Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. 7 нафар ИИО ходими қийноқ учун жазоланди

3-саҳифа

image

2021 йилда Ўзбекистонда Ички ишлар органларининг 7 нафар ходимига дастлабки тергов ва суриштирув ҳаракатлари давомида фуқароларга нисбатан жисмоний, руҳий ва психологик босим ўтказгани учун чора кўрилган. Бу ҳақда бугун, 20 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот котиби Фотима Мадраҳимова маълум қилди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 32 та қарорнинг барвақт қабул қилингани аниқланиб, бекор қилинган ва 16 та ҳолатда айбдор ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув якунларига кўра, 11 та шикоят юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасининг тегишли бандларига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг назорат хатига асосан юқори турувчи прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатлари ўтказилган. 

Ушбу шикоятлар юзасидан ўтказилган хизмат текшируви якунларига кўра, 4 та ҳолатда ички ишлар органларининг 7 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган. 

Шунингдек, жазони ёки эҳтиёт чорасини енгиллаштириш юзасидан маҳкумлар (маҳбуслар) томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг хатига асосан 13 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 59 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган ва 2 нафар маҳбуснинг эҳтиёт чоралари енгилроғига ўзгартирилган.

Маълумот учун, АҚШ Давлат департаментининг Инсон ҳуқуқлари масаласида 2021 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш, тергов жараёнида шахс қадр-қимматининг камситилишига қарши курашиш борасида Ҳукумат томонидан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳамон терговда қийноқ усулларидан фойдаланиш ва тан олдириш амалиёти мавжудлигича қолмоқдалиги айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни имзолади. Унга кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.

Жорий йилнинг 1 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган қийноқлар мавзуси бўйича брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова сўнгги уч йилда прокуратура органларида қийноқлар тўхтагани, аммо бошқа куч ишлатар тузилмаларда ҳамон қийноқлар мавжудлигини тан олди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг