Блоклаш – аҳмоқлик. Қонуннинг моддаси ё ишласин, ё чиқариб юборилсин

Таҳлил 8548

Қонун ишлаб чиқиш осонмас. Қачонки, у халққа фойдаси тегадиган, одамларни норози қилмайдиган, муҳими, ишлайдиган қонун бўлса...

Дастлаб қонун ёзилиб, парламент қуйи палатасининг тегишли қўмиталари томонидан яхшилаб ўқилиб, қўшимчалар киритилиб, 150 та депутатга ҳавола қилинади. Кимдир тушуниб, кимдир тушунмай янги қонунга овоз беради ёки ортга қайтаради. Қонун Сенатга боргудек бўлса, у ерда ҳам ҳужжатни худди шундай тақдир кутиб турибди. Сенатда ҳам тегишли қўмита қонунни синчиклаб ўрганади ва ундан кейин сенаторларга тақдим қилинади. Сенаторлар ҳам эшитиб, муҳокама қилиб, ўз муносабатини, розиликларини билдиришади. Албатта, ухлаб қолишмаса. Қарабсизки, депутат ва сенаторларга ишонган давлат раҳбари қонунга имзо чекади.

Ёдингизда бўлса, QALAMPIR.UZ’да “Ўзбекистонда барча ижтимоий тармоқлар блокланиши керак” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга кўра барча ижтимоий тармоқлар блокланиши кераклиги, қонуннинг 271 Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари ҳақидаги модда ишламаётгани, яъни унда Facebook, Twitter, Instagram, TikTok, VKonyekte, Odnoklassniki, Telegram каби ижтимоий тармоқлар ва YouTube, Netflix каби платформалар ўз серверини Ўзбекистонга олиб келиб жойлаштирмаган тақдирда ёпилиши кераклиги, қонуннинг ушбу моддаси асосида Ўзбекистонда Twitter ва TikTok блоклангани, қолганлари эса қонун назоратидан четда қолгани, блокланган тармоқлар, хусусан Twitter’га ҳатто амалдорларнинг ўзи ҳам шахсий маълумотлар борасида ижтимоий тармоқлардан ҳам хавфлироқ VPN орқали кираётгани ҳақида сўз борганди

Орадан маълум вақт ўтиб, деярли бир йил блокда турган учта Twitter, WeChat ва VKontakte ижтимоий тармоқларининг банди ечилди. Қайд этилишича, TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда.

Кўпчилик тармоқларнинг очилишини очиқлик сиёсати билан боғлади. “Блоклаш – фақат зарар ва аҳмоқлик!”, деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов.

Ҳамма тармоқларнинг очилиши ҳақида гапиряпти. Оддий одамлар майли, лекин расмийлардан бирорта мард чиқиб, “Ия, кечирасиз, қонунга тамға қилинган моддани тақдири нима бўлади?”, деган саволни кўндаланг қўймади. Ўзи “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга 27моддасини киритишни таклиф қилган ёки уни қабул қилганлар бу модда ишламаслигини ҳисобга олишмаганми?

Айнан шу савол билан қонуннинг 271 моддаси қабул қилинишида бош-қош бўлган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари Илҳом Абдуллаевга қўнғироқ қилдик. Абдуллаев бу масала юзасидан келаси ҳафтада интервью бериши мумкинлигини билдирди. У аудиоинтервью беришни истамади.

Ёдингизда бўлса 4-5 август кунлари Олий Мажлис Сенатининг 29-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовни учратдик. Вазирни ҳар куни кўриб юрибмизми? Табийки, мавзудан ташқари саволларимизга ҳам жавоб олишга уриндик. Биз учун қизиқ ва мавҳумлигича қолаётган энг муҳим масала бу – Twitter эди.

“Twitter масаласида қонуннинг 271  Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари ҳақидаги моддасига “Ўзбекистонда ваколатхонаси ёки вакили бўлган компанияларга таъсир қилмасин”, деган ўзгариш киритилишини таклиф қилганмиз. Айнан шу ўзгаришлар бўйича вазирлик ва идоралар билан музокаралар олиб бориляпти. Oracle, SYP, Microsoft agur улар ҳам "облачный" технология фойдаланади. Агар уларни Ўзбекистонда ваколатхонаси бўлса, келишиб ишланади. Агар биз таклиф қиладиган норма тадбиқ этилса, бу масала ечилади. Бу моддага ўзгартириш киритилиши компаниянинг ваколатхонаси очилишини тезлаштиради ва улар ҳам тезроқ IT-парк резиденти бўлади.

Дунёда шахсий маълумотни ҳимоя қилиш зарур нарса. Америка ёки Европада ҳам бу нарсага нуқта қўйилгани йўқ. Ахборот хавфсизлиги керак. Сенаторлар бу қонунга қўл кўтаришган бўлишса, шахсий маълумотларни эҳтиёт қилиш мақсадида қўллаб-қувватлаган бўлишлари мумкин. Америка ёки Европада бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам шахсга доир маълумотларни қандай сақлаш бўйича идеал модель чиқмаган”, дейди Шерматов.

Вазир сўзида давом этиб VPN’ни кераксиз эканини уруғулади. Унинг айтишича, қонун ишлаши учун унга ўзгартириш киритиш зарур. Шу ўринда қўшимча қилиш керак, Шерзод Шерматов Twitter'да бор, лекин у 2020 йилдан буён twit ёзмаган. Демак, у тармоқ блокланганида VPN орқали ундан фойдаланмаган.

“VPN кераксиз нарса. VPN орқали кириш маълумотларни бошқа жойга кетиб қолишига сабаб бўлади. Тўғри, қарор қабул қилиниб, чеклов олиб ташланди. Энди қонунни ҳам ўзгартириш керак. Қонун бор ва ишламаяпти, деб тўғри айтяпсиз. Мен юқаорида айтган таклифим айнан шу қонундаги тегишли моддани тўғрлаб қўйиш ҳақида”, дейди вазир.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлигига “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун лойиҳасини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун таклиф киритган.

“Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт”шарт дейилган эски таҳрирдаги қонунда.

Шерматовнинг вазирлиги киритган таклифи эса қуйидагича. 

“Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли орган билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича қонуний вакилларга эга бўлиши шарт. Қонуний вакиллар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган жисмоний ва юридик шахслар бўлиши лозим”. 

Вазирлик моддадаги шарт сўзини ёки билан ўзгартириб, қўшимча киритишни таклиф қилган. 

Унга кўра, ушбу моддага биз фойдаланаётган ижтимоий тармоқларнинг сервери Ўзбекистонда жойлашган бўлса, фойдаланиш мумкинлиги, агар бу маълумотлар базаси бошқа давлатда бўлган тақдирда, барча (сервери йўқ) тармоқлар блокланиши ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли орган билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун қонуний вакилларга эга бўлиши шартлиги, вакил эса белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган жисмоний ва юридик шахслар бўлиши лозимлиги таклифи киритилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадовга кўра, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигига киритилган. Бу таклиф ҳали тўлдирилади. 

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда 271 модданинг нима қилса тўғри ишлаши бўйича мутахассислар бош қашлаяпти. Ҳали муҳокамалар давом этади ва юқоридаги таклиф 100 фоиз қонунчилик палатасига  киритиш учун тайёр бўлганда, тақдим этилади.

Моддага ўзгартишлар киритиш ва уни манфаатли бўлиши ҳамда ишлаши учун ҳаракат бошлангани яхши. Лекин бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак, қонунни таклиф қилаётганлар ва уни қабул қиладиганлар қонунни ишлаши ҳамда халқ учун фойда келтиришини инобатга олишлари жуда муҳим.

Акс ҳолда ҳужжатни деб тармоқлар блокланганда ҳам, тўлиқ ижроси имконсизлиги маълум бўлгач, ўша платформалар қайта очилганда ҳам “ҳаммаси халқнинг фойдасига”, деб ўзимизни алдаб юраверамиз.

Нима бўлган тақдирда ҳам Янги Ўзбекистонда қонунлар ишласин.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 56
Рейтинг: 3.3
t
×