Ўзбекистон ҳақида гапириш Лукашенкога қолдими? Халқаро эксперт “Батька”га жавоб қилди
Олам
−
10 Январь 2022
65726Ўзбекистондаги вазият Қозоғистондагидан кескин фарқ қилади, мамлакат ҳудудида беқарорлик юзага келиши учун ҳеч қандай асос йўқ. Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Постсовет тадқиқотлари маркази катта илмий ходими Станислав Притчин Беларусь Президентининг Ўзбекистон ҳақида билдирган фикрини шундай изоҳлади.
“Глобал миқёсда гапирадиган бўлсак, ҳар доим вазиятни издан чиқариш учун имконият борлиги аниқ. Аммо, агар Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятни солиштирадиган бўлсак, у Қозоғистонникидан тубдан фарқ қилади: Қозоғистондаги фожиали воқеалар арафасида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳеч қандай сиёсий бўлиниш йўқ”, деган Притчин РИА Новости билан суҳбатда.
Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда вазият барқарор: барча қарорлар, қоида тариқасида, агарда жамоатчилик фикрини ҳисобга олинмаса, аҳолининг турмуш даражасига мос келадиган реалликни инобатга олган ҳолда қабул қилинади.
“Демак, умуман олганда, ҳозирда беқарорлик учун жиддий асослар йўқ”, деди у.
Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ҳам тартибсизликлар бўлган ва у Тошкентдан 100 километр узоқликда жойлашган. Шу боис Ўзбекистон фуқаролари ҳам қўшни Қозоғистондаги намойишларда қатнашган бўлиши мумкин.
“Яъни, бу унчалик тўғридан-тўғри боғлиқлик эмас, лекин жуда кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда, жумладан, мамлакат жанубида ишлётганини инобатга олинса, тартибсизликларда иштирок этган одамлар кириб келган бўлиши мумкин. Минтақада ўзаро боғлиқлик мавжуд. Аммо Ўзбекистонда беқарорлик учун ҳеч қандай фундаментал сабаблар йўқ”, дейди Притчин.
Маълумот учун, КХШТнинг навбатдан ташқари саммитида иштирок этган Беларусь Президенти Қозоғистондаги вазиятдан аввало Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклигини, экстремистлар диққати Марказий Осиёнинг ўртасидаги давлатга қаратилганини айтганди. Аммо бу фикрлари учун у ҳеч қандай далил келтирмаган.
Таъкидлаш керакки, 28 йилдан бери Президент лавозимини ҳеч кимга бермай келаётган Беларусь ҳукмдори Лукашенко бошқа давлатлар ҳақида фикр юритганда уларда ҳам вазият ўз мамлакатидаги каби деб ўйлайди чоғи, оғзига келганини қўймай гапиради.
Аслини олганда, Беларусь Президенти шундай ғалати баёнотлари билан илк бор кулгига қолаётгани йўқ. У доимий равишда шундай ноодатий фикрлари билан сиёсат оламида “машҳур” бўлиб келади.
LiveБарчаси