Ўзбекистон сўконғич ҳокимлар мамлакати...ми ёхуд ҳокимлар дахлсизми?
Интервью
−
22 Август 2022
29837Ўзбекистон сўконғич ҳокимлар мамлакатими? Нега доим ҳокимларнинг кимгадир ўдағайлаган, кимнидир ҳақорат қилган, сўкиниб мажлис ўтказган ёки бошқа идоралар ходимларини писанд қилмай, уларни шарманда қилганига оид видеолар, хабарлар ва аудиоёзувлар тарқалаверади.
2019 йилда Фарғона вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган Шуҳрат Ғаниевнинг аёллар рўмоли ҳақида айтган гаплари туширилган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалиб, юқори идораларгача етиб борган эди. Вақтни чўзмай Сенатнинг Регламент ва одоб-ахлоқ комиссияси Ғаниевни Тошкентга чақиртириб, масаласини мажлисда кўрди. Ғаниев кечирим сўради, Сенат унга муҳлат берди.
Куни кеча эса Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовники экани айтилаётган ҳақоратларга тўла аудиоёзув ҳам тарқалди. Унда Ангор тумани прокурори билан телефон орқали суҳбат ёзиб олингани айтилмоқда.
Аудиодан англашилишича, прокурор давлат бюджетини талон-торож қилишда гумонланган ташкилот ходим ёки раҳбарларини сўроқ қилиш учун терговга жалб қилган. Гўшак орқали унга ҳолат бўйича қайта текширув ўтказиш ҳақида буйруқ берилган. Прокурор эса буни писанд қилмаган. Ана ундан кейин кўринг томошани. Итараман, тиқиб юбораман, кет, сен мени совунимга кир ювмабсан... Ҳокимбуванинг оғзидан чиққанларни эшитган бўлсангиз керак.
Хўш, Ўзбекистонда ҳокимларга шу қадар катта ваколат берилганми? Улар дахлсизми? Ҳокимлар нега сўконғич?
QALAMPIR.UZ юқоридаги саволлар билан 2019 йил Ғаниев Сенатга чақирилган пайтда Регламент ва одоб-ахлоқ комиссияси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган, айни вақтдаги Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимовага юзланди. Ўшанда Алимова мажлисда кескин танқидий чиқиш қилганди. Шунингдек, QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида агар Ғаниев ўзида ўзгариш қилмаса, ҳокимликдан ҳам кетишини дадил айтганди. Хўш, у Боболовники дейилаётган аудиога қандай қарайди?
“Агар ҳақиқат бўлса, бу буткул нотўғри. Биринчидан, прокуратура назорат органи, унинг ишига аралашиш мумкин эмас. Масалан мен ҳоким сифати прокурор ва суднинг ишига аралашмайман. Мумкин эмас. Таниш-билишчилик қилмайман, бировнинг ўртасига тушмайман. Қонун қандай бўлса, шундай ишлаш керак”, дейди Алимова.
Аввалига Гавҳар Алимова Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳақида гаплашишни истамади. Бир неча бор савол билан мурожаат қилганимиздан кейин, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деган жавоб билан чекланди.
Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси