Ногиронларга оид қонун ишлаши учун амалдорлар аравачага михланиши керакми?
Таҳлил
−
03 Декабрь 2021
6349Бирданига кўзингиз кўрмай қолса, кўчага чиқа оласизми? Агар оёқларингиздан айрилиб имконияти чекланганлар қаторига кириб қолсангиз, машина бошқаришни ўргана оласизми? Тасаввур қилинг, ёлғиз кўчага чиқдингиз, аравачада ҳаракатланиб кетяпмиз, йўлнинг нариги қисмига эса фақат ерости йўли орқали ўтиш мумкин. Аравачада пастга тушиш учун махсус қурилма бор, лекин уни ишлатадиган одам йўқ. Бу вазиятда қандай йўл тутасиз? Сиз кўп қаватли бинонинг иккинчи қаватида турасиз, афсус у ерга чиқолмайсиз. Ҳамма бемалол кира оладиган метро, дўкон, банк, кафе у ерларга киришда сизнинг ҳамроҳингиз бўлиши шарт. Бир кун келиб ҳаммасидан чарчаб, нега мен ва мендайларга шароит йўқ, деб сўраганингизда эса тайинли жавоб ололмайсиз. Юқоридаги муаммолар сабаб Ўзбекистонда нечта одам азият чекишини биласизми?
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, 2020 йил маълумотига кўра, Ўзбекистонда 758 253 та имконияти чекланган фуқаро бўлиб, уларнинг 326 149 эркак, 432 104 нафари аёллар.
Имконияти чекланган фуқаролар ҳудудлар кесимида қуйидагича:
• Қорақалпоғистон Республикаси 53 745;
• Андижон 69 077;
• Бухоро 47 322;
• Жиззах 30 593;
• Қашқадарё 65 950;
• Навоий 33 551;
• Наманган 61 540;
• Самарқанд 77 240;
• Сурхондарё 62 469;
• Сирдарё 25 373;
• Тошкент 58 064;
• Фарғона 74 604;
• Хоразм 44 049;
• Тошкент ш. 54 676.
Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 22 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2008 йил 27 июнда маъқулланган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги (16.01.2021да ҳужжат кучини йўқотган) Қонунинг 11-моддасида, Ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма обектларига тўсқинликсиз киришини, транспортдан, транспорт коммуникацияларидан, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлашга доир вазифаларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, Қонунда назарда тутилган талабларни бажармаганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари МЖТКнинг 511-моддасига асосан Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан жавобгарликка тортилиши белгиланган.
QALAMPIR.UZ'нинг сўровига асосан Олий суд, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва судлар томонидан 2017-2020 йиллар мобайнида МЖТК 511- моддаси билан қанча мансабдор жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумотлар тақдим этди.
Маълумотлар ҳудудлар кесимида:
• 2017 йилда жавобгарликка тортилганлар йўқ;
• 2018 йилда 8 та иш кўрилиб, 8 нафар шахс жавобгарликка тортилган (Фарғона вилояти);
• 2019 йилда жавобгарликка тортилганлар йўқ;
• 2020 йилда 16 та иш кўрилиб, 16 нафар шахс жавобгарликка тортилган (Қашқадарё вилояти 6 та), (Қорақалпоғистон.Р. 2 та), (Навоий 1 та), (Сирдарё вилояти 1 та), (Сурхондарё вилояти 6 та).
Эслатиб ўтамиз, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири 2021 йил 16 январда кучга кирган. Орадан деярли бир йил вақт ўтди. Қонун ижроси қанчалик таъминланяпти, инсон ҳуқуқи қанчалик бузилмаяпти? Ушбу савол билан Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовuf юзландик.
“2021 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ишга тушди. Лекин ушбу қонун ҳали тўлалигича ҳаётга татбиқ этилгани йўқ. Бир мисол, қонуннинг 23-моддасида Ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ҳақида сўз боради. Унда “Ижтимоий-маиший ва маданий мақсадларга мўлжалланган қурилиш объектларини ҳамда реконструкция қилинаётган объектларни фойдаланишга қабул қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари давлат қабул комиссияси таркибига киритилган ҳолда амалга оширилади”, дейилган. Масалан, сиз дорихона қурсангиз, комиссия кўриб чиқади. Ўша комиссияда “ўт ўчириш хизмати ходимлари” “Санэпидстанция” вакиллари қатнашади. Қонун бўйича уларнинг қаторида ногиронлар ташкилотидан ҳам вакил бўлиши керак эди. Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ўша комиссиянинг таркибига кириши керак эди.
Ногиронлар ассоциацияси 14 та ҳокимиятга мана шу қонуннинг 23-моддасида айтилган: “Ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш”. Буларни бажариш юзасидан, Қурилиш oбектларини қабул қилиш давлат комиссиясига Ногиронлар ассоциациясининг вакилларини қўшишни сўраб хат жўнатган. Энг ачинарлиси, фақатгина Наманган ва Навоий вилоятларидан жавоб олдик ва улар бизни комиссиясига қўшишди. Мана, сизга қонун ижроси. Қонун ижросида умуман таъминланмади. Хатни февраль ойида ёзган эдик, ҳатто, жавобини ҳам олмадик. Буни қандай тушуниш мумкин?
Аслида, бу қонун лойиҳасини ногиронлар ассоциацияси ишлаб чиққан. Бунинг ташаббускори ҳам биз бўлганмиз. Қонун ёмон эмас. Афсуски унинг ижроси таъминланмаяпти”, дейди Исоқов
Ногиронлар ассоциацияси раиси давлат томонидан имконияти чекланганлар учун бериладиган уйлар ҳақида гапирар экан, ҳатто, ушбу уйларда ҳам ногиронларга шароитлар йўқлигини алоҳида урғулайди.
“Берилаётган уйларда "памдуслар" йўқ. Ванна ва ҳожатхоналар ногиронлар фойдаланишига мўлжалланмаган. Агар бизнинг вакилимиз давлат комиссиясида ўтирганида, бундай уйлар қурилишига имзо қўймас эди. Бизнинг вакилимиз комиссия таркибида бўлмагани учун шундай ҳолатлар кузатиляпти.
Янги қурилаётган объектлар ногиронларга мослаштирилмаган. Тўсиқсиз муҳит – энг катта муаммо. Қонунда ҳамма қурилаётган объектлар ногиронларга мослаштирилиши кераклиги айтилган. Афсуски, архитекторларда ҳам айб кўп. Улар қурилиш лойиҳасини тузаётганда, шу нарсаларни ҳисобга олмаяпти. Шаҳарсозлик нормалари, қоидалари бор. Архитекторларни ўзи бунга риоя этмаяпти. Биз архитекторлар бундай хатоликка йўл қўйишса, умуман лицензиясини олиб ташлаш таклифини беряпмиз”, дейди Ойбек Исоқов.
Бугун катта-катта давраларда туриб Янги Ўзбекистон қурамиз деб жар солаётган вақтимизда, айнан шу Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларига кўз юмилаётгани жуда ачинарли. Қонун йўқ эмас, бор. Лекин унинг ижроси қачон таъминланаркин? Албатта, шу қонунларни бузаётганларнинг ўзи аравачага михлангандами?!
LiveБарчаси