Одамларни норози қилаётган қурилишлар кетма-кет тўхтатиляпти

Жамият

Reklama
0:00

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига кутилмаганда қилган ташрифи Тошкентдаги кўплаб ноқонуний қурилишлар устидаги “парда”ни очиб юборди! “Касалини яширсанг, истимаси ошкор қилади”, деганларидек, шу кундан эътиборан пойтахт ва вилоятларда йиллаб хас-пўшлаб келинган, амалдорлар ва “уймакор” тадбиркорларнинг ноқонуний объектларининг “миси” кетма-кет чиқа бошлади. “Лолазор”даги маҳалла идораси ўрнида пайдо бўлган шубҳали бизнес марказидан тортиб, Яккасаройда одамлар уйини ўзбошимчалик билан бузган “New Port” мажмуасича, Олмазордаги биноси чўкиб, одамлар ҳаётини хавфга қўйган “ўзбошимча” қурувчилардан тортиб, Сурхондарё ва Фарғонадаги шов-шувли демонтажларгача!  Бугун шу қурилишилар ҳақида батафсил маълумот берамиз

“Лолазор” қандай пайҳон бўлган

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Миробод туманидаги “Лолазор” маҳалласига ташрифидан сўнг воқеалар ривожи мутлақо бошқа ўзанга бурилди. Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси пойтахт марказидаги қимматбаҳо ерни давлат-хусусий шерикчилик баҳонасида шубҳали МЧЖга қандай ўтказиб берди? QALAMPIR.UZ бу борада маълумотларни жамлади.

Ўрганишлар давомида, мазкур манзилдаги эски маҳалла идораси ўрнида 2026 йил июль ойидан бошлаб беш қаватли нотурар объект қурилиши бошлангани маълум бўлди. Лойиҳа Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси ҳамда “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖ ўртасида 2023 йил 24 ноябрда тузилган шартнома асосида амалга оширилган. Бинонинг биринчи қаватда маҳалла идораси, юқори тўрт қаватида эса бизнес маркази жойлаштирилиши режалаштирилган.

Қурилиш майдони эски маҳалла биноси ортидаги болалар майдончасини ҳам қамраб олгани, ҳудуд махсус деворлар билан ўраб қўйилгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан “Лолазор” маҳалласи аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мурожаат қилган. Шу муносабат билан Саида Мирзиёева маҳаллага ташриф буюриб, вазиятни ўрганди ва маҳалла идорасининг бузилиши қонунийлиги юзасидан текширув ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берди. QALAMPIR.UZ’га берилган маълумотларга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан 2023 йил 26 октябрда “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖга Миробод кўчаси 27/12А манзилидаги мавжуд нотурар объектни реконструкция қилиш ва ҳудудида қўшимча бино қуриш учун рухсатнома берилган.

Рухсатномада бир қатор шартлар белгиланган. Жумладан:

шаҳарсозлик, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;
муҳандислик тармоқларини муҳофаза қилиш ёки зарур ҳолларда кўчириш;
Миробод кўчасидаги 27/4, 27/5, 27/6, 27/7 ва 27/8-уйларда яшовчи аҳоли розилигини олиш;
экология, санитария хизмати ҳамда Фавқулодда вазиятлар хизмати хулосаларини расмийлаштириш.

Рухсатнома икки йил муддатга берилган бўлиб, белгиланган талаблар бажарилмаган ёки қурилиш ўзбошимчалик билан амалга оширилган тақдирда унинг амал қилиш кучи бекор бўлиши назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳа бўйича Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2025 йил 14 февралдаги ижобий хулосаси ҳам олинган. Бунда электр, газ ва сув тармоқлари бўйича техник шартлар ҳам олинган, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объект давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бундан ташқари, 2026 йил 24 февралда ўтказилган йиғилиш баённомасида атрофдаги уйлар аҳолиси розилик билдиргани қайд этилган.
Очиқ давлат реестрлари маълумотларига кўра, “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖ 2021 йилда давлат рўйхатидан ўтган. Компаниянинг устав капитали 171 миллион 500 минг сўмни ташкил этади.

Компания раҳбари сифатида Бобурмирзо Бахтиёрович Латипов кўрсатилган. Очиқ маълумотларга кўра, унинг номида жами 5 та МЧЖ мавжуд. Уларнинг устав капитали 3-4 миллион сўмдан бошланиб, энг баланд фонди 200 миллион сўмни  ташкил этади ва уларнинг барчаси фаол мақомда сақланмоқда.

Айнан шу компания Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси билан давлат-хусусий шериклик асосида шартнома тузиб, маҳалла идораси ҳудудида беш қаватли нотурар объект қурилишини бошлаган. Қурилиш режасига кўра, бинодан фақат биринчи қават маҳалла идораси сифатида фойдаланилади. Қолган қаватлар эса бизнес марказига айлантирилиши белгиланган.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Миробод туман бўлинмаси ҳамда “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖ давлат-хусусий шериклик механизми орқали маҳалла идорасини реконструкция қилиш асосида мазкур объект қурилишини бошлаган.

“Маҳалла” фонд туман бўлинмасининг раиси Абдумурод Азизов тадбиркор Бобурмирзо Латиповга ер ажратишни  Президентнинг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган ПҚ-402-сонли қарори асосида амалга оширган кўринади.

Қарорнинг 11 бандида, маҳалла идоралари учун ягона намунавий ва ихчам бинолар лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Аммо мазкур қарор маҳалла бинолари ҳудудида кўп қаватли тижорат объектлари қурилишини назарда тутадими ёки йўқми, бу масалага расмий изоҳ берилмаган.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг “Лолазор” МФЙга ташрифи давомида пойтахтда шаҳарсозлик талаблари, дизайн кодлар, яшил ҳудудларни сақлаш ва аҳоли манфаатларини инобатга олиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, қурилиш жараёнида қонун бузилишига йўл қўйилган бўлса, масъуллар қонун олдида жавоб бериши лозимлигини таъкидлади.

Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан олиб борилмоқда.

Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати билан боғланди аммо Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса барча масъулиятни туман ҳокимлигига юклаб, саволларга тумандан жавоб топишимиз мумкинлиги билдирди.

Миробод туман ҳокимлиги эса “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖга ер майдони ажратиб бериш ҳақида ҳеч қандай қарор чиқармаганини маълум қилди.

Шунингдек, таҳририят қурилиш ишларини олиб бораётган МЧЖ билан ҳам боғланишга уринди. Бироқ, очиқ манбаларда келтирилган “AL-LATIF HEARST TOWER” МЧЖга тегишли бўлган телефон рақамлари орқали алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, агар қурилиш компанияси бирор маълумот бермоқчи бўлса, таҳририят улар учун ҳам очиқлигини билдиради.

Бу ерда яна бир муҳим савол туғилади. Миробод туманидаги мазкур манзил пойтахтнинг энг қиммат локацияларидан бири ҳисобланади. Давлат-хусусий шериклик шартномаси қандай танлов асосида тузилган? Тендер ўтказилганми? Бошқа инвесторлар иштирок этганми? Бу саволларга ҳозирча расмий жавоб йўқ.

Бундан ташқари, болалар майдончасининг қурилиш ҳудудига қўшиб юборилишига ҳуқуқ берганми ёки йўқ, бугун текширувчилар аниқлаши керак бўлган асосий масалалардан бири ҳисобланади.

Тошкентда “New port” номи билан 5 та кўп қаватли уй ноқонуний қурилаётгани аниқланди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмасдан туриб уй ўзбошимчалик билан бузиб ташлангани аниқланди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 2 август куни ижтимоий тармоқларда “New Port” турар жой мажмуаси ҳудудида яшовчи фуқароларга компенсация пуллари тўлиқ берилмаётгани ҳамда уй ноқонуний бузилгани ҳақида видеомурожаат тарқалган. Тошкент шаҳар прокуратураси мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирган.

Терговга қадар ўтказилган текширувда “Mega Logistics Servise” МЧЖ мансабдор шахслари Яккасарой тумани Дамариқ маҳалласи А.Қаҳҳор кўчаси, 19-уйда яшовчи фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмаган бўлса-да, мазкур уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани аниқланган.

Шунингдек, қурилишга тегишли рухсатнома олмасдан ушбу ҳудудда 1 та 20 қаватли, 2 та 19 қаватли, 1 та 12 қаватли ва 1 та 2 қаватли турар жой бинолари ўзбошимчалик билан қурилгани маълум бўлган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан “Mega Logistics Servise” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олмазор туманидаги фалокат

Жорий йилнинг 2 август куни даҳшатли ҳодиса юз берди. Пойтахтнинг Олмазор тумани Орзу маҳалласи Беруний кўчасида жойлашган мактабга тегишли ер майдонида олиб борилаётган қурилишда бир нафар қурувчини дарахт ва асфальт қопламали тупроқ босиб қолиши оқибатида оғир ҳолатда шифохонага ётқизилди. Қурилишдаги қўпол қоидабузарликларни деб, 9 қаватли аҳоли турар-жой биносининг бир томони чўкиб қулаш эҳтимоли юзага келишига сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган видеолар тарқалгач турли саволлар кўпайди. Тадбиркор ўзбошимчалик бу ерни билан эгаллаб олганми? Қурилиш вазирлиги қайси шарт бўйича рухсат берган, Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси талаб ва меъёрларга амал қилинаётганини текширганми? ҳудуддаги дарахтлар кесилган, экология қўмитаси бундан хабардорми мазмунида сўроқлар янграшни бошлади.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, фалокат оқибатида 1 киши жароҳатланган ва у айни пайтда шифохонада даволанмоқда. Қурилишга Алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-(меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддаларида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда. Бундан ташқари қурувчи ташкилот табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиб, огоҳлантиришларга қарамай бир неча ўнлаб дарахтларни нобуд қилган.  Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, қурилиш ҳудудида экология қонунчилиги бир неча бор бузилганига қарамай, қурувчи ишларини давом эттирган.

Ҳолбуки, Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан дарахт кесишга муддатсиз мораторий жорий этилган. 2025 йил 19 ноябрда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилган, 2026 йил 25 мартдаги 1124-сон Қонун билан эса экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилган. Шунга қарамай, қонунбузарликлар такрорланган. 2024 йил апрелдаги хатловда ҳудудда 46 туп дарахт (27 туп чинор, 10 туп жийда, 3 туп айлантус ва 6 туп тут) мавжудлиги қайд этилган. 2025 йил 16 апрелда 2 туп чинор ноқонуний кўчирилгани учун 24,7 млн сўм жарима ва 6,6 млн сўм зарар, 24 апрелда эса 14 туп чинор шикастлангани учун 9,3 млн сўм жарима ҳамда 42 млн сўм зарар ундирилган.

2025 йил 17 декабрда қурилиш майдонида 6 туп чинор, 3 туп арча ва 1 туп софора ноқонуний кесилиб, табиатга 605 млн сўм зарар етказилган. 2026 йил 13 июлда яна 3 туп чинор кесилгани аниқланиб, 10,3 млн сўм жарима ва 218,3 млн сўм зарар ундириш бўйича судга даъво киритилган. Тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган, Тошкент туманлараро иқтисодий суди зарарни МЧЖдан ундириш ҳақида қарор чиқарган. Бироқ зарар ҳалигача қопланмагани учун ижро ҳужжатлари МИБга юборилган.

Фарғонада 5 йилдан бери баҳсларга сабаб бўлган ноқонуний қурилиш бузилди

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳри Шодиёна кўчасида аҳоли эътирозларига сабаб бўлиб келган ноқонуний қурилиш бузилди. Қарийб беш йил давомида маҳалла аҳолисига ноқулайлик туғдирган ва фуқароларнинг бир неча борги мурожаатларига қарамай қурилиши давом этган мажмуани демонтаж қилиш ишлари амалга оширилган. Шодиёна маҳалласи аҳолиси мазкур масала ҳал этилгани муносабати билан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага миннатдорлик билдирган. Қайд этилишича, ноқонуний қурилишни бартараф этиш ишлари Президент Администрацияси раҳбарининг аҳоли учун қулай муҳит яратиш, ҳудудларда болалар ўйин майдончаларини ташкил этишга қаратилган ташаббуси доирасида амалга оширилган.

Сурҳандарёдаги қурилишда экологик қонун бузилгани аниқланди

Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши соҳаси давлат инспекторлари Сангардак ҳудудида қўшимча ўрганиш ўтказди. Ўрганиш давомида қурилиш ишлари белгиланган тартибда расмийлаштирилмасдан, ўзбошимчалик билан амалга оширилгани, шунингдек, ишлар жараёнида айрим дарахтларга механик шикаст етказилгани аниқланган. Сангардак туризм мажмуаси лойиҳаси ҳудуднинг ноёб табиий муҳити ва биохилма-хиллигини сақлаш, яшил ҳудудларни асраб қолиш ҳамда қўшимча манзарали дарахт ва бута турларини экиш орқали экологик туризмни ривожлантиришга қаратилган бўлсада амалда бунга зид ишлар амалга оширилган. Ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, етказилган экологик зарар миқдорини ҳисоблаш, масъул ва айбдор шахсларни аниқлаш ҳамда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш ишлари давом этмоқда. Хўш сизнинг худудингизда ҳам ноқонуний қурилиш ишлари, табиатга экологияга зарар етказиш ҳолатлари кузатилганми булар ҳақида изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг