Ногиронлар уйида ҳуқуқлар бузилмаётгандир, лекин бошқа жойларда... – Ташанов
Интервью
−
09 Декабрь 2021
6736Дунёда 1 млрддан ортиқ имконияти чекланган одамлар бор. Бу 8 миллиардга яқинлашиб бораётган аҳолининг тахминан 15 фоизига тўғри келади. Шундан 100 миллиондан ортиғи болалардир. Уларнинг барчаси жисмоний, ижтимоий-иқтисодий тўсиқларга дуч келади.
1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ногиронларнинг ҳуқуқлари, шунингдек, ногиронлар муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида 3 декабрни Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилди.
Хўш, бугун Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқи таъминланяптими? Уларга етарлича шароитлар яратилганми? Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилгач, ундаги шартлар бажариладими? Айни шу саволлар билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси – “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга юзландик.
Феруза Нажмиддинова, журналист: — Бугун Ўзбекистонда имконияти чекланган шахслар учун махсус имкониятлар яратилганми?
Абдураҳмон Ташанов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси: — Ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотларига жуда кўп аризалар тушади. Албатта, ижтимоий таъминот давлат ва ҳукуматнинг "чўнтаги" билан боғлиқ. Масалан чўнтаги бақувват бўла туриб, пул бермаётган ёки ҳимоя қилмаётган бўлса, бу – жиноят. Лекин ҳукумат бунинг иложини қилолмаётган ва субсидиялар ажрата олмаётган бўлса, буни ночорлик деб тушуниш мумкин. Бизнинг шароитимиз кўпроқ иккинчисига тортади, яъни иқтисодий ночорлик. Давлат ва ҳукумат идоралари кўп ҳолларда ногиронларни ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни олиб боради, лекин амалда ногиронларга ёрдам бериш, уларнинг муаммоларини тўлиқ бартараф этиш масаласи жуда ҳам қийин.
Ҳуқуқий асослар жиҳатидан анчагина ўзгаришлар бўлди. Ногиронларнинг ҳуқуқлари кўпайтирилди. Уларга имтиёзлар берилди. Учишда, қўнишда, юришда, туришда, ҳамма жойда ўзига яраша имтиёзлар бор. Аслида, ўзимиз камбағал бўлганимиз учун уларга ажратиладиган пенсия, субсидия, нафақалар жуда кулгили миқдорда."Тирикчилик – тошдан қаттиқ" деганларидек, тирикчилик масаласи жуда ҳам оғир. Соғлом инсонларга тирикчилик қийин бўлиб ётибди, ногиронлар бир амаллаб Худо берган ҳаётини яшаб ўтмоқда. Айтайлик, энг кам пенсия миқдорлари ёки ногиронларга бериладиган нафақаларнинг энг кам миқдори деган тушунча жуда ҳам кулгили. Бу нарсалар юқорида айтганимдек, иқтисодга бориб тақалади.
Ф.Н.: — Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди. Ҳукумат ундаги талабларни бажара оладими?
А.Т.: — Президент Шавкат Мирзиёев март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий кенгашида бу бўйича гапирди. Шундан кейин бу конвенция ратификация қилинди. Бу Ўзбекистон ҳукуматига жуда катта мажбуриятларни юклайди. Буни йўқдан кўра яхши, дейиш мумкин.
Бу конвенцияни жуда кўп, шу жумладан, АҚШга ўхшаган давлатлар ҳам ҳали ратификация қилмаган. Чунки конвенциянинг талаблари ниҳоятда катта. Кўчаларда ногиронлар учун алоҳида йўлаклар бўлиши, ҳар бир объект қурилаётганда имконияти чекланганлар учун алоҳида шароит яратилиши керак. Буни Ўзбекистон ҳукумати яқин йилларда қила олмайди. Бунга амал қилиш жуда қийин. Лекин қабул қилингани яхши бўлди. Чунки бу, Ўзбекистон ҳукуматига халқаро мажбурият дегани.
Ф.Н.: — Ратификация қилингани яхши деяпмиз-ку, лекин уларни амалда бажара олмаганимиз, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти олдидаги имижига таъсир қилмайдими?
А.Т.: — Қайсинисини бажариб имижимиз кўтариляптики, шуни бажариб қўйсак. Шунинг учун ҳам АҚШни айтдим. Шундай қудратли давлат ҳали бу нарсага тайёр эмаслигини айтиб, бу ҳужжатни қабул қилмаган. Бу ҳужжат жуда катта мажбуриятларни юклайди ва мен айтганимдек яқин йилларда уларни амалга ошириш жуда қийин. Чунки инфраструктура, саноат – ҳамма жойда ногиронларнинг ҳуқуқлари инобатга олиниши керак. Уларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш учун биринчидан қудратли бўлиш керак, иккинчидан қонун асосида яратилган шароит бўлиши лозим.
Ф.Н.: — Сизнингча, Ўзбекистонда имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари қайси босқичда? Уларнинг ҳуқуқлари қаерларда бузилмаяпти?
А.Т.: — Ногиронлар уйида, балки ҳуқуқлар бузилмаётгандир, лекин бошқа жойларда бузилишлар бор. Соғларда ҳуқуқ йўқ-ку...
LiveБарчаси