Нон нархининг ошиши Ўзбекистонда камбағаллар кўпайишига олиб келмайдими?

Жамият

Хабарингиз бор, 1 июндан қолипли нон “буханка”нинг нархи 1600 сўмдан 2800 сўмга кўтарилди. Бунинг ортидан аҳолида ваҳима пайдо бўлиб, турли ҳудудларда бошқа нон маҳсулотларининг нархи сунъий оширила бошлади. Хўш, бунга асос борми? Нон нархи нега бирданига 1200 сўмга қимматлади? Бугун эрта учун захирамиз борми? 

QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳридаги нон ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, аҳолини қизиқтираётган бир нечта саволларга жавоб олди.

Нон нархининг кўтарилишига асосий сабаб, буғдой нархининг кўтарилишидир. Бунинг ортидан ун нархи ҳам кўтарилади. Корхоналар олдин унни уюшмадан сотиб олган бўлса, бугун эса биржадан харид қиляпмиз. Биржада эркин савдо ва бунинг оқибатида уннинг нархи ўзгаради. Унни биржа сотади, нонни эса биз.

Нон нархининг ўзгариши биржадан олинадиган унга боғлиқ. Бугун унни 4250 сўмга сотиб олсак, нон 2700 сўмга тушади. Агар ун нархи 4400 сўмдан бўлса қолипли нон нархи ҳам кўтарилади. Бу эркин савдо. Талаб ва таклифга мослашув ҳисобланади. Агар биржада ун нархи арзонроқ чиқса, демак нон нархи ҳам ўзидан-ўзи арзонлашади”, дейди “Боғистон нон” корхонаси раҳбари Акмаль Содиқов.

Содиқовга қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарлари нонни 2700 сўмдан сотишга мажбурланмаяптими, деган савол билан юзландик. 

“Йўқ, бундай топшириқ олмаганмиз. Ун эркин савдога чиқди, нонлар 2700 сўмдан дўконга етказиб бериляпти, улар 2800 сўмдан сотишмоқда. Ҳозирги кунга қадар сотувчилар томонидан ҳеч қандай эътироз бўлмади. Бизнинг корхонадаги ун захираси 3-4 кунга етади. Ҳозирги кунгача 4300 сўмдан ун харид қиляпмиз”, дейди Акмаль Содиқов.

Битта корхонада сиз у биз севиб истеъмол қиладиган “буханка” нони бир кунда 40 мингтагача ишлаб чиқарилади. Маълумотларга кўра, 100 килограмм ундан 250 та нон тайёрланади. Корхона ходимининг айтишича, нарх ошиши сон ва сифатга таъсир қилмаган.

“Бир дона қолипли нонга тушадиган уннинг нархи 1610 сўмни ташкил қилади. Ундан ташқари, маҳсулотга прессланган хамиртуриш, туз солинади. Ҳисоб-китобда эса ходимларнинг маоши, корхонанинг солиқ тўловлари ҳамбор. Шуларнинг ҳаммаси қўшилиб, умумий бир дона “буханка” нони нархи 2700 сўмга тўғри келмоқда. Шунда корхонанинг рентабеллик даражаси 5-6 фоизни ташил қилади. Бизга ҳам жуда катта фойда қолмайди.

Корхонамиз бир кунда 31 мингта нон ишлаб чиқаради. Корхонада 2 та печка бўлиб, 24 тонна нон ишлаб чиқариш қувватига эга. Нон кунлик буюртмага қараб тайёрланади. Нон нархи ошгандан сўнг, аввалига буюртмалар сал камайди ҳозир доимги жараёнда ишимизни давом эттиряпмиз. Бугунги кунда 57 та ташкилот билан шартнома асосида иш олиб борилади. Нарх кўтарилиши сифатга умуман таъсир кўрсатмаган, олдин ҳам ҳозир ҳам қолипли ноннинг вазни 600 гр. Иссиқ ҳолатда 610-615 грни ташкил қилади”, дейди “Боғистон нон” корхонаси технологи Гулчеҳра Ҳошимова.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги масъул ходими Шаҳобиддин Ортиқовнинг айтишича, Ўзбекистонга буғдой етказиб берувчи асосий давлат Қозоғистон ҳисобланади. Қўшни давлат ўтган йили 11 млн 800 минг тонна буғдой етиштирган бўлса, бу йил 13 млн тонна атрофида буғдой етиштириши прогноз қилинмоқда.

QALAMPIR.UZ мухбири вазирлик масъулига "Ўзбекистон камбағаллик билан курашаётган бир вақтда нон нархининг кескин ошиб кетиши камбағалларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлмайдими?", деган савол билан юзланди.

Йўқ. бугунги кунга қадар нон ва уннинг 70-80 фоизи бозор нархида сотиб келинаётган эди.

Қисман давлат резервлари, давлат ресурси ҳисобидаги буғдойдан ишлаб чиқариладиган унларнинг нархи ушлаб турилган эди. Бу очиқ, соғлом бозор принципларига тўғри келмасди. Шунинг учун ҳам 1 июндан бошлаб эркин нархлар шаклланиш жараёни бошланди.

Нарх ошишини камбағаллик билан боғлайдиган бўлсак, дастлаб пенсия ва нафақа олувчиларга, кам таъминланган оилаларга бир мартали 300 минг, 400 минг сўмлик пуллар тарқатилди. Ундан ташқари, июнь ойининг бошидан бошлаб, ҳар бир эҳтиёжманд қатлам, темир дафтар, аёллар дафтаридагилар. Шунингдек, ҳокимият томонидан ҳам эҳтиёжманд оилаларга, ҳар бир вилоятда 20-30 минглаб кишига рўйхат асосида 20 кгдан ун маҳсулоти тарқатиляпти. Нарх ошганини сездирмаслик учун бепул маҳсулотлар ҳам тарқатилмоқда.

Албатта, бу бир марталик ёрдам-ку деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бу доимо вазиятга қараб тегишли вазирлик-идоралар томонидан ўрганиб борилади. Нархларнинг кескин ошишига айтарли асос йўқ. Ҳамма вақт давлат бунга тайёр турибди. Молиявий томондан ҳам, бошқа томондан ҳам кучимиз, қурбимиз етади. Бу ерда ҳеч қанақа саросимага тушадиган асос йўқ. Ун ва буғдой захираларимиз ҳам етарли.  Бу йил ишлаб чиқариш 7 млн 500минг тоннадан ортиқ бўлиши кутилмоқда”, дейди Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги масъул ходими Шаҳобиддин Ортиқов.


Мақола муаллифи

Теглар

биржа нон ун буханка

Баҳолаганлар

305

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made