Хавотирдаги Ўзбекистон, таксичилар шўрига шўрва, қонундан устун ҳокимлар – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Россияда мигрантларни хўрлаш, уларга ҳайвондек муносабатда бўлиш одатга айланиб қолди. Миқ этмаслик ҳам, этсак ҳам эътиборга олмасликлари, пинакларини бузмасликлари ҳам одат тусига кирди. Биз бунга кўпдан ўргандик. Шунданми, уларнинг мигрантларга нисбатан зўравонликлари тинмаяпти, аксинча, кундан кунга авж оляпти.

Шерзодхон Қудратхўжа ўзбекистонликларни Россияга бормасликка чақирди

Россия пойтахти Москвадаги Мудофаа вазирлиги муассасаларидан бирида жорий йилнинг 8 июнь куни хавфсизлик кучлари томонидан мигрантларга қарши ўтказилган рейд Тошкентда норозиликларга сабаб бўлди. Илк садо Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректоридан чиқди. У сиз кадрда кўриб турган лавҳаларни ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб, одамларни, ёшларни Россияга бормасликка чақирди.

“Мен ёшларимизга айтмоқчиманки, йигитлар, қизлар, шу Россияга борманглар, у ерда сизларни уришади, тепишади, ҳақоратлашади. Россияда сизни қадрлашмайди, аксинча, оёқости қилишади. Ваҳоланки, ўзининг халқи қилмайдиган энг оғир ишни сизлар қиляпсизлар, афсуски, эвазига шундай “мукофот” оляпсизлар!” дейди Шерзодхон Қудратхўжа. 

Видеодан кўринадики, ОМОН ходимлари меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш учун ётоқхонага борган. Улар мигрант эркакларни хоналаридан ҳайдаб чиқарган, секин юрганларни эса “тепиш ва шапалоқ билан сийлаган”.

“Ягона чиқиш йўлимиз, болаларимизга боғчадан бошлаб ўзини қадрлашни ўргатиш, мактабдаги сўнгги уч йилни аввалги саккиз йил таҳлиллари асосида илмга, касбга ёки ҳунарга қобилиятидан келиб чиқиб саралаш ва халқаро стандартлар даражасида рақобатга тайёрлашдир! Тарбия ва таълимдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам!” деб ёзди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров ушбу воқеага муносабат билдириб. 

Ушбу масалага Қудратхўжа ва Қодировдан бошқалар худди дахлдор эмасдек, бошқа депутатлар гўё кўрмаган, эшитмагандек, муносабат билдирмади. Ташқи ишлар вазирлиги эса бу сафар тилга кириб, ҳолат бўйича Россияга нота юборилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи идорасига кўра, 10 июнь куни Россия томони билан миграция масалалари бўйича навбатдаги учрашув бўлиб ўтган ва унда Россия ҳудудида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётгани ҳақида сўз борган.

ТИВ ўз баёнотида Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилаётганини билдирган.

“Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Элчихонамиз томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради”, дейилади ТИВ баёнотида.

Ўзбекистон ташқи идорасининг ҳаминқадар муносабатига Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова ҳам жавобни узоқ куттирмади. Унинг билдиришича, Россия томони Ўзбекистондан қабул қилинган нотадаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқмоқда ва мамлакат расмийларининг тегишли сўрови ваколатли органларга етказилмоқда. Олинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда Тошкентга юборилади.  

“Ўзбекистон элчихонасидан нота олинганлиги муносабати билан ундаги маълумотларни синчковлик билан ўрганмоқдамиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа хизматлар орқали бизда бевосита алоқа каналлари мавжудлигини қайд этмоқчиман. Иттифоқчилар ўртасида одат бўлганидек, суҳбат очиқ ва ҳар қандай сигнал диққат билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг юқорида қайд этилган мурожаати ваколатли органларга етказилади. Қабул қилинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда шерикларга ўтказилади”, деди Захарова ўта оғир-босиқлик билан.

Россия ТИВ вакили Тошкент ва Москва мустаҳкам иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларига эга эканини, икки томонлама муносабатларнинг барча масалаларига шу нуқтаи назардан ёндашилаётганини эслатган. Хуллас, масалага аввалгидек асаб билан эмас, анча оғир-босиқ жавоб қилган.

Орадан бир кун ўтиб, Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов ўз фаолиятини якунлагани эълон қилинди. У 12 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қабулида бўлиб, у билан хайрлашган. Бироқ мулоқотда мигрантларга нисбатан содир этилаётган ҳаракатлар хусусида сўз борган-бормагани ҳақида қайд йўқ.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ваколат муддати тугаган элчининг қўлини маҳкам қисиб, табассумли суратини эълон қилган Саидов, учрашувда икки томон алоқаларни чуқурлаштириш ва икки мамлакат учун манфаатли қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга интилишини яна бир бор тасдиқлаганини билдирган.

Бироз аввал айтганимдек, нотага нисбатан жавобида Мария Захарова фавқулодда оғир-босиқ бўлган бўлса-да, унинг заҳархандалигини бу сафар бошқалар бажарди. Захарованинг жавобидан кўп ўтмай, “Тинчлик, барқарор ривожланиш ва миграция” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Туркманистонга борган Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Виталий Яковлев ўз нутқида  Россияда мигрантлар орасида энг кўп жиноятларни ўзбекистонликлар содир этаётганини айтиб чиқди.

Россияда мигрантлар орасида энг кўп жиноятларни ўзбекистонликлар содир этганми?

У келтирган рақамларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 35,5 фоизи Ўзбекистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келмоқда. Иккинчи ўринда Тожикистон фуқаролари турибди – уларга 16,6 фоиз. Рўйхатни 11,5 фоиз билан Қирғизистон фуқаролари якунлаган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида хорижликлар томонидан Россияда содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ошган.

Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев эса мамлакат учун фойдаси йўқ бўлган мигрантларни чиқариб юборишни таклиф қилди. Яъни иш жойидан айрилган, олий ўқув юртларидан четлатилган, бармоқ изларини топширмаган, рус тилини ўрганмаган ва жамиятга фойда келтирмаётган мигрантлар Россияни тарк этиши лозим.

Россияда миграция сиёсатини кескинлаштиришнинг янги босқичи 2024 йилнинг баҳорида бошланган. Шу йил бошидан бошлаб, Ички ишлар вазирлиги назорати остидаги шахслар реестри ишга туширилган бўлиб, бу базага мамлакат ҳудудида ноқонуний бўлган хорижий фуқаролар киритилади. Апрель ойидан бошлаб мигрант болаларни мактабга қабул қилишдан аввал рус тилини билиш бўйича тестдан ўтказиш тартиби жорий этилган. Шунингдек, хорижликларга нисбатан махсус депортация режими, киришда қоидабузарликлар учун жарималар, ноқонуний мигрантларга хизмат кўрсатганлик учун жавобгарлик ва исталмаган шахс мақоми каби чора-тадбирлар жорий этилган.

Россияга асосан МДҲ мамлакатларидан мигрантлар келади. 2024 йилда Тожикистондан 128 минг, Ўзбекистондан 107 минг ва Қирғизистондан 105 минг киши Россияга кириб келган. Миграция сиёсатидаги бу кескин чоралар туфайли қўшни давлатлар ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида бир неча бор норозилик билдирган. 2024 йил октябрь ойида Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода Россияга кириш тақиқлари ва депортациялар кўпайганини, бунинг учун хавфсизликни таъминлаш каби умумий ва ноаниқ сабаблар кўрсатилаётганини маълум қилган. Апрель ойида Москвадаги “Бодрость” ҳаммомида ўтказилган антиммиграцион рейддан сўнг Қирғизистон Россия элчисига норозилик нотасини топширган. Ушбу рейдда республика фуқаролари қўлга олинган ва Қирғизистон томони Россияни бундай вазиятларга йўл қўймасликка чақирган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг жорий йил бошида берган маълумотларига ишонилса, 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижда меҳнат мигранти мақомини олган ва уларнинг 600 мингдан ортиғи Россияда. Бироқ норасмий маълумотларда Ўзбекистоннинг рўзғор дардида хорижга чиқиб кетган фуқаролари 3 миллиондан ортиқлиги, Россияда эса 1,5 миллиондан кўп ўзбекистонлик ишлаётгани айтилади.

Президентни ҳақорат қилган 20 ёшли йигит 2,5 йилга қамалди

Самарқандлик 20 ёшли йигит Instagram саҳифаси орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилгани учун 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

2004 йилда Иштихон туманида туғилган йигит 2023 йилнинг февраль ойида ўзига тегишли телефон орқали Instagram ижтимоий тармоғида President family номли видеолавҳага ҳақоратли изоҳ қолдирган. 2023 йилнинг октябрь ойида эса йигит судланган ва унга 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Йигит ушбу қарордан норози бўлиб, судга шикоят билдирган.

Судланган йигит тафтиш шикоятида, унинг шахси, ёши, оилавий аҳволи, оилада ягона боқувчи эканлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган. Тафтиш судида судланувчи ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

У Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни илтимос қилган.

Ушбу ишни Самарқанд вилоят суди тафтиш тартибида кўриб чиқиб, унинг натижаларига кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиши белгиланган. Шу боис, судлов ҳайъати, шикоятда келтирилган важлар суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли суд қарорларини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топган.

Бундай ҳодиса, бундай қонунсизлик, ноқонуний қурилмани яна ноқонуний шаклда бузиш, суд қарорини кутмай қарор чиқариш фақат ўзбекистонлик айрим амалдорларга, ҳокимларга хос.

Бухоро вилояти ҳокими ноқонуний биноларни одам-подами билан бузиб ташлашни айтди

Сиз кадрда кўриб турган киши Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. Унинг вилоят амалдорларини тўплаб, ноқонуний деб айтилаётган биноларни одам-подами билан, суд-пуд қарорисиз бузиб ташлаш ҳақида топшириқ бераётгани акс этган видео бу ҳафта ижтимоий тармоқда трендга чиқди. Видео Тошкентда ўтаётган навбатдаги халқаро инвестиция форуми кунларида тармоқда тарқалиши ҳам хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга сармоя киритишда етти ўлчаб бир кесиши кераклигини яна бир бор эслатмоқда, демоқда тармоқ фаоллари.

Ҳолат бўйича яна на депутатлар ва на бошқа масъул идоралар муносабат билдирди. Ҳокимларни саволга тутиши керак бўлган депутатлар эса чуқур сукутда. Бизнес омбудсман эса борлигини унутгандек.

Бухоро вилояти ҳокимлиги эса ҳолатга изоҳ бериб, видеода воқеа 22 май куни содир бўлганини билдирди. Ҳоким Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган. Вилоят ҳокими қурилиш ишларини қисқа муддатда якунлаш бўйича шаҳар ҳокимлиги ва соҳа масъулларига топшириқлар берган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида Зарипов давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмагани, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилгани, бундан ташқари боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганлиги юзасидан эътирозларини билдирган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ўз баёнотида қўлидан келганча Зариповнинг айтганлари ва хатти-ҳаракатларини оқлашга уринган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ваколатли органлар томонидан киритилган хабарнома келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни мобайнида туман (шаҳар) ҳокими Фуқаролик кодексининг 212-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво аризаси судга киритилишини таъминлайди.

Бунда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича тўғридан тўғри судга Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан белгиланган тартибда мурожаат қилинади. Ҳа, Ўзбекистонда оламшумул қонунлар, қарорлар, низомлар қабул қилинади. Аммо улар ҳокимлар, амалдорларга келганда қоғозда қолиб кетаверади. Аслида Зарипов тўғри нарсани талаб қилаётгандир, ҳақиқатдан ҳам гап боғча ҳудудининг ноқонуний эгаллаб олиниши ва болаларнинг соғлиғи ҳақида бораётгандир, аммо буларнинг ҳеч бири услубни оқламайди.

Таксичилар хоҳлаган ҳудудида фаолият юритади – Транспорт вазирлиги

Тугаётган ҳафтанинг энг шов-шувли хабари эндиликда ҳайдовчиларнинг машина рақами қайси ҳудуддан олинган бўлса, фақатгина ўша ҳудудда таксичилик фаолияти билан шуғулланишига билан боғлиқ янгилик бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “хизматларни фақат тегишли лицензия варақасига эга бўлган ташувчиларга кўрсатиш ва буюртмаларни ташувчининг лицензия варақасида кўрсатилган ҳамда унга туташ ҳудудларда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) қабул қилинишини таъминлаш” деб ёзилгани, “80 рақамли машиналар фақатгина Бухоро вилоятида, 70 рақамли машина эгаси эса фақат Қашқадарё вилоятининг ўзидагина таксичилик қила олади”, деган хулосаларга келинишига сабаб бўлди.  

Ушбу қарор жамоатчиликнинг эътирозини келтириб чиқарди, шу усул билан яна прописка масаласи кун тартибига олиб чиқилаётгани танқид қилинди.

“Тошкентдаги тирбандликлар масаласини хато йўл билан ечмоқчи бўлишяпти, шекилли. Муаммо талабда, таклифда эмас. Тошкентда кўп автомобилларга талаб бор, кўп одамлар эса бу талабни қондиради. Бу масаланинг тўғри ечимлари бор – пуллик парковка, жамоат транспортига сармоя, балки кўчалардаги ҳаракатланиш айрим вақтларда пуллик бўлиши мумкин. Белгиланган чорада эса – масала худди фақат таклифдагидек туюляпти. Қайсидир Жанубий Америка мамлакатида, автомобиль “номер”лари тоқ рақам билан тугаса тоқ кунларда, жуфт рақам бўлса жуфт кунларда ҳаракатланишга рухсат беришган эди. Оқибатда автомобиллар сони қарийб икки карра ошган. Бу лойиҳани ҳам айланиб ўтишади, сал-пал ҳақлар поймол қилинади, қонунийликка нисбатан беҳурматлик ошади, лекин таксилар йўқ бўлиб қолмайди”, дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Умумий қилиб айтганда, қисқа фурсат ичида қарорни қабул қилувчилар жамоатчиликка ёмон кўриниб бўлди. Кўпчиликнинг фикрича, энди Тошкентда нон топаётганлар машинасини уйга ташлаб, мигрантлар калтакланаётган Россиядан иш излайди.

“Қарор муҳокамага қўйилмаган, нима учун бундай талаб киритилаётгани изоҳланмаган. Унинг оқибатлари ҳам ўйланмаган. Ўн минглаб одамларнинг нафратини қўзғайдиган бу қарорнинг лоббисти ким бўлганини ўзингиз учун тасаввур қилишингиз мумкин”, деган Бакиров. 

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг аниқлик киритишича, вилоятдан келган таксичилар Тошкент шаҳрида таксичилик қила олиши учун лицензия олиши, фаолият манзили сифатида эса Тошкентни кўрсатиши керак. Вилоятлараро лицензияга эга таксичилар Тошкентда такси қила олмайди. Лицензия фақат битта ҳудудга берилади. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам вилоятда, ҳам пойтахтда таксичилик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас.

Орадан кўп ўтмай, Транспорт вазирлиги матбуот хизмати такси ҳайдовчисининг автомобили қайси ҳудудда рўйхатдан ўтганидан қатъи назар ўзи хоҳлаган ҳудудда фаолият юрита олишини айтиб чиқди.

“Йўналишсиз такси фаолиятини лицензиялаш транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган ҳудуддан қатъи назар, такси ҳайдовчиси танловига кўра лицензия талабномасида кўрсатган ўзини-ўзи банд қилиш ҳудуди бўйича амалга оширилади.

Яъни, такси ҳайдовчисининг автомобили қайси ҳудудда рўйхатдан ўтганидан қатъи назар ўзи хоҳлаган ҳудудда фаолият юрита олади.

Масалан, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган автомобилнинг эгаси дастлаб ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтади ва бунда такси фаолиятини амалга ошириш ҳудудини ўзи танлайди. Шундан сўнг, лицензия олиш учун композит ариза топширади.

Йўналишсиз такси лицензия варақасида кўрсатилган (ўзи танлаган) ҳудудда ва ёндош ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) фаолият кўрсатиши лозим.

Яъни, чеклов лицензияда кўрсатиладиган ҳудуд учун ўрнатилган. Масалан, Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган автомобилнинг эгаси ўзи танлаган Тошкент шаҳрида фаолият юритиши учун лицензия олганидан сўнг фаолиятини Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилоятида олиб боришига рухсат этилади.

Автомобилнинг давлат рақами қайси ҳудудга оид бўлса, лицензия фақат айнан шу ҳудуд учун берилиши лицензия талаб ва шарти ҳисобланмайди. Яъни, автомобилнинг бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтказилганлиги лицензия беришни рад этиш учун асос бўлмайди”, дейилади Транспорт вазирлиги изоҳида.

Вазирлик берган изоҳдан сиз бирор нарсани тушундингизми ё умуман ҳеч нарсага тушунмаган фақат менми? Модомики, ҳаммаси ўз ҳолича қоларкан, ўша-ўша давом этаркан, қарорга бу бандни киритишдан мақсад нима эди? Энг ёмони қарорларни одамларга тушунарли тилда, керак бўлса, видеоизоҳлар билан тушунтириб берилмаслиги. Оқибатда эса транспорт вазирлигининг мужмал баёнотларидан оддий таксичиларнинг оғиздан оғизга ўтган миш-мишлари кўпроқ ишончли бўлади.

Исроил ва Эрон уруши. Воқеалар қандай кечмоқда

13 июнь куни Исроил Эрондаги ҳарбий ва ядровий объектларга ҳужум қилди. Оқибатда Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи генерал-полковник Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бош қўмондони Ҳусайн Саламий, “Ал-Қудс” махсус бўлинмасининг қўмондони, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Исмоил Қааний ҳамда Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний ўлдирилди.

Икки мамлакат ўртасидаги кескинлик ва қуролли ҳужумлар ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Эрондаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди.

“Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши ва Эрон ҳамда Исроилда ракета отишмалари кутилиши муносабати билан сизлардан хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни сўраб қоламиз. Заруратга қараб Эронда истиқомат қилувчилар бомба бошпаналарига тезлик билан кириш, Исроилда эса фронт орти қўмондонлиги огоҳлантиришларига амал қилиш лозим.  

Ҳар икки давлатдаги фуқароларимиз, расмий хабарларни мунтазам кузатиб боринг, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар ва элчихона алоқа маълумотларини доимо ёнингизда сақланг”, дейилади расмий огоҳлантиришда.

Шунингдек, расмий Тошкент ҳарбий амалиётлардан чуқур хавотир билдирган. Барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирган.

Айтиш керакки, Исроилнинг ракета ҳужумларига қарши Эрон жавоби ҳам ўта қақшатқич бўлди. Исроил аллақачон дунёга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Воқеалар соат сайин ўзгариб бормоқда. Хорижда қўшниларимизда содир бўлаётган воқеалардан халқаро ҳафта таҳлилини томоша қилиб, бохабар бўлишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Россия Шавкат Мирзиёев жиноят Самарқанд Ўзбекистон Эрон Москва Бухоро уруш Транспорт вазирлиги Исроил мигрантлар Мария Захарова Такси Шерзодхон Қудратхўжа ОМОН

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг