украина шарқидаги Донбассда “махсус ҳарбий операция” бошланганини эълон қилди, шундан сўнг Россия армияси Украина ҳудудига бостириб кирди.

Россия қўшинлари айирмачилар томонидан босиб олинган Донецк ва Луганск вилоятлари орқали Киев назорати остидаги ҳудудларга кирди. Шу билан бирга, Россия ҳудудидан қўшинлар Харков, Суми ва Чернигов вилоятларига, Беларусь ҳудуди орқали эса Украинанинг Чернобиль вилоятига кирди. Украина пойтахтини тўсиб қўйиш учун Киев яқинига десант қўшинлари туширилди ва қуруқликда операция бошланди.

Урушнинг биринчи ойидаёқ рус қўшинлари Азов денгизи қирғоқларини эгаллашга эътибор қаратди ва тез орада Бердянск порт шаҳрини эгаллаб олишди. Бир неча ойлик қамалдан сўнг Украинанинг Азовдаги энг муҳим порт шаҳарларидан бири Мариуполь қулади.

Мариуполда рус армияси кучли қаршиликка дуч келди. Йил бошида ҳам юз минглаб аҳоли истиқомат қилган шаҳарнинг бир қисми харобага айланди.

Февраль ойи бошида Украинанинг Киев вилоятининг Буча шаҳрида украин қўшинлари ва Россия махсус кучлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Ой бошидан 31 мартгача Буча рус қўшинлари назорати остида бўлди, улар шаҳарда Ирпинга ҳужум қилиш учун таянч база қурди. 1 апрель куни Украина қўшинлари Буча шаҳрига кирганидан сўнг, халқаро ахборот агентликлари тинч аҳолининг ўлдирилишига оид фото ва видео далилларни чоп эта бошлади. Расмий Киев бунда Россия ҳарбийларини айблади.

Урушнинг иккинчи ойида рус армияси Киев ва Черниговдан қўшинларини олиб чиқишни бошлади. Украина армияси мамлакатнинг ушбу ҳудудлари устидан тўлиқ назоратни тиклади. Мамлакат шарқи ва жанубида давом этаётган жанговар ҳаракатлар фонида Украина пойтахтида ҳаёт аста-секин тиклана бошлади.

“Азовсталь”даги қаршилик

Май ойи ўрталарида Россия Мудофаа вазирлиги Мариуполдаги “Азовсталь” заводи ҳудуди тўлиқ “озод этилганини” эълон қилди.

“21 апрелдан бери Украина қўшинлари гуруҳи тўсиб қўйилган Мариуполдаги “Азовсталь” заводи ҳудуди тўлиқ озод қилинди. Корхонанинг ер ости иншоотлари тўлиқ Россия Қуролли Кучлари назоратига ўтди”, дейилади вазирлик хабарида.

Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, 16 май куни 2439 нафар “Азов” жангчиси ва Украина Қуролли Кучларининг завод ҳудудида тўсиб қўйилган ҳарбий хизматчилари қуролларини ташлади. Вазирликнинг қўшимча қилишича, 20 май куни 531 нафар ҳарбий хизматчилардан иборат сўнгги гуруҳ таслим бўлди.

Украина томони жангчилар асирга олинган рус аскарлари билан кейинчалик алмашиш шартларига кўра таслим бўлганини даъво қилди.

Херсонни Россия таркибига қўшиш ҳаракати

Россия армияси эгаллаган яна бир муҳим шаҳар мамлакат жанубидаги Херсон бўлди. Руслар томонидан босиб олинган Херсон вилоятининг бир қисмида Россия рубли аллақачон муомалага киритилган, Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш муҳокама қилинмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз баёнотларидан бирида Херсоннинг Россияга қўшилиш мумкинлигини тан олди.

“Украина халқи ўз тақдирини ўзи белгилайди”, дейди Россия дипломатияси раҳбари.

Сўнгги ойларда Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларини ўққа тутиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда, фуқаролик объектларига зарар етказилмоқда, қурбонлар берилмоқда.

Ҳарбий йўқотишлар статистикаси

Россия ҳукумати охирги марта март ойи охирида йўқотишлари ҳақида маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, Украинадаги рус армиясининг йўқотишлари 1351 кишини ташкил этган ва 3825 аскар яраланган.

Шу билан Москвада Украина Қуролли Кучлари ўша вақтда 23 367 нафар аскарини йўқотгани маълум қилинди.

22 август куни Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони Валерий Залужний урушда қарийб 9 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди. 23 август куни Украина Қуролли Кучлари Бош штаби уруш бошлангандан бери 45 550 нафар россиялик аскар йўқ қилинганини маълум қилди.

Россия ҳам, Украина ҳам томонларнинг тахминий йўқотишларини расман тасдиқламаяпти ва тинч аҳоли орасида қурбонлар ҳақида маълумот бермаяпти.

Қочқинга айланган 12 млн украин

БМТ маълумотларига кўра, можаро бошлангандан бери украиналик қочқинлар сони 12 миллион кишидан ошган. Уларнинг аксарияти Польшадан паноҳ топган.

Европа комиссари Илва Йоханссон Россия-Украина уруши бошланганидан бери Европа Иттифоқи мамлакатларига 8 миллион Украина фуқароси келганини маълум қилди. Йоханссоннинг қайд этишича, бу рақам Европа Иттифоқидаги деярли бир мамлакат аҳолисига тенг.

Унинг сўзларига кўра, 4 миллион украиналик Европа Иттифоқи томонидан қўлланилган вақтинчалик ҳимоя ва яшаш, ишлаш ва таълим каби имкониятларни тақдим этиш учун ариза топширган ва рўйхатдан ўтган.

Европа комиссари баъзи украиналиклар аллақачон ўз мамлакатларига қайтиб келганини ҳамда улар бошпана топган Европа Иттифоқи давлати ва Украинадан ўртасида бемалол ҳаракатланиши мумкинлигини таъкидлаган.

Сулҳ бўйича музокараларнинг тўхташи

Уруш бошланганидан кейин Россия ва Украина делегациялари сулҳ ўрнатиш учун тўрт марта юзма-юз учрашди: уч марта Беларусда ва бир марта Туркияда.

Беларусда томонлар фақат можаро зоналаридан тинч аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар очишга келишиб олишга муваффақ бўлди.

29 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воситачилигида Истанбулда ўтказилган музокаралар якунига кўра, Украина томони Россияга келгусидаги эҳтимолий келишувнинг асосий принципларини ёзма шаклда топширди.

Шартномада Украинанинг НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиши, нейтрал мақоми, ядро қуроли ва оммавий қирғин қуролларининг бошқа турларидан воз кечиши, мамлакат ҳудудига хорижий қўшинлар ва базаларни жойлаштиришдан бош тортиши, кафил давлатлар, жумладан, Россиянинг розилиги билан ҳарбий машғулотлар ўтказиши кўзда тутилган эди.

Хавфсизлик кафолатлари Қрим ва Донбасс ҳудудларига таъсир қилмаслиги кўзда тутилган, бунинг эвазига Украинанинг ЕИга аъзолигига эътироз билдирмаслик шарти қўйилганди.

Кейинроқ 17 май куни Украина томони уруш бошланганидан бери мамлакатдаги вазият кескин ўзгаргани ва Киев Россия билан музокараларни тўхтатганини маълум қилди.

Ҳозир эса Украинада Россия билан музокара бошлаш вақти эмаслиги айтилмоқда. Асосийси расмий Киев урушда ҳарбий куч билан ғалаба қозонишига ишоняпти. Россия томони эса шартлари қабул қилинса, сулҳга тайёрлигини, аммо Ғарбдан қурол келиши тўхтамаса, "ҳарбий операция" географияси кенгайиши билан таҳдид қилмоқда.

Дунёни очликдан қутқарган дон келишуви

Россия-Украина урушининг муҳим лаҳзаси яқинлашиб келаётган гуманитар инқирознинг олдини олган Истанбулдаги тарихий дон келишувига эришилгани бўлди.

22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғўн ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади.

Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларига тааллуқли.

Украина портларидан донни хавфсиз ташиш бўйича ўзаро тушуниш ташаббуси қоидаларини амалга ошириш доирасида денгиз йўлаги бўйлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кемаларнинг хавфсиз ўтишини назорат қилиш, кемаларни текшириш, қурол контрабандаси ва провокацияларни истисно қилиш учун қўшма мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди.

22 август ҳолатига кўра, ғалла йўлаги бўйлаб Украина портларидан 721 минг 449 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.

Запорожье АЭС ва ядровий фалокат таҳдиди

Запорожье АЭС яқинидаги ҳарбий ҳаракатлар бутун дунё ҳамжамиятини хавотирга солмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти станция атрофида ниҳоятда хатарли вазият юзага келгани, ҳар қандай вақтда ядровий фалокат юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Запорожье АЭС Европадаги энг йирик атом электр станциясидир. Запорожье вилоятининг шимоли-ғарбий қисмидаги Энергодар шаҳрида, Днепр дарёсининг чап қирғоғи яқинидаги Каховка сув омборида жойлашган. Бугунги кунда ЗАЭС Россия томонидан босиб олинган. Украинадаги уруш бошланганидан бери МАГАТЭ мутахассислари Россия томонидан босиб олинган станцияга бора олмаяпти. Москва ва Киев бир-бирини Запорожье атом электр станциясини ўққа тутганликда айбламоқда.

Аввалроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Ғарб Украинани Запорожье атом электр станцияси атрофида “ядро терроризми”ни тўхтатишга чақира олмаганини ва бунга ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаслигини айтиб чиқди.

Ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия қўшинларини Запорожье атом электр станцияси ҳудудидан олиб чиқишга ва Атом энергияси бўйича Халқаро агентлик (МАГАТЭ) экспертларининг АЭСга киришини таъминлашга чақирди.

Украина Президенти Владимир Зеленский Россияни мазкур станцияга қарши шантаж уюштиришга уринишда айблади.

Ядро хавфсизлиги бутун дунё учун жуда муҳим эканини қайд этган Зеленский: “Россия Запорожье атом электр станциясидан ҳеч қандай шартларсиз қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиши керак. Шу билан бирга, барча ҳужум ва провокацияларга чек қўйиши керак”, деди.

ЕИда россияликларга виза бериш устида мунозара давом этмоқда

Можаро бошланганидан сўнг, бир қатор давлатлар, хусусан, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга, жумладан, молия ва энергетика соҳаларига нисбатан асоратли санкциялар киритди. Санкциялар Россия иқтисодиётининг деярли барча соҳаларини қамраб олди, сиёсий раҳбарият ва мамлакат элитасига таъсир қилди.

Европада урушнинг олтинчи ойида Россия Федерацияси фуқароларига туристик визалар беришни тақиқлаш зарурати мавзуси атрофида фаол муҳокамалар давом этмоқда.

Шу тариқа Ғарб россияликлар воситасида Россия Федерацияси сиёсий раҳбариятига босим ўтказишга ва Украинадаги урушга чек қўйишдан умидвор.

Баъзи давлатлар Россия фуқароларига сайёҳлик визалари беришни тақиқлашни Европа Иттифоқи даражасида жорий этиш керак, деб ҳисоблайди. Масалан, Латвия, Литва ва Чехия шулар жумласидан.

Польша россияликларга виза беришдан бош тортишга имкон берувчи концепсия устида ишламоқда, Эстония республика томонидан берилган Шенген визасига эга бўлган Россия Федерацияси фуқароларини мамлакатга киритмасликка қарор қилди, Литва эса уруш бошланганидан сўнг дарҳол Россия фуқароларига Шенген визаларини беришни тўхтатди. Чехия 2023 йил март ойи охиригача россияликларга визалар ва яшаш учун рухсатномалар беришдан бош тортди.

Финляндия Бош вазири Санна Марин ҳам Европа даражасида русларга туристик визалар берилишини чеклашни ёқлаб чиқди ва Зеленский Ғарб давлатларини руслар учун кириш эшикларини ёпишга чақирди.

Фронтдаги вазият

Ҳозирда икки давлат армияси ўртасидаги тўқнашувлар Донецк ва Украинанинг жанубий вилоятларига қаратилган. Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, фронт чизиғининг 1300 километрлик қисмида шиддатли жанглар кетмоқда.

Россия ҳарбий отрядлари урушнинг биринчи ойидан бошлаб Донбассга жойлаштирилди. Дастлаб Россия армияси Украинанинг Азов денгизи билан алоқасини узди ва ўтган ой бутун Луганск вилоятини эгаллаб олди.

Охирги бир ой ичида Россия армияси Донецк вилояти чегаралари ичида Киев назорати остидаги ҳудудларни эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда Россия кучлари олдинга силжишни бироз секинлаштирди ва Краматорск шарқидаги ҳудудларга артиллерия зарбаларини бермоқда.

Краматорск шаҳрини қўлга киритиш учун рус қўшинлари шимолдан Славянск шаҳрига қараб, Северск яқинида жанг қилмоқда. Россия армияси бир неча ойдан бери бу ҳудудларда кескин зарбалар бериб, Украина армиясининг қаршилигини синдиришга уринмоқда.

Краматорскдан бироз жанубда ва Донецк маъмурий марказидан ғарбда жойлашган Авдеевка ва Угледар шаҳарларида ҳам шиддатли жанглар давом этмоқда. Россия ҳарбийлари Угледар яқинидаги бир қанча ҳудудларни эгаллаб олди ва Авдеевкага артиллериядан шиддатли зарбалар бермоқда.

Вақти-вақти билан Украина армияси Россия Федерациясининг Белгород вилоятини ўққа тутмоқда, бунга жавобан рус ҳарбийлари – Суми ва Черниговдаги Украина армияси объектларига зарба бермоқда.

Харьковга келсак, рус армияси уруш бошида шаҳарни кучли отишма билан эгаллашга уринди, бироқ Украина Қуролли Кучлари томонидан кучли қаршиликка учраган.

Россия армияси шунингдек, Запорожье вилояти ҳудудининг учдан икки қисмидан кўпроғини эгаллаб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг